Жамол Камол
Ўзбекистон халқ шоири
Америкалик буюк боксчи Муҳаммад Али ҳикояти
“Анвармирзо ҳикоятлари” китобидан
Муҳаммад Али – бокс бўйича уч марта оғир вазнда жаҳон чемпиони, Рим олимпиадаси ғолиби бўлган афсонавий спортчидир.
Ушбу ғалабалар йўлида қаҳрамонимиз ўнлаб афсонавий гўзал ва хаёт мамот кураши, деб ном олган бокс жангларини ўтқазган.
Шундай жангларни биридан кейин ғарб дунёқарашида мустаҳкам ўрнашиб қолган мусулмонлар ва қора танлилардан йирик спорт юлдузлари чиқмайди деган фикр ўлди.
Муҳаммад Али – жаҳон спортининг суперзвезда – йирик юлдузи, деб тан олинди ва дунё фуқароси шарафли номини олди.
Бир йигитнинг юрагида
ёнди Ислом машъали,
У Касиус Клей эди,
Бўлди Муҳаммад Али.
Бокс тушиб, ета олди
маҳорати сўнгига,
Ва ниҳоят жанг қилгани
чиқди жаҳон рингига.
Рақиб унга Флойд эди,
ирқчи, ғоят такаббур,
Қоравойга Клейлигин
эслатаман, деди ул.
Мен додини бергум унинг,
ҳуши қолмас ҳушига,
Муҳаммаду Алилигин
кейин кўрар тушида…
Жанг бошланди, етти хамон
мақтанчоқнинг заволи,
Ҳатто оғиз очишга ҳам
етишмади мажоли.
Мушт тушириб қора ботир,
урар экан ҳар гали,
Қичқирарди: исмимни айт,
исмим Муҳаммад Али!
Ёғдирарди зарбаларни,
мушти эди зарбали,
Ҳайқирарди: номимни айт,
исмим Муҳаммад Али!
Майдон аро жанг кетарди,
ҳақу ноҳақ ошкор,
Бир томонда кибр эди,
Бир томонда ифтихор.
Инграр эди рақиб шўрлик,
қақшар эди унда жон,
Ўн беш раунд охирида
йиқилди у чалажон…
Шоҳсупага, чиқиб мағрур
боқди Муҳаммад Али,
Белга жаҳон камарини
тақди Муҳаммад Али.
У боксни юксак санъат
чўққисига кўтарди,
Бу курашни ўзига хос
санъат дея аталди.
Эшитдики, Флойд буткул
ҳолдан тойиб ҳориган.
Бориб совға-салом билан,
хабар олди ҳолидан.
Борди рақиб эшигига,
уни кўрган маҳали,
Ҳуш келибсиз, деди Флойд,
Мистер Муҳаммад Али!…
Сўнгра жаҳон чемпиони
Москвага олди йўл,
Сўнгра эса Ўзбекистон
Тошкент сари солди йўл.
Хаст Имомда намоз қилди
сидқу ихлос айлабон,
Имом бўлди чемпионга
Зиёвуддин Бобохон.
Сўнгра бориб Самарқандни,
сайр айлади зиёрат,
Ватанига қайтди кейин
Мамнун бўлиб бағоят.
Шон-шухрати юксалдию
ошди жаҳон томидан,
Имонидан қувват олди,
қудрат олди номидан.
Буюкликни насиб этди
унга қисмат азали
Дини – буюк Ислом эди,
исми Муҳаммад Али!…
05.06.2016
Дўрмон