АМИРГА ДЎНАР
Ўлкада соҳиб бўлмаса,
Арбоблар амирга дўнар.
Уч йил шерга учрамаса,
Тулки, шоғол шерга дўнар.
Золим фалак қошиқ солар,
Унга бериб, бундан олар,
Ҳар одамга навбат етар,
Кўп тубанлар, тўрга дўнар.
Шер ҳар замон бир ов отар,
Дер: “Овимга ким қўл қотар”.
Фил хартумин итга тутар,
Итлар қоплон, шерга дўнар.
Ажал етса, ҳеч жон қолмас,
Даврон ўтар, умр битмас,
Тулки сарқитин шер емас,
Еса заҳар, қонга дўнар.
Дард – юракда бир ўт бўлар,
Сўз – жаҳонда бир от бўлар,
Қардош-қардошга ёт бўлар,
Бойиса, ёт, ёрга дўнар.
Мардлар жангда – тўй ичинда,
Оч бўрилар эл ичинда,
Номард қўрқар уй ичинда,
Борсанг, хилватгоҳга дўнар.
Махдумқули, будир дардинг,
Соҳиби бўлсин ҳар юртнинг,
Шер зарбин кўрмаган қурднинг,
Ҳар туки бир тирга дўнар.
МАХДУМҚУЛИ
* * *
Туркманчадан Ислом Холбой ўзбекчалаштирди