Шоир Юсуф Жумага даъват мактуби
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим
Сизнинг “ижодингизнинг” охирги намуналарини ўқиган ўзбекларнинг, хусусан муҳожиратдагиларнинг нафаслари ичига тушиб кетди. Улар бу ёзганларингиздан қайғуга тушдилар, баъзилари эса нафрат билан ерга тупурмоқдилар. Бунинг сабаби сиз уларнинг наздида мазлум шоир, яъни Ўзбекистондаги ҳозирги диктаторлик режими қамоққа солиб қийнаган мухолиф бир ижодкор эдингиз. Аммо сизнинг “Бeш-ўн шeърим қoлсa қoлaр,
қoлмaсa ҳaм фaлoнимгa!”, дейишингиз билан сиз ҳақингиздаги зоҳирий ҳақиқат барчага аён бўлди. Яъни, бу билан сизни ўзбек халқига боғлаб турадиган ҳеч бир қадриятга ўрин қолмади. Балки шу сабабдан юзингизга тупуриш имкони бўлмаганлар жаҳл билан ерга тупураётган бўлишлари мумкин…
Аммо мен ҳозир фақатгина бу зоҳирий ҳақиқатни сизга айтиш учун қўлимга қалам олмадим. Дунё тарихида ўз халқига турли сабаблар билан “оқ” бўлганларнинг ўрнаги сон саноқсиздир. Менинг бу мактубни ёзишдан мақсадим сизнинг ботиний ҳақиқатингизни юзага чиқаришга уринишдир. Уриниш деяпман, чунки қалбларнинг сирини фақатгина Аллоҳ таоло билади. Менимча сизнинг фожеангиз Ҳақ тарафидаман, дея ботил йўлдан юришдир. Яъни, Бухородан Тошкентга бораман, дея отни Афғонистон томонга суришдадир…
Билингки ҳақиқат менинг бу сатрларимда ҳам сизнинг васваса маҳсули шеърларингизда ҳам эмас. Ҳақиқат унинг Эгасининг Каломида, яъни Қуръони Каримдадир. Ҳақиқат маънодир, маъносизлик эса ботилдир, фойдасиздир, инсоннинг юзини қора қиладиган мудҳиш бир буёқдир. Бундай маъносизлик сўзда ҳам, амалда ҳам бўлиши мумкин. Маъносизликнинг қадри йўқдир, ўзбекчасига айтганда бир пулга қимматдир…
Аллоҳ таоло айтади:
«Агар ширк келтирсанг, албатта, амалинг ҳабота (беҳуда) бўлади ва, албатта, зиёнкорлардан бўлурсан (Зумар сураси 65)
Ҳақиқат бу ушбу ояти каримада ифодаланган ҳақиқатдир: яъни кимки Аллоҳга шерик келтирса (ширкга йўл қўядиган бўлса), унинг амаллари “ҳабота” бўлади. “Ҳабота” маъносиз бўлади, қадри қолмайди, қилинган иш беҳуда кетади, Аллоҳ таоло қабул қилмайди, деганидир. Яъни, ширк билан қилинган амаллар унинг соҳибига ҳеч қандай фойда бермайди. Агарда у тоғлар қадар олтин қазиб олган бўлса ҳам. Агарда бу тоғлардан ўзига олтин қабр ясатган бўлса ҳам. Унинг қабри қуёш нурида жилвалансада, аммо бу қабрда унинг ҳамкорлари илонлар ва чаёнлар бўлади, холос.
Сиз бугунга қадар ўзингизни ҳақиқат тарафидаман, дея “ижод” қилиб келмоқдасиз. Аммо ҳақиқатга зарра қадар яқинлашганингиз йўқ. Чунки сиз Аллоҳ таолога Унинг Ўзи талаб қилган шаклда имон келтирмагансиз. Билингки, имон икки хилдир: тавҳидли имон ва ширкли имон. Қуръони Каримда Аллоҳ таоло тавҳидли имонни улуғлади, ширкли имонни эса ерга урди. Чунки ширкли имон эгаси (мушрик) ҳам умуман имонсиз бўлмайди. Фақат унинг имонига ширк аралашган бўлади. Бунинг мисоли асалга заҳар аралашгани кабидир. Бу асал ташқаридан қаралганда асал бўлиб кўринади, аммо уни еган инсон мутлақо ўлади. Худди шундай мушрик киши ҳам Аллоҳ таолонинг борлигига ишонади, аммо Унинг ягона Роблигига ва Илоҳлигига рози бўлмайди. Бир мушрик менинг Аллоҳдан бошқа Илоҳларим бор, мен уларда асло воз кеча олмайман, дея дод вой солади. У балки отасининг ягона оталигини қабул қилар, аммо Аллоҳнинг ягона Илоҳлигини қабул қилмайди. Худди сиз Аллоҳ, Тангрим, дея шеър ёзганингиз ва айни пайтда Муқаннапараст бўлганингиз каби. Муқанна бир мушрик эди ва кимки унинг тарафида бўлса, миллион марта Аллоҳ деса ҳам Аллоҳ таоло бундай одамнинг гапини қабул қилмайди. Худди бир одам ўз отасини миллион марта “отажон”, десаю, бир марта бегона одамни ҳам бу ҳам менинг отамдир, дегани каби. Бундай сўзни айтган одамни ўз отаси “оқ ” қилади. Аллоҳ таоло эса ўзига ширк келтирган банданинг юзини “қора” қилади. Аллоҳ қора қилган юзни эса энди ҳеч ким оқ қила олмайди. Шундай экан, сизнинг муқаннапарастлик билан айтаётган назмингиз, насрингиз ва шу бугунга қадар қилиб келган барча ишларингиз “ҳабота”дир…Бошқача сўз билан айтганда “фалонингиз” билан ўзбек халқига қандай бегона бўлган бўлсангиз, Муқаннангиз билан, Аллоҳ таолонинг ризосига ҳам бундан миллионларча (даражасини Аллоҳ билади) даражада бегонасиз. Бегонасиз, чунки Ҳитлер ҳам, Сталин ҳам ўзларини тўғри, рақибларини нотўғри йўлда, дея билган эдилар. Аммо иккаласи ҳам золим ва ғаддор эди. Бу маънода сизнинг ва сизга ўхшаб Ҳақ йўлдан адашганларнинг ҳозирда Ўзбекистонни бошқараётган золим Ислом Каримов ва унинг маддоҳларидан ҳеч қандай фарқингиз йўқ. Тарих ўзларини “ҳақ”, дея бир бирининг гўштини еган бундай “ҳақпарастларнинг курашларига” кўп марта саҳна бўлган. Чунки ҳақиқий кураш Ҳақ Эгасининг йўлида бўлади, акс ҳолда инсон мен ҳам курашчиман, дея ўзини алдаб, чўлда чириган хазонлар каби ном нишонсиз йўқ бўлиб кетади…
Сиз мусулмонлар жоҳил, ҳар хил гуруҳларга бўлинган, бир бирини ейишга тайёрдирлар, дея ўзингизнинг “оқ” ақидангизни ва амалларингизни янада оқлашга уринманг. Чунки ҳақиқат турли тоифаларга бўлиниб кетган мусулмонларнинг” ҳақиқати” эмас, Аллоҳ таолонинг ҳақиқатидир. Чунки мусулмонларнинг юзи Ислом динининг юзи эмас, Ислом дини ҳақиқий мусулмонларнинг юзидир. Мусулмоннинг гуноҳи Исломнинг гуноҳи эмас, Исломнинг нури мусулмоннинг юзининг нуридир. Инсонларнинг дин масаласида қиладиган энг муҳим хатоларидан бири мусулмонларга қараб Исломга баҳо беришларидир. Ҳолбуки, улар Исломга қараб, ўзларини мусулмонмиз, дейдиганларга баҳо беришлари керак эди…
Сиз Туркистон бирлашсин, дея “қайғурасиз”, аммо сиз ва сизга ўхшаганларнинг ҳоли Туркистонга хиёнатдан бошқа нарса эмас. Сиз кўкларга кўтариб мақтайдиганлардан бири “Туркистон”, “Туркистон”, “Мадаминбек” деб бақирадию, сўзининг охирида менга жаннат керак эмас, ватаним етар, дейди. Ақлсизлик ва жоҳиллик шу даражада. Ахир Туркистонни машҳур қилган унинг имонли фарзандларининг, яъни Аллоҳ таолонинг жаннатини истаб, илмини, ақлини, молини ва жонини Ҳақ йўлга тикканларнинг фидокорлиги эмасми? Мадаминбек Аллоҳ таолонинг ризоси учун, Ҳақ йўл учун, бу дунё ҳаётидан жаннатни устун кўргани учун шаҳид бўлмадими? Бугунги Туркистонда шу ўтган йигирма йилда нималар бўлмади, ахир? Эски хонларнинг зулмидан баттар зулм ҳам (Ўзбекистонда), қўзғолон ва фуқаролар уруши ҳам (Тожикистонда), ҳукуматларни ағдариш ҳам (Қирғизистонда), бир инсонни Илоҳ, дея унинг олтин ҳайкалларини майдонларга ўрнатиб, шу ҳайкалларга бандалик қилиш (Туркманистон), хуллас жоҳилликнинг минг кўринишини кўрди Туркистон бугун. Қўзғолонлар ҳам, фуқаролар уруши ҳам, сиз ўлиб тирилиб бошқаларнинг “хоинлиги” натижасида амалга ошмай қолди, дея афсус чекаётган ҳукуматларни қувиш ҳам Туркистонни тирилтира олмади. Чунки Туркистонни Туркистон қилган имон покланмади. Чунки биз орзу қилаётган Туркистоннинг пойдевори ҳам, чўққиси ҳам ширк билан нажасланган имон эмас, тавҳид билан жилваланган имондир. Кошки шаҳвоний “илҳомдан” кўр бўлган кўзларингиз шу пок имон билан очилсада, ҳақиқатни бир кўрсангиз?
Надоматлар бўлсинким, ўзингиз ҳақиқатни билмагангиз ҳолда пир ва бузрукликга Ислом дини масаласида ўзингизданда жоҳилроқ бир кишини, яъни Абдураҳим Пўлатовни танладингиз. Бу одам Аллоҳ таоло фарз қилган ибодатларни (масалан, кунда беш вақт намоз ўқишни ) фарз эмас, ҳаром қилган нарсаларни (масалан, судхўрликни) ҳаром эмас, дея диндан чиққан кишидир. Бундай иддоа менгагина оид эмас. Мен бу гапни аввал ҳам сизга айтганман: Ислом динини биладиган кишиларга боринг, менинг устозим Аллоҳ фарз қилган ибодатларнинг фарзлигини, ҳаром қилган нарсаларнинг ҳаромлигини, рад қилади, шунга нима дейсизлар, дея сўранг. Илм аҳллари сизга бу одамнинг куфрини бутун далиллари билан исботлаб беради.Бу одам аввал коммунист бўлганлигини ҳисобга оладиган бўлсак, ҳеч қачон дину имонга алоқаси бўлмаган ҳам бўлиши мумкин. Мана шу одам ўзининг нафсининг туғёнлари билан инсон борки ҳаммасини қорамолликда айблаб келмоқда. Зеро, Аллоҳ таолога куфр келтирган, шу Буюк Зотга “оқ” бўлган юзсиздан нима ҳам кутиб бўларди?. Аллоҳ таолога муҳаббати бўлмагандан инсонларга ҳурмат ва шафқат кутишнинг ўзи ҳам ақлсизликдир…
Бу одам ўз мухолифининг улоқни олиб кетишидан қўрқанлиги учун ва айниқса энди қариб қартайиб, ўз умрининг ягона мақсади бўлган Ўзбекистонга раҳбарлик қилиш каби “олий” даражага эришишдан маҳрум бўлдим, дея ҳисоблаётгани учун ҳаммага ғазаб ва нафрат тошларини отмоқда. Ҳолбуки, пок имон соҳиби бўлганда ва Аллоҳ таолонинг мана бу оятини ўрганганда бу масалада асло ўзини у томондан бу томонга уришига ҳожат қолмаган бўларди:
“Айтинг (эй Муҳаммад): «Эй барча мулкнинг эгаси Роббим! Хоҳлаган кишингга мулк берурсан ва хоҳлаган кишингдан мулкни тортиб олурсан, хоҳлаган кишингни азиз қилурсан, хоҳлаган кишингни хор қилурсан. Барча яхшилик Сенинг қўлингда. Албатта, Сен ҳар бир нарсага қодирсан.” (Оли Имрон сураси 26)
Узун гапнинг қисқаси сиз ҳам, бузругингиз ҳам Аллоҳ таолонинг йўлида эмассизлар. Ҳақ йўлга келасизларми, йўқми, буни ҳам Аллоҳнинг Ўзигина билади. Аммо Қуръони Каримда айтилгани каби Аллоҳ золим ва фосиқларга ҳидоят бермайди.
Аллоҳ таолога бандаликни қабул қилмаганларнинг ёки бу бандаликда ширк келтирганларнинг бирор халқга оид бўлишлари ёки ўз халқини қорамол, дея ундан воз кечишларининг эса зарра қадар аҳамияти йўқ. Хуллас, сизлар ҳозирча Яратганга ҳам, яратилганларга ҳам бегонадирсизлар. Шундай экан, айтаётган сўзларингизнинг ва қилаётган ишларингизнинг “ҳабота” эканлигини билиб қўйингизлар. Токи Ҳақ йўлга келмас экансизлар бу ҳақиқат ўзгармайди. Ҳақиқатнинг эса юзи ёруғ, унга қарши чиққанларнинг эса юзлари қорадир…
Аллоҳ таолонинг саломи, раҳмати, марҳамати ва мағфирати Унинг ҳидоятига эргашганларга бўлсин! Омин!
Намоз Нормўмин, 15 февраль, 2012 йил.