O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

“Аллоҳ таоло мўмин бандаларни хорликка узоқ қолдирмас”

“Аллоҳ таоло мўмин бандаларни хорликка узоқ қолдирмас”
251 views
18 September 2016 - 7:00

nabiyАлихонтўра Соғуний

ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ — 86

(давоми)

Учинчи моддани ёзар чоғида мусулмонлар эшитиб яна шовқин солдилар:

«Субҳаналлоҳ, бу қандай нотўғри ишдур? Куфрдин қочиб мусулмон бўлиб келган кишини душман қўлига қандоқ қайтариб берурмиз?» деб буни бек оғир олдилар.

Ҳазрати Умар:

— Ё Расулуллоҳ, бу ишга сиз нечук ризо бўладурсиз? Бизнинг бунга розилигимиз йўқ, — деди.

Расулуллоҳ табассум қилиб дедилар:

— Улардин иймон айтиб бизга қочиб келганларни қайтариб берурмиз, умид шулдурки, Аллоҳ таоло аларга нажотлик ато қилгай. Биздан муртад бўлиб кетганлар бўлса, Худо раҳматидан жудо бўлиб, лаънатга қолган кишилардур, андоқ кишилар шуларга лойиқдур. Раҳматдан кечганларни нечук талаб қилғали бўлур?

Мана шу сўз устида турган чоғларида Абу Жандал ибн Суҳайл кишанларини шалдиратиб қочган ҳолда мусулмонлар олдига келиб ўзини отди. Бу киши эса, шу ҳозирда Қурайш томонидан вакил бўлиб сўзлашаётган Суҳайл ибн Амрнинг ўғли эди. Уни мусулмон бўлганлиги учун қамоққа олмиш эдилар. Худди шу чоғда зиндондан қочиб, қўлоёқларига солинган занжирларни судраганича Расулуллоҳ ҳузурларига келди. Буни кўриб отаси Суҳайлнинг ғазаби алангалаб, тиканлик дарахтнинг шохи билан ўғлини бош-кўзига қарамай ургали турди.

Расулуллоҳдан рухсатсиз ҳеч иш қилишмаганликдан, унга ёрдам бериша олмай, ичлари оғриб, саҳобалар йиғлашдилар.

Анда Суҳайл Расулуллоҳга қараб:

— Эй Муҳаммад, ўртамизда қилинган сулҳ шартларининг ҳукмини биринчи навбат ижро қилиш вақти келди, — деб ўғлини уриб судрагали турди. Ўғли Абу Жандал товуши борича фарёд қилиб:

— Эй мусулмонлар, мени кофирларга нечун қайтариб берурсизлар? Кўз олдингизда қандоқ зулм қилаётганини кўриб турибсиз, энди мени динимдан ажратмоқ қасдида турлик азоблар билан қийнагайлар, — деб қаттиқ қичқирди.

Буни кўриб, мусулмонлар зиёда ғамгин бўлдилар. Шундоқ бўлса ҳам Расулуллоҳнинг ҳукмларига бўйсунмоқдан бошқа чоралари йўқ эди. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ишни Аллоҳ амри билан қилмиш эдилар. Ул зот Абу Жандалга айтдилар:

— Сен бу ишга кўп хафа бўлмай сабр қилгил, Аллоҳ олдида улуғ ажрга эга бўлгайсан. Бу яқин орада Аллоҳ таоло сизларни ёруғликка чиқаргай. Начора қилғаймиз, ўртамизда аҳднома ёзилиб қўл қўйилди, буни бузмоқ — хиёнат қилмоқдир. Энди сабр қилмоқдан ўзга чорамиз йўқдур. Буни аниқ билгил, Аллоҳ таоло мўмин бандаларни хорликка узоқ қолдирмас. Яқин орада Аллоҳнинг ёрдами сенга ва сенга ўхшаганларга етишгай, — дедилар. У ҳам Расулуллоҳ сўзларидан тасалли топиб, сабрга бўйсунди.

Сулҳнома ёзилиб тамом бўлгач, Хузўа қабиласининг раислари ўринларидан туришиб:

— Бизлар Муҳаммадга қўшилдик. Анинг дўстлари бизнинг дўстларимиз, душманлари бизларнинг душманларимиздур. Орқамизда қолган қавмларимизнинг аҳди бизнинг устимизга, — деб ўзларининг Расулуллоҳ билан иттифоқдош бўлганликларини билдирдилар.

Буни кўриб, Бану Бакр қабиласининг раислари Қурайш иттифоқига қўшилишни ихтиёр қилдилар. Қачонки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сулҳ ишидан бўшадилар эрса, саҳобаларнинг улуғларидан қуйидаги кишилар бу сулҳномага шоҳид бўлдилар: Абу Бакр Сиддиқ, Умар ибн Хаттоб, Усмон ибн Аффон, Абдураҳмон ибн Авф, Саъд ибн Аби Ваққос, Убайда ибн Жарроҳ, Муҳаммад ибн Маслама, разияллоҳу анҳум. Қурайш томонидан эса Хўйтоб ибн Абдул Уззо, Микраз ибн Ҳафс ва бошқалар шоҳид бўлдилар.

Лекин бу сулҳнинг тамом бўлиши кўп қийинлик билан қўлга келди. Чунки саҳобалар қайтақайтадан Расулуллоҳга келишиб, сулҳ шартларини ўзгартиришни талаб қилдилар. Мундоқ бўлмас эрса, урушга тайёр эканликларини билдиришди. Айниқса, Ҳазрати Умар бошқалардан ортиқроқ бу ишга қаршилик кўрсатиб, Расулуллоҳга норозилик билдирди.

Анда Расулуллоҳ айтдилар:

— Эй Умар, мен рози бўлғон ишга нечук сенинг розилигинг йўқдур?

Бу сўзга қарши Ҳазрати Умар:

— Ё Расулаллоҳ, сиз Худонинг ҳақ пайғамбари эмасмисиз, бизлар ҳақлик узра бўлиб, кофирлар ботиллик узра эмасларму? Биз ҳақ дин узрадурмиз, кофирлар эса ботил дин узрадурлар. Биз ўлдурулсак жаннатга киришимиз, кофирлар эса дўзахга кетишлари аниқ эмасму? — дедилар.

Анда Расулуллоҳ:

— Албатта, аниқдур, — дедилар.

— Энди сўз шундоқ эрса, биз нечук бу хорлиққа рози бўламиз? Бу шартномадаги оғир шартларни қабул қилмоқ биз учун ҳақоратдур.

Анда Расулуллоҳ айтдилар:

— Эй Умар, мен бўлсам Худонинг пайғамбаридурман, унга қаршилик қилмасман, ул мени ҳеч вақт ёрдамсиз ташламагай.

Бу жавобдин сўнг Ҳазрати Умар ҳам розилик берди, бу иш Аллоҳ изни билан бўлаётганини билгач, яна савол қилдилар:

— Ё Расулаллоҳ, бу сафарга чиқар чоғимизда Макка шаҳрига киргаймиз. Байтуллоҳни тавоф қилгаймиз, деб айтган эдингиз. Энди бу сулҳноманинг шартларига кўра Маккага кирмай, Байтуллоҳни зиёрат қилмай, Мадинага қайтмоқчи бўлдик. Бундай бўлгач, бу ҳақда айтган хабарингиз қандоқ бўлди? — деди.

Анда Расулуллоҳ:

— Эй Умар, Маккага кириб, Байтуллоҳни зиёрат қиламиз деганим аниқдур. Аммо шу йили Маккага кирамиз деб айтганимни эшитдингми?

Ҳазрати Умар:

— Эшитганим йўқ, ё Расулаллоҳ, — дедилар.

Расулуллоҳ:

— Андоқ эрса, албатта бу айтган сўзимнинг бўлиши ҳақдур. Келаси йили Макка шаҳрига кириб, Байтуллоҳни зиёрат қилурмиз, — дедилар.

Расулуллоҳ деганларидек, бир йилдан сўнгра шу келган аскарлар Маккага келиб, Байтуллоҳни зиёрат қилдилар. Шунинг билан сулҳнома ёзилиб бўлгач, Ҳарамга аталган туяларни сўйиб, гўштларини фақирларга тақсим қилиб бермакка буюрдилар. Бу туяларнинг сони етмишга яқин бор эди. Булар ичида бир буғро туя бўлиб, анинг Арабистонда номи чиққан эди. Ул эрса илгари замонда Абу Жаҳлнинг туяси эди. Бадр урушида Абу Жаҳл ўлдирилиб, бу туя ўлжа олинмиш эди. Сулҳ тамом бўлгач, бу аталмиш туяларни келтириб сўймоқчи бўлдилар. Шу вақтда бу туя қочиб Маккага кириб, Абу Жаҳлнинг қўрасига бориб тўхтади. Туя орқасидан Амр ибн Ғанама деган саҳоба қувлаб етиб келди. У киши эрса ансор саҳобаларидан эрди. Макка мушрикларининг ёш-яланглари бу туяни кўришиб, уни бермаслик учун жанжал қилдилар.

Анда Суҳайл ибн Амр:

— Агар бу туяни олмоқчи эрсангиз, бунинг баҳоси учун Муҳаммадга юз туя тенглаб кўринглар. Агар қабул қилур эрса, у чоғда олсангизлар бўлур. Йўқ эса, бу туяга тегина кўрманглар. Тузган аҳдномамизни ўзимиз бузган бўлурмиз, — деб аларни қайтарди.

Шунинг билан бир туяга юз туя бермоқчи бўлишиб, ўртага киши қўйдилар. Анда Расулуллоҳ:

— Агар Байтуллоҳга ҳадя қилиб аталмаган бўлса эди, бу юз туяни қабул қилур эдим. Худо йўлида аталган нарсани ўзгартиб бўлмағай, — деб сўзларини рад қилдилар.

Шунинг билан барча туялар бўғизланиб, гўштлари фақир-мискинларга тарқатилди. Ҳадйи бор саҳобалар ҳам Расулуллоҳга эргашиб, шундай қилдилар.

Шу билан бу муборак сафар охирига етди. Бу жойда йигирма кун турғонларидан сўнгра, Мадинага қараб қайтдилар.

(давоми бор)