O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

“Аллоҳ яхши кўрган бандаларини Ислом динига бошлагай”

“Аллоҳ яхши кўрган бандаларини Ислом динига бошлагай”
269 views
27 May 2017 - 9:00

Алихонтўра Соғуний

ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ — 167
(давоми)

БАНИ БАЛИЙ ҚАБИЛАСИНИНГ ЭЛЧИЛАРИ

Бани Балий қабиласининг раислари эрса Абу аз-Зубайб деган киши эди. Алар шу қавмдан ёлғиз ўзи илгарироқ келиб иймонга мушарраф бўлган Рувайфеъ деган саҳобанинг уйига келиб тушди.

Бу киши эрта билан меҳмонларини бошлаб Расулуллоҳ зиёратларига чиқди. Ул зот саҳобалар билан масжидда ўлтирган эдилар. Алар Расулуллоҳни кўриб салом беришди эрса:

— Эй Рувайфеъ, булар кимлардур? — деб сўрадилар.

— Ё Расулаллоҳ, булар меним қавмим бўлурлар. Ўзлари иймон келтириб ва ҳам қавмлари тарафидан элчи бўлиб келибдурлар, — деди.

Анда Расулуллоҳ:

— Эй Рувайфеъ! Сенга марҳабо, хуш келдинг, сенинг қавмингга марҳабо. Аллоҳ яхши кўрган бандаларини Ислом динига бошлағай, — дедилар.

Раислари олға ўтиб, Расулуллоҳга яқин келиб ўлтирди. Сўнгра:

— Ё Расулаллоҳ, биз сизга иймон келтиргани келдик. Сиз Аллоҳ юборган ҳақ Пайғамбар экансиз, энди аниқ билдик. Ислом динидан ўзга динларни, яхши-ёмон расм-одатларини барини ташладик, — деди.

Анда Расулуллоҳ:

— Ҳамду сано ул Худогаким, сизларни Ислом динига киргизди. Аввалги динингизда қолиб ўлганлар тамуғ ўтида бўлғайлар, — деб.

У яна айтди:

— Ё Расулаллоҳ, мен эрсам қўноқсевар киши эрурман. Ош-овқат бериб меҳмон кутишни яхши кўрурман. Шу қилган ишимдан мен учун ажр-савоб бўлурми? — деб сўради.

Анда Расулуллоҳ:

— Келган қўноқларинг бой-камбағал бўлсин, уларга берган зиёфатинг эрса Худо йўлида садақа қилғудек бўлур. Албатта, ундан ажр-савоб олурсан, — дедилар.

У яна сўради:

— Меҳмоннинг зиёфатини қилмоқ неча кунгача уй эгасига лозим бўлур?

Расулуллоҳ айтдилар:

— Келган меҳмонни уч кунгача кутмак вожибдур. Бундан ортиғи садақа бўлур.  Меҳмонга лозимдурки, тушган жойига оғир келгудек иш қилмагай.

— Ё Расулаллоҳ, эгаси йўқотган қўй-эчкиларни чўлларда топар бўлсам, уларни олғали бўлурму?

— Албатта, уни олишинг керакдур. Йўқ эса бўриники бўлур. Сўнгра эгаси чиқар эрса, беришинг лозимдур.

— Агар йўқолган нарса туя бўлса, унга йўлиқиб қандоқ қилурмиз? — деди.

— У билан ишинг бўлмагай, эгаси ўзи топиб олгай,— дедилар.

Шу билан Расулуллоҳ олдиларида уч кун туришиб, сўнгра ўз элларига қайтдилар.

(давоми бор)