Бундан бир неча йил бурун Термиз шаҳри марказий кўчалари ялпи (бирин-кетин албатта) қазиш ишлари бошланганда бир танишимга, амир Олимхон қизиллардан қочиб, Амударё орқали Афғонистонга ўтаётиб, туяларга ортилган олтинлардан бир донаси Термиз шағри ҳудудига тушиб қолган экан, деган эдим…
Назаримда, шу гапим омма (баъзи корхона ва ташкилот раҳбарияти) орасида ёйилиб кетди-ёв. Чунки, ўшандан буён ҳар йили (баъзида бир неча маротоба) Термиз шаҳри марказий кўчалари қайта ва қайта қазилиб, кўмилиб, асфалтланмоқда!
Ҳой, баракатопгурлар! Мен ўшанда ҳазиллашгандим! Такрор айтаман, ҳазиллашгандим! Амир Олимхон Термиз ҳудудидан ўтмаган! Ҳеч қандай тилло танга ҳам тушмаган! Давлатнинг миллион-миллион пулларини амир Олимхоннинг йўқ, тушмайдиган бир дона тилласини топиш учун беҳудага сарф қилмангизлар!
Худо хайрларингизни берсин, ҳар қандай қасам ичишга тайёрман, амир Олимхон тилласига оид гапим қип-қизил ёлғон! Бу шунчаки, йўлига қилинган ҳазил эди!
Илтимос, ҳаммаёқни ковла-ковла қилиб халқни қийнаманглар!
Эркин Норсафар