O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Амалдор бўлиб гўрам қилганим йўқ…

Амалдор бўлиб гўрам қилганим йўқ…
163 views
05 August 2019 - 21:59

Мурод Муҳаммад Дўст:

“Амалдор бўлиб гўрам қилганим йўқ. Фақат вақт кетгани қолди. Амалдор-памалдор бўлиб юрган пайтимда ҳам ўзимга ярим мазах билан қарардим. Ўзимга кулиб қараш одати болаликдан бери бор. Доим ўзимни атрофдан туриб томоша қилганман. Баъзида эсдан чиққан — ҳаволанган пайтлар ҳам бўлган. Барибир одамга мансаб ёқади. Жиянларим бирам кўпайиб кетган. Қариндош кўпаяди, дўстлар кўпаяди. Кўтариш жуда қийин.

Ҳамма сени талантлисан дейди. Ўзимни талантли эмаслигимни билардим-у, лекин ёқарди-да. Ишонгим келарди. Сиёсатчи Маҳатма Гандига ўхшаши керак. Битта довоти, битта ручкаси, лекин шиппаги иккита бўлган! Барибир шиппаги иккита бўлган экан. Яна бир нотўғри ишга йўл қўйганлар, Лондонга борганда плашч кийганлар. Чунки совуқ. Одамнинг атрофида қариндош-уруғлар бўлмаса жуда катта ишлар қилиши мумкин. Ўшанда халқ ҳам ишонади. Ганди манфаатларни сидириб ташлаб, ўзини ҳиндиларнинг равнақига бағишлаган ШАХС-да! У идеал! Етиб бўлмайди. Лекин унга етишиш ҳақида ўйлаш керак. Ҳа, ёзувчи ютқазди.

Кўп нарсаларни тушунаверсангиз ҳафасала пир бўла бошларкан, завқ йўқолади. Шундай қарайсиз-да, бу хатти-ҳаракат тагида нима ётганини тушунасиз. Мен шу ҳикояни ёзсам дунё ўзгарадими деб ўйлайсан. Ҳеч нарса ўзгармайди. “Лолазор”нинг давоми бўладими деб кўп сўрашади. Давоми бўляпти-ку! Ҳеч нарса ўзгаргани йўқ… Ҳукумат тепасига ҳалол-тоза одамлар келса халқ ютади. Ҳалолликданам кўра юксак дидлар керак.

Дунё сиёсатини, дунё маданиятини, дунё цивилизациясини тушунадиган, кенг фикрлайдиган, юксак даражада фикрлайдиган шахслар… Ўшанда ҳаммаёқ лолазор бўлиб кетмайди. Ҳам маданиятни, ҳам адабиёт ва санъатни, камида дипломатияни тушуниш жуда қийин иш-да.. Путин “Ганди ўлгандан кейин гаплашадиган одам ҳам қолмади”, деганди..”

facebook.com