ТАНБЕҲУЛ ҒОФИЛИЙН
АБУ-ЛАЙС САМАРҚАНДИЙ
(2)
Абуллайс Самарқандий ҳақида
Муфассир, муҳаддис, фокиҳ ва мутасаввуф бўлган Абуллайс Самарқандий ҳазратлари инсон сифатида муттақий илмига амал қилган буюк зот эди.
Абуллайс Самарқандий ҳазратлари ҳижрий 373(милодий 983) йилида вафот этди. Туғилган йили номаълум.
Қўлингиздаги бу китоб минг йилдан бери ислом оламида ўз қийматини йўқотмаган, юзлаб олимларга илҳом қайноғи бўлган ва мусулмонлар учун маёқ ролини ўйнашда давом этаётган бир баракатли, қутлуғ асардир.
Абулайс Самарқандий “илми билан омил” бўлган буюк олимдир.
“Танбеҳул ғофилийн” асари ҳам ахлоқ, ҳам шариат, ҳам тасаввуф ҳақида теран билгилар беради.
Қўлингиздаги китобнинг оригинал матни ҳижрий 1306 йилда Қоҳирада “Матбом хайрия” нашриётида босилган. “Танбеҳул ғофилийн”нинг арабча нашрларидаги китобларнинг ҳошияларида Абуллайс Самарқандийнинг “Бўстон-ул орифийн” асари битилгандир. Оллоҳ насиб қилса, уни ҳам ўзбекчага таржима қилиб, сизларга тақдим этамиз.
Муҳаммад Солиҳ
* * *
(давоми)
Ҳотами Тойдан (Оллоҳ ундан рози бўлсин) ривоят этилишига кўра, Пайғамбаримиз алайҳисаллом шундай деган: “Қиёмат куни бир гуруҳ аввал жаннатга юборилади, кейин улар жаннатга яқинлашиб, унинг хуш бўйларини туйиб, кўшклар ва у ердаги неъматларни кўришганида, бирданига ёнидаги муҳофизларга “уларни орқага қайтаринг!”, уларни жаннатда ери йўқ”, деган буйруқ келади.
Бу гуруҳ буюк пушаймонлик ичида, ҳафсаласи пир бўлиб, шундоқ жаннатнинг ёнидан қайтиб кетар экан, “Эй, Раббимиз, кошки, дўстларингга ҳозирлаган бу неъматларингни кўрсатмасдан бизни жаҳаннамга юборсанг эди!”, дейдилар.
Шунда Оллоҳу Таоло уларга:
Буни сизларга махсус кўрсатдим. Чунки сизлар гердайиб, мени менсимасдингизлар, инсонлар олдида эса камтарлик кўрсатардингиз. Уларга яхши амалларингизни кўз-кўз қилиб, қалбларингизда у амалларга тескари туйғуларни ташир эдингизлар. Инсонлардан ҳадиксираб, мендан ҳадиксирамас эдингизлар. Одамларга ҳурмат кўрсатиб, менга кўрсатмасдингизлар.
Одамлар учун баъзи нарсаларингизни фидо этиб, менинг ризом учун бирор нарсангиздан воз кеча олмасдингизлар. Мана шунинг учун бугун сизни савобимдан маҳрум этиб, азобимдан торттираман”, деяжак”.
Ибн Аббосдан (Оллоҳ ундан рози бўлсин) ривоят этилишича, Пайғамбаримиз алайҳисаллом шундай деган:
– Оллоҳу Таоло Адм жаннатини яратиб, у ерда кўз кўриб, қулоқ эшитмаган неъматларни бор қилар экан, унга “гапир!”, дея амр этди. Адм жаннати уч карра “мўъминлар қутулди”, ва сўзини шундай тамомлади: “Мен бутун хасисларга, риёкорларга ва мунофиқларга ҳаромман”, деди.
Али бин Абу Толиб (Оллоҳ ундан рози бўлсин) дейди: “Риёкорларнинг аломати тўрттадир:
1.Ўзи ёлғиз экан, танбал, ланж ва мижғов ҳаракат қилади.
2.Бошқалар ёнида ғайратли, чаққон ва ишчан кўринади.
3.Мақтов эшитса кўпроқ иш қилади.
4.Танқид қилинса, ерга урилса амалларини озайтиради.
Машҳур сўфи Шақиқ бин Иброҳим шундай дейди:
Шу уч нарса амалларни худди қалъа каби қуршаб, ҳимоя қилади:
1.Инсон ўзининг ишлаган амалларини Олоҳу Таолонинг инояти ўлароқ билиши ва ичида пайдо бўлажак ғурур ва манманликка бу шаклда тўсиқ бўлиш;
2.Ишланган амал билан фақат Оллоҳ ризосини истаб, нафснинг ҳою-ҳавасларига тўсиқ бўлмоқ.
3.Инсоннинг ишлаган амаллари савобини фақат Оллоҳдан кутмоқ ва бу билан риё ва эҳтирослардан сақланмоқ”.
Бу уч тадбир амалларни холис бўлишини таъминлайди.
Шақиқ бин Иброҳимнинг “ишланган амални Оллоҳ инояти” деб билишнинг маъноси, агар инсон шундай деб билса, бундан ғурурланишга сабаб қолмайди ва инсон Оллоҳга шукр қилади.
“Ишланган амални фақат Оллоҳ ризосини истаб қилиш”нинг маъноси эса шу: одам бир амални, агар у Оллоҳ ризоси учун бўлса, қилади, агар бунинг нафс орзуси билан қилинаётганини сезса, уни қилмайди. Зеро, Оллоҳу Таоло “ҳеч шубҳасиз, нафси аммора ёмонликни амр этар”(“Юсуф” сураси,53).
Яъни нафс ўз орзуларига бўйсунишни буюради.
“Амал савобини фақат Оллоҳдан кутиш”нинг маъноси шу: амал ишлар экан, одамларнинг нима дейишини қатъиян ўйламай, холисона Оллоҳ ризосини ўйлаш демакдир.
Аҳли ҳикматдан бир зот бу мавзуда шундай деган: “Ҳар қандай амал ишлашни истаган киши чўпоннинг қоидаларига риоя этиши керак. Чўпон қўй сурувининг ёнида намоз қилар экан, у намози учун қўйлардан мақтов кутмайди. Амал ишлаётган киши бу амални одамлар ёнида ҳам, ёлғиз ҳолда ҳам ҳеч кимдан мақтов кутмасдан қилиши лозим”.
Яна бир ҳикмат аҳли дейди: “Амалларнинг қусурсиз, камчиликсиз бўлиши учун шу тўрт нарса керак:
1.Амални қилмасдан олдин, у ҳақда билги соҳиби бўлиши лозим. Чунки амал шу билги туфайли қусурсиз бўлиши мумкин
2.Амалга бошлар экан, ният қилиш лозим. Амални қусурсиз қиладиган нарсалардан бири ниятдир. Зеро, Пайғамбаримиз алайҳиссалом “Амаллар фақат ниятларга боғлиқдир. Инсон нимани ният қилса, уни қўлга киритиши мумкин”, деган.
Маълумки, рўза, намоз, ҳаж, закот каби ибодатлар ният бўлмасдан туриб, қусурсиз бўла олмайдилар.
3.Амални ишлар экан, сабр этиш лозим. Ишни сукунат ва ишонч билан юритиш керак.
4.Амал ишланар экан ихлосли бўлиш лозим. Ихлоссиз амал қабул этилмас. Ихлос билан қилинга амални Оллоҳу Таоло қабул қилгани каби, амал соҳибини инсонларга яхши ҳам кўрсатади”.
Риивоят этилишича, Ҳуррам бин Ҳайён шундай деган экан: “Қул қалби билан Оллоҳга йўналса, Оллоҳ ҳам мўъминларнинг қалбларини унга йўналтиради ва бу шаклда мўъминларнинг севги ва марҳамати унга ризқ қилинади”.
Абу Ҳурайрадан (Оллоҳ ундан рози бўлсин) ривоят этилишича, пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деган:
“Оллоҳу Таоло бир қулини севса, Жаброилга “мен фалон қулимни севаман, уни сен ҳам сев”, дейди. Жаброил ўз навбатида малакларга “Роббингиз фалончини севади, уни сиз ҳам севингиз”, дейди. Малаклар у кишини севишганида ер юзида ҳам бу кишига меҳр-муҳаббат пайдо бўлади.
Агар Оллоҳу Таоло бир қулидан нафрат этса, аҳвол юқорида айтилганнинг тексариси бўлади”.
Сўфи Шақиқ бин Иброҳимдан бир киши халқ менга “солиҳ инсон”, дейди, аммо мен ҳақиқатан ҳам Солиҳ инсонманми? Буни қандай билишим мумкин?” деб сўрайди. Шақиқ унга шундай жавоб беради: “Буни билишнинг учта йўли бор: Биринчиси, сен солиҳларнинг ёнида кўнглингни бўлгани каби оч. Агар солиҳлар сенинг ич дунёингни ёқтирсалар, сен солиҳсан. Ёқтирмасалар сен солиҳ эмассан.”
Иккинчиси, сен қалбингга дунёни тақдим эт. Агар қалбинг дунёни рад этса, сен солиҳсан.
Учинчи йўл шу: нафсингга ўлимни тақдим этиб кўр. Агар нафсинг ўлимни истаса, сен солиҳсан. Агар истамаса, сен солиҳ эмассан.
Агар бу учта аломатнинг учтаси ҳам сенда бор эса, амалингга риё аралашмаслигини тилаб, Оллоҳга дуо қил”.
(давоми бор)
Муҳаммад Солиҳ таржимаси