O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Амир Темурнинг васияти

Амир Темурнинг васияти
714 views
06 February 2021 - 15:53

Хаммамизга маълумки, Cоҳибқирон Амир Темур 1405 йил 18 февраль куни Хитойга юриши пайтида Ўтрорда вафот этган.

Манбаларда айтилишича, ўша йили қаттиқ қиш бўлади, лашкарга ҳам баъзи талафотлар етади. Амир Темур ҳам совуқдан қаттиқ шамоллайди. 11 февраль куни унинг хасталиги зўрайиб кетади. Амир Темурнинг шахсий табиби Мавлоно Фазлуллоҳ Табризий ва бошқаларнинг саъйи ҳаракатлари ҳам зоеь кетади. Кундан кунга унинг хасталиги зурайиб боради. Бир куни Амир Темурнинг тушига отаси кириб, унинг отидан юганини ечиб чакалакзорга кириб кетади. Соҳибқирон биладики, унинг вафоти яқин.

Шарафиддин Али Яздийнинг “Зафарнома” асарида унинг вафоти баёни жуда таъсирчан тарзда келтирилган. Унинг аҳволи кун сайин жуда оғирлашиб борса-да, энг сўнгги дамларгача у ўз ақлу ҳушини йўқотмаган. Муаррих томонидан Амир Темурнинг вафоти олдидан ўз оиласи, амирлар, бутун мамлакатга тааллуқли жуда ҳам катта аҳамиятга молик бўлган васият қолдирган ва унинг матни ушбу асарда келтирилган.

“Таҳқиқ билурменким, руҳнунг қуши бу қафас-қолипдан кетгуси турур, худойға паноҳ эттим ва сизларни худойға топшурдим. Керакким, мен борғондан сўнг фарёду фиғон қилмағайсизким, ҳеч фойда қилмас. Ва мени худойдан омурзиш тилангиз ва руҳимни фотиҳа ва дуо ва такбир билан шод қилғайсиз. Алҳамду ли-Ллоҳким, бугун Эрону Туронда кишига мажол йўқ турурким, мухолифат қилғай. Ва Ҳазрат Ҳаққдин умидим борким, агарчи гуноҳим кўп турур, аммо бу жиҳатдин менга раҳмат қилғайким, золимларнинг эликларини мазлумлардан қисқа қилибдурмен. Ва қўймадимким, менинг давримда заиф куч егай”.

Соҳибқироннинг бу билан умр бўйи адолат ва ҳақ йўлида яшагани, золимларнинг зулмини йўқ қилгани, мазлумлар додига етганини унинг сўнгги манзил сари отланган даврда айтган сўзларидан ҳам англаш мумкин. Бу унинг юксак маънавият соҳиби бўлгани, адолат ва ҳақ йўлида катта жидду жаҳд кўрсатгани, доимо хушёр ва огоҳ бўлгани, ҳар ерда қонунлар ижросини таъминлай билганидан дарак беради.

Амир Темур ўз васиятида бу дунёнинг васвасаларига учмасликни яна бир бор таъкидлайди. У жумладан шундай сўзларни айтиб ўтган: “Агарчи дунё вутуъи ва саботи йўқ турур, нечукким менга вафо қилмади, сизларга ҳам қилмағусидир”.

Улуғ бобокалонимиз Амир Темур ўз васиятида давлат ишига бирор дақиқа бўлсин, лоқайдлик ва бефарқлик билан қарамаслик лозимлигини айтади.

“Бале дунё ишини муҳмал қўймангизким, сабаби ошуб ва мусулмонлар ташвишда бўлгайлар. Анинг учунким, қиёмат кунида сўрарлар. Эмди Пир Муҳаммад Жаҳонгирким, валийаҳд қилибмен ва ўрнумга қойиммақом этибменким, Самарқанд вилояти (салтанат тахти – Ш.Ў.) аники бўлғай. Ва истиқлол ва тамкин била ўлтуруб, мамолик тадбиридан ва черик ва раъийат ҳолидан хабардор бўлғай”. Сизлар керакким, анга мутиъ бўлуб, иттифоқ била анинг ишига машғул бўлгайсиз, то олам бузулмагай ва мусулмонларга ташвиш ва заҳмат бўлмағай.

Ва неча йиллик саъйи қилғоним зоеъ бўлмағай. Ва андоқ керакким, сизнинг иттифоқингизни билиб, эл йироқдан ҳисоб олғайлар ва ҳеч кишига ул қувват бўлмағайким, мухолифат қила олғай.

Амир Темур ўзидан кейин салтанат тахтини Пир Муҳаммад Мирзога васият қилади ва унинг сўзидан чиқмасликни тайинлайди. У неча йиллик ҳаракатларим зое кетмасин деб авлодларини бирлашишга чақиради, аммо афсуски, низо ва бошбошдоқликлар унинг вафотидан кейиноқ бошланиб кетади. Салтанат тахтига Пир Муҳаммад Жаҳонгир эмас, унинг ўзга набираси Халил Султон Мирзо куч билан ўтиради. Бу эса Темурийлар ўртасидаги катто низо ва адоватларни келиб чиқишига сабаб бўлади.

Бу насиҳатдан сўнг дедиким: “Беклар ва бузурглар барча ҳозир бўлуб, аҳд қилиб онт ичсунларким, васият қилғон сўзумдан чиқмағайлар. Ва ўзга беклар ва сардорларким ғойиб турурлар алар тақи ушбу дастур билан амал қилғайлар”, -дея ёзади Шарафиддин Али Яздий.

Бу гапларни эшитиб беклар, унинг аҳли оиласи изтироб билан йиғлайдилар. Амир Темурнинг энг садоқатли ва жасур беклари Шоҳ Малик ва Шайх Нуриддинбек “Жонимиз сизга садақа, кошки бизнинг жонларимизни олиб, сизнинг жонингизни бағишлағай” дедилар.

Соҳибқирон деди: “Фойда йўқтурур, бормоқ керак. Аммо сизлар ишларингизда мардона бўлунглар”.

Алар дедилар: “То жонимизда бир рамақ бўлғусидур, ҳазратнинг амру фармонидан чиқмағумузтур”.

Андан сўнг арзадошт қилдиларким, “Бўлса Амирзода Халил Султонға ва бекларким, Тошкандда турурлар, барча бери мутаважжиҳ бўлғайлар. Ҳар нечаким биз бандалар сизнинг сўзларингизни аларға айтқайбиз. Аммо улким, алар сизнинг муборак тилингиздан эшитсалар ўзга бўлғуси турур”.

Амир Темур уларнинг Ўтрорга келишига фурсат йўқлиги, руҳ қушининг тез соатларда учиб кетишини айтиб, қуйидагиларни айтган : “Вақт танг турур ва мундин артуққа мажол йўқтурур. Аларким, ғойиб турурлар ҳозир бўла олмаслар ва дийдор қиёматқа қолди. Ва сизлар била тақи мулоқот ушбу турур. Би ҳамдил-Ллоҳким диний муродотидин ҳеч нима кўнглумда орзу қолмайтурур”. Соҳибқирон Амир Темур кичик суюкли фарзанди Шоҳруҳ Мирзони анча вақтдан бери кўрмаган эди, у вафоти олдидан “магар фарзанд Шоҳруҳниким, бу замонда ани кўрмадим” дея дийдор қиёматга қолганини айтади.

Амир Темур ўзидан кейин авлодлари ўртасида бўладиган низо ва мухолифатчиликларни сезгандай такрор-такрор улар ўртасида якдиллик ва бирлик бўлиши кераклигини айтиб ўтади.

Амир Темурнинг сўннги насиҳат сўзлари ушбу бўлган : “Ҳар неким мамлакат маслаҳати учун айттим, қулоғингизда тутунглар ва раъойо ва фуқароу мискин ҳолатидин ғофил бўлмағайсиз. Ва қиличнинг сопини маҳкам тутунгиз, то мендек подшоҳлиқдин бархурдор бўлғайсиз. Эрону Туронни мухолифлардин халос қилғайсизлар. Нечукким мен адлу эҳсон била оламни обод этибмен. Агар менинг васиятимга амал қилиб, адлу дод қилсангиз, кўб йиллар давлат ва мамлакат сизларда қолғуси турур. Ва агар сизлар аросида мухолифат бўлса, яхши бўлмағусидур”.

Шундан сўнг хофизлар Қурьон ўқишга машғул бўлдилар, Мавлоно Ҳайбатуллоҳ ичкари кириб Соҳибқироннинг боши узра Қурьон хатмиға машғул бўлди.

1405 йили 18 февраль куни кеч кирганда, намозшом ва хуфтон орасида тавҳид калимасини неча бор такрорлагач Соҳибқироннинг жони узилди.

Шарафиддин Али Яздий “Ул муборак ҳазратнинг ёши етмиш бирда эди, мувофиқ адади “алиф+лом+мим” ким, Қурьоннинг аъзам сураларидан турур. Ва подшоҳлиғи ўттиз олти эрди. Ва ҳазратнинг салтанатининг адади била мувофиқ эрдиким, ул ҳазрат ўғлонлари ва набиралари ўттиз олти эрди” деб ёзади.

Тарих зарварақларини ўқир эканмиз, Амир Темурнинг вафоти олдидан ҳам халқ ва эл – улусни ўйлагани, фарзандларига ана шу йўлни васият қилганини англаб етамиз.

Бу васият наинки унинг фарзандлари, набиралари, балки унинг ворислари бўлган бугунги авлодга ҳам тегишлидир. У ўзининг юксак маънавий жасоратлари, ибратли ҳаёти билан кўплаб олиму уламолар, давлат арбобларини, халқларни ҳаяжонга солган, унинг олтин мероси асрлар оша эскирмагай, ўзининг долзарбилигини йўқотмагай ва бу туганмас бойлик бутун инсоният меросига айланиб улгургай.

Шоҳиста Ўлжаева

Тарих фанлари доктори