O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Амир Темур билан Йилдирим Боязид нима сабабдан урушгача етиб борган?

Амир Темур билан Йилдирим Боязид нима сабабдан урушгача етиб борган?
203 views
20 February 2018 - 9:00

Тарихда Амир Темур бобомизни “Йилдирим Боязид билан бирлашмаган” деган чалкаш фикр бор.

Амир Темур ва Йилдирим Боязид ўртасидаги кўплаб ўзаро мактублардан аёнки, Соҳибқирон сабр-тоқат билан Боязидга қайта-қайта сулҳ таклиф этган.

Уруш бўлмаслиги учун вақтни чўзган ва дипломатия йўлини тутиб, қайта-қайта Йилдирим Боязидга огоҳлантиришу насиҳатлар қилган.

Ҳар сафар у рад этган ва охириги мактубида “сен менинг юртимга келмасанг ва жанг қилмасанг хотинларинг уч талоқ бўлсин” деб ёзган.

Биз Йилдирим Боязидни айблашдан йироқмиз, у ҳам забардаст турк подшоҳи ва моҳир лашкарбошиси эди. Содда Боязидни душманлари Амир Темурга қарши қайраб қўйган эди.

Бунда Миср султони, Олтин Ўрда хони Тўхтамишхоннинг ҳам роли катта эди.

Бу урушнинг келиб чиқишида Европа қиролларининг махфий элчиликлари ҳам катта рол ўйнаган. Улар Амир Темурнинг қўли билан ўзларига хавф солиб турган Боязид Йилдиримни енггишни истаган.

Йилдирим Боязид ва Амир Темурни ташқи кучлар бир-бирига қарши қайраб, вазиятни чигаллаштиришга сабаб бўлган.

Амир Темур у билан жанг қилмаслиги мумкин эди, аммо охирги мактуб бу муносабатларга нуқта қўйган.

Аслида Амир Темур аёллар шаъни учун у билан урушгача етиб борган. Анқара жангги аёллар шаъни ҳимоя қилинган жанг сифатида эътироф этилишини истар эдик. Боязид Амир Темурнинг душманлари – қароқчи йўлтўсар Қора Юсуф Туркман ва Султон Аҳмад Жалойирга раҳнамолик қилган, уларни Амир Темурга бермаган ёки давлатидан чиқариб юбормаган.

Султон Аҳмад Жалойирдан Ироқ аҳлининг обрўли кишилари шикоят қилиб, Амир Темурга хат йўллашган ва унинг зулмидан қутқаришни илтижо қилиб сўраган. Улар ҳаж йўлларида қароқчилик қилган, ўша даврнинг террорчи гуруҳларига бош эди. Агар Боязид чин мусулмон бўлса нимага у қароқчиларга ёрдам берган? Нимага у Амир Темурнинг “фарангларга қарши юришингда қўшин бериб сени қувватлаб тураман” деган гапларини инобатга олмаган?!

Энг ёмони туркий давлатларнинг ашаддий душманлари Анқара жангининг оқибатларидан фойдаланиб қолишган. Йилдирим Боязид содда ва фирибларни унча билмас эди. Амир Темур-чи у бу урушга қандай тортилган эди?!

Шунчалик стратег ва мулоҳазали Амир Темурни ҳам Европа қиролларининг махфий юборилган элчилари гиж-гижлаб ташлашган. Ҳар иккиси ҳам аслида турк дунёсининг энг кучли подшоҳлари ва саркардалари эди.

Амир Темур жангдан кейин Йилдирим Боязидни бағрига босиб “иккита турк мусулмон нима қилиб қўйдик?” деб йиғлаган экан.

Шу уруш барибир одамнинг кўнглини бузади. Улар ташқи таъсир қурбонидирлар. Бўлмаса Туркия қаердаю Ўзбекистон қаерда? Уларга жой етмаганмиди? Ҳар доим ҳам муносабатларни бузиш катта ўйинчиларнинг махсус амали бўлиб келган.

ШОҲИСТА ЎЛЖАЕВА

facebook.com