O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Амалсиз Конституциянинг 20 йиллиги ёки унутилган фуқаролар

Амалсиз Конституциянинг 20 йиллиги ёки унутилган фуқаролар
276 views
04 December 2012 - 8:49

3 декабр душанба куни эрталаб соат 8да Ўзтелерадиокомпаниянинг “Ўзбекистон” телеканали  “Ахборот” ўрнига одатга кўра, кечаги “Таҳлилнома”ни такрор эфирга узатди.

“Таҳлилнома” Ўзбекистон Конституциянинг  20 йиллигини нишонлашга бағишланган бўлиб, унда Ўзбекистон билан Европа ҳамжамияти ҳамкорлиги мустаҳкамланиб бораётганлиги қайд этилди ва қатор ютуқларга ўрин берилди. Жумладан,  Қонуннинг ишсизликдан ҳимояланиш моддасига мувофиқ, Президентимиз ташаббуси билан тадбиркорлик ва бизнесга кенг йўл очилганлиги ва Ватанимизнинг кундан-кунга гуллаб яшнаётгани қайд этилди.

Аждодларимиз билан қанча фахрлансак, дер эди кўтаринкилик билан сухандон, амалга оширилаётган ишларимиз билан ҳам шунчалик фархланамиз. Президентимиз ташаббуси билан Тошкент-Самарқанд қатнаётган “Афросиёб” тезюрар поездини ўзбек йигити бошқариб бормоқда, дерди “ўзбек йигити”га урғу бериб. Ҳамманинг кайфияти аъло, йўловчилар қулайликлардан хурсанд…

Худди отарчилар “қистир-қистир” билан чўнтакларини қаппайтиргани каби мухбиримиз ҳам “ўзбек журналистикаси қоидасига” кўра, одатдагидек қаҳрамонларидан ташаббускор Президентимиз номига миннатдорлик ва  раҳматлар “ундириб” ахборотини қаппайтирди. Қизиқ, оламда халқлар ойга, юлдузга учиб, ҳайратомуз фан ва техника янгиликлари яратилаётган бир даврда ўзбек йигити кимдир ясаган тайёр машинани бошқара олмасинми?

Юртимиз катта байрам оғушида, деб “жаннатдан хабарлар”ни ўқирди сухандон.  Экранда ҳар байрамлар арафасида кўриниб қоладиган “Тасвирий оина” ижодий гуруҳи пайдо бўлди. Улар берган интервьюга кўра, ижодий гуруҳ аъзоларининг истаги, ўз ижодий асарлари билан халқимизни қувонтириш экан.

Ўлмаган кўнгилга бу ҳам бир таскин, дегандек халқимизни  сувратларда бўлса ҳам қувонтиришни истайдиган ижодий гуруҳга омад тилаб, кўрсатувнинг давомини кузатамиз.

3 декабр яна бир байрам – Ногиронларни ҳимоя қилиш куни. Амир Темур бобомиз “Аҳли эҳсон билан жаҳон гулшани обод бўлади”, деганларидек деб “Меҳр нури” ННТ ва Ўзбекистон Ногиронлар жамияти, Тошкент шаҳар “Меҳрибонлик” жамиятлари фаолиятларидан лавҳалар кўрсатилди. 2012 йилда ногиронларга касб-ҳунар ўргатиш ва ишга жойлашдаги ажойиб ютуқларга ўрин берилди. Имкониятлари чекланган инсонларни ҳимоя қилиш мамлакатимизда амалга оширилаётган олий қадриятли ишлардан  эканлиги урғуланди.

Эндиги навбат мамлакатимизда тинч-тотув яшаётган 130 дан ортиқ миллат ва элатларнинг турмуш тарзига доир лавҳаларга. Ўтган асрнинг 30 йилларида мамлакатимизга кўчирилиб келинган корейс диаспорасига ҳам 75 йил тўлибди. Ўзбекистонни Ватан деб билган турли миллатлар бағри кенг Ўзбекистонга ва ўзбек халқига ва унинг доно раҳбари шаънига орада бир соз, бир суҳбат билан тилакларини изҳор қилишди. “Ўзбекистон умумий уйимиз”, Тошкент Биродарлик, Тинчлик, Дўстлик шаҳри эканлиги яна бир бор эътироф этилди.

Биз ким бўлишимиздан қатъий назар, оддий ишчими, тадбиркорми, шу юрт фуқароларимиз. Бу “Таҳлилнома” кўрсатуви эди, деб сўзини  якунлади сухандон ва шу билан Ахборот таҳририяти ўз вазифасини шараф билан адо этди.

 

Мулоҳаза: тиригида ўйламаган ўлигида ҳам йўқламас

 Юқорида тилга олинмаганидан маълум бўлдики, ишсизликдан ҳимояланиш ҳақидаги 37-модда – Ўзбекистондаги барча катта йўл бўйлари, бозорлар атрофида тўп-тўп иш истаб турувчи юзлаб, минглаб мардикорлар, (хотинкорлар) ва норасмий ҳисобларга кўра, чет элларда ўз кучини арзон-гаров сотиб, хорлик ва қулликда ҳаёт кечираётган 10 млн.дан зиёд  ўзбекистонлик гастербайтерлар тақдирига алоқаси йўқ!?

Ўтган 2011 йилда  Россия ва Қозоғистондан Ўзбекистон туманларидан баъзиларига 10-15, баъзиларига 20 тадан тобутлар келган ва бу  ҳол ҳозирда ҳам давом этмоқда. Бу рақамларни Республикадаги туманлар сонига кўпайтирганда, бир йилда ўртача 30 минг атрофида ўзбекистонлик йигитлар мусофирликда, хорлик-зорликда ҳаётдан кўз юммоқдалар. Уларнинг сони, балки 25 мингдир, 40 мингдир… аниғини ким ҳисоблайди? Тиригида ҳимоя қилмаган ҳукумат масъуллари ўлганида йўқлайдими?

Конституциямизнинг 22-моддасида “Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида ҳам, унинг ташқарисида ҳам ўз фуқароларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш ва уларга хомийлик кўрсатишни кафолатлайди”, деб кўрсатилгани ҳолда бу мисли кўрилмаган фожеага Ўзбекистон ҳукуматининг пинак бузмаётганлигини қандай тушуниш керак?

20 йилдан бери амал қилинмаган бу моддага қачон амал қилади?

Бу Конституциямизнинг 20 йиллиги байрами олдидан  бошқа кўнгилочар кўрсатувларга ўхшаб кетадиган “Таҳлилнома” (ижтимоий-сиёсий) кўрсатувидан кейинги мулоҳазалар эди.

Абдиқодир КАРИМОВ.