Лондонда чиқадиган Times газетаси берган хабарга кўра Россия космонавтларни тайёрлаш дастурининг бир қисмида ишғол қилинган Қирим ҳудудида амалга оширишни режалаштирган.
“Рускосмос” космик фазога учган фазогирларнинг сувга қўниш ҳолати билан боғлиқ машғулотларни Севастополдаги ҳарбий базада ўтказишни режалаштирган. Бу эса ҳорижий астронавтларнинг машғулотларда қатнашишлари учун Украина визасини олмасдан туриб Қиримга келишларига тўғри келишини англатади.
“Машғулотлардан бош тортиш, мавжуд қоидаларга кўра фазогирнинг автоматик равишда нолойиқ деб топилганини англатади. Қиримга борилмаса космосга учиш ҳам йўқ дегани”, – дея таъкидлайди НАСАнинг парвозларни бошқариш маркази собиқ мутахассиси Жим Оберг.
Оврўпа космик агентлиги ва НАСА ўз астронавтларини космик миссияларига тайёрлашда маълум бир даражада русларга таянади.
Бундан ташқари, астронавтларни халқаро космик станцияга рус фазо кемаси “Союз” олиб чиқади.
Россиянинг сўнги қарори натижасида ғарб космик агентликлари жиддий муаммоларга дуч келиши мумкин. Ҳозирда уларнинг иккита йўл турибди: ҳамма нарсага кўз юмган ҳолда Украинадан виза олмасдан туриб Қиримга бориш ёки халқаро космик станциясига парвоз дастурида қатнашиш масаласини қайта кўриб чиқиш. Агар ғарб фазогирлари Қиримга борадиган тақдирда бу уларнинг сукут сақлаган ҳолда минтақанинг дипломатик мақомини тан олганликларини англатади.
НАСА вакилларининг сўзларига кўра, ҳозирда уларнинг асосий эътибори космик кемалари парвозини АҚШдан туриб амалга оширишни қайта йўлга қўйишга қаратилган.
ЎХҲ ахборот бўлими