O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Амир Темур. Буюк Ипак Йўли. Самарқанд ва Пекин

Амир Темур. Буюк Ипак Йўли. Самарқанд ва Пекин
170 views
30 July 2019 - 11:52

АМИР ТЕМУР. БУЮК ИПАК ЙЎЛИ. САМАРҚАНД ВА ПЕКИН

1370 йилда Мовароуннаҳрда Самарқанд шаҳрини марказ қилган соҳибқирон Амир Темур (1336–1405) давлати ташкил топди. 35 йилга яқин давр ичида мазкур давлат доираси ниҳоятда катта ҳудудни ўз назорати остига олганлиги ҳамда Буюк ипак йўлининг хавфсизлиги таъминланганлиги натижасида бу йўлда халқаро савдо алоқаларининг қайтадан ривожланишига замин яратилди. Амир Темурнинг ўзи ҳам бу йўлнинг ривожланишига катта эътибор берди. У нафақат ўз давлати доирасидаги ички савдо ишларини, балки халқаро савдо алоқаларини ривожлантириш мамлакатнинг иқтисодий ривожланиши учун зарур эканлигини яхши англаган эди. Шу боис у ҳокимиятга келган заҳоти ички ва ташқи савдо ишларига катта эътибор бера бошлади. Аввало карвон йўлларининг хавфсизлигини таъминлаб, уларда карвонсаройлар барпо этишларига алоҳида эътибор берди.

Самарқанддан Пекингача 6 ой юрилган

Амир Темурнинг Хитой хоқони Тайцзуга йўллаган мактубида «Карвонсаройлараро йўллар очилди, йўллардаги қароқчилар йўқ қилинди, узоқ юртларга борувчилар ўзларини хотиржам ҳис этадиган бўлди», деб таъкидлаб ўтилган. Шу билан бирга Амир Темур Византия, Венеция, Испания, Франция, Англия каби Европа мамлакатлари билан иқтисодий алоқалар ўрнатди.

Хитой олимларининг тадқиқотларига кўра, Амир Темур Мин хонлигининг пойтахти Пекин (Хонбалиқ) шаҳрига 8 марта элчилар юбориб, Хитой билан дипломатик ва савдо алоқаларни ривожлантирган. Чунончи, 1387 ва 1389 йиллари кузда Мавлоно Ҳофизий, 1388 йилда Тож ад-Дин (Тамудинг), 1391 йилда Шохалил (Шахали), 1392 йилда Ниғмат ад-Дин (Нимаопудинг), 1394 ва 1395 йилларда Дарвиш (Диелибэйи), 1396 йилда Аломат ад-Дин (Аламадан) бошчилигида Пекинга Амир Темур номидан элчилар келган. Мазкур элчилар орқали соҳибқирон Хитой хонига от, туя ва бошқа нарсалар юборган. Хитой хони эса бунинг эвазига кумуш пул, ипак матолар қайтарган. 1396 йилда Амир Темур Аломат ад-Дин орқали Хитой хонига мактуб ҳам йўллаб, унинг юборган нарсаларидан мамнун бўлганлигини таъкидлаган.

Шу даврда Самарқанддан Пекинга 6 ойда етиб борилган. Кузда йўлга чиққан карвон кейинги йил баҳорнинг охирида ёки ёзнинг бошига манзилга етиб олган.

Шо Жўраали 570 та от сотган

Амир Темур вафотидан кейинги 100 йилга яқин давр давомида Туркистондан Хитойга 107 марта, шу жумладан, 1415–1440 йиллари Улуғбек Мирзо номидан 22 марта элчилар гуруҳи келган.

Хитой манбаларидан маълум бўлишича, ўша замонда Хитойнинг бошқа шаҳарларига ҳам самарқандлик савдогарлар келиб, бозорларда от сотишган. Чунончи, 1390 йилда эрта баҳорда самарқандлик Шо Жўраали (Шачиеэр Алийи) Лянгчжоу шаҳрида 670 та от сотган. Маҳаллий ҳоким бу ҳақда Тайцзуга ҳисобот бериб, мазкур савдогарни Пекинга юборишни сўраган.

Самарқанддан Хитойга юборилган элчилар билан биргаликда катта савдогарлар гуруҳлари ҳам қўшилиб борган. Тайцзунинг Амир Темурга йўллаган бир мактубида баён этилишича, айрим самарқандлик савдогарлар Хитойга келганидан сўнг Ватанига қайтмасдан савдо ишлари билан шуғулланган ва айримлар уй-жой сотиб олиб, бола-чақали бўлиб қолган. Мин сулоласи қўшинлари Хитойнинг шимолида яшаётган татарларга қарши юриши чоғида асирга тушиб қолганлар орасида бир неча юз нафар самарқандлик савдогарлар бўлганлиги аниқланган. Ушбу мисоллар Амир Темур савдогарлари фақатгина Хитой ҳудудида эмас, балки унинг шимолидаги яйловларда ҳам савдо ишлари билан шуғулланганлигидан далолат беради.

Мин сулоласи ҳам Самарқандга бир неча марта элчилар ва савдогарлар юборган. Масалан, 1395 йилда Самарқандга Пекиндан Бо Ан бошчилигида 1500 кишидан иборат бўлган элчи ва савдогарлар гуруҳи, 1397 йилда Чэн Дэвэн бошчилигидаги хитой элчилари ва савдогарлари келган.

Келтирилган маълумотлардан кўриниб турибдики, Амир Темур даврида анчадан бери тўхтаб қолган Туркистон – Хитой дипломатик ва савдо алоқалари тикланиб, Буюк ипак йўли қайта очилади. Аммо томонларнинг амалга оширилган алоқаларга кўз қарашлари бир хил бўлмаганлиги туфайли Амир Темур давлати билан Мин хонлиги ўртасида янги ғоявий муаммо пайдо бўлган.

Муаммо қаердан келиб чиқди?

Маълумки, Хитой ҳукмдорларининг анъанавий тушунчаларига кўра, хоқон «хуанди» (император) деб аталиб, у Тангрининг курраи заминдаги ўғлони («тянзи») ҳисобланган. Унга барча мамлакатлар ва хонлар итоаткор бўлиши лозим эди. Шу боис Амир Темур элчилари Мин сулоласи томонидан «гунгши», улар олиб борилган совғалар эса «гунгфу», яъни фуқаролар ҳукмдорга тўлайдиган солиқ деб қабул қилинди. Шу жойда изоҳ бериб ўтмоқ лозимки, хитой тили луғатларида, жумладан «Хитой тили ёзуви луғати»да шарҳланишича, «гунг» деб қадимда Тангри фарзандига (Тянзи), яъни императорга унинг итоатида бўлганлар томонидан тақдим этиладиган нарсалар ва деҳқонлар томонидан ҳосилларнинг ҳукуматга топширадиган қисми айтилган. «Сўзлар денгизи» («Цихай») ва «Сўзларнинг келиб чиқиши» («Циюан») луғатларида ёзилишича, «гунгфу» сўзи ҳукмдор томонидан фуқаролар зиммасига ортилган солиқ номи ҳисобланган.

Хитой императорлари ўзларини ер юзининг эгаси деб ҳисоблашлари анъанасининг таъсири хитой олимлари асарларида ҳам ўз аксини топган. Масалан, Ванг Чжилай ўз асарида «Атрофга қилган ҳарбий юришлар ғалаба билан якунлангандан сўнг, Темур кучайиб кетди. Шундан кейин у Мин сулоласига итоат қилишдан ва Хитойга (Чжунггуога) солиқ тўлашдан (гунгфу) бош тортди, шу билан бирга Хитой элчиларини олиб қолиб, қайтишга рухсат бермади», деб айтади. Иккинчи бир жойда тарихчи ёзади: «Юқорида айтиб ўтилганидек, Темур кўп марта Мин саройига солиқ тўловчи элчилар (гунгши) юборди. Уларнинг айримлари солиқ олиб келиш ва савдо қилиш билан чекланди, айримлари (Хитойдаги) вазиятни ўрганиш ва маълумот тўплаш билан шуғулланди».

Албатта, Амир Темурга нисбатан қўйилган бундай айблар асоссиз эди. Мин хонадонининг мустақил ҳолда ташкил топган ва Туркистонни бирлаштиришда катта хизмат қилган давлат ҳукмдорини ўзининг итоаткори деб билиши катталик ва ўзгаларни менсимасликдан бошқа нарса эмас эди. Масалага бундай ёндошув ҳақли равишда Амир Темурни қаттиқ ранжитган эди.

Хитойда мўғуллар ҳукмронлигини ағдариб, хитойлар ҳокимиятини қайта тиклаган Чжу Юанжанг (1368–1398 йиллари Тайцзу номи билан тахтда ўтирган) илгариги хонларнинг анъанавий фалсафаси билан қуролланиб, ўзини курраи заминдаги барча мамлакатлар устидан назорат қилувчи олий ҳукмдор деб ҳисоблаши ўзга халқлар, давлатлар ва хонлар учун тушунарсиз бир ҳол ва улар манфаатига зид келарди.

Ғазаб ва шубҳа. Хитой манбалари

Амир Темурдан Хитойга биринчи марта (1387 йилда) элчи бўлиб Мавлоно Ҳофиз келганда, Тайцзу мазкур тушунча асосида унинг юборган совғаларини ўзига бўлган тобелик белгиси деб қабул қилди. Унинг бундай муносабати Амир Темурдан кейинги йилларда юборилган элчиларга ва совғаларга нисбатан ҳам сақланиб қолган. Хитой хоқони ўзининг Амир Темурга жавобан бериб юборган совғаларини эса, унинг «тобелигини қабул қилганлиги» учун кўрсатилган ҳиммат белгиси деб ҳисоблади. Шу асосда Тайцзу Амир Темур йўллаган мактубида уни хитой хонига итоаткор хон сифатида ифодалаган. Хитой хони соҳибқироннинг мавқеи билан ҳисоблашмаган. Унинг мактуби билан танишгандан сўнг, Амир Темур қаттиқ ранжиб, Самарқандга 1395 ва 1397 йилларида келган Бо Ан, Чэн Дэвэн бошчилигидаги хитой элчиларини ушлаб қолган. Улар Ватанига Амир Темур вафотидан кейин қайт­ганлар. Элчиларни Самарқандда ушлаб қолишнинг бундан ташқари яна икки сабаби бўлган. Буларнинг биринчиси, Бо Ан 1500 киши ҳамроҳлигида Ҳиротга бормоқчи бўлганлиги Амир Темурда шубҳа уйғотганлигида, иккинчиси, Мин хоқони 100 минг мусулмонни қатл этиш тўғрисида фармон берган, деган хабарнинг Амир Темурга етиб келганлигидадир. Хитойда қатл этилган мусулмонларнинг сони 100 минг бўлмаслиги эҳтимолдан холи эмас. Аммо мўғуллар ҳукмронлиги даврида туркистонлик мусулмонларнинг жамиятдаги мавқеи баланд бўлганлиги ва улар вакилларининг юқори даражали давлат хизматига жалб этилганлиги учун Мин сулоласи уларнинг кўп қисмини жазолаганлиги тарихий ҳақиқатдир.

Афсуски, хитой манбаларида ушбу тарихий воқеалар тўғри баён этилмаган. Мин сулоласи назорати остидаги сарой тарихчилари масалага амалий жиҳатдан эмас, балки Хитой ҳукмдорларининг анъанавий фалсафаси асосида ёндашиб иш кўрганлар.

Аслида эса…

Амир Темур Хитой хонига элчилар орқали совғалар жўнатиб, эвазига хитой молларининг олиб келиниши орқали икки давлат ўртасидаги тенг ҳуқуқли савдо алоқаларининг тикланишини кўзда тутган эди. Бу ҳақда маҳаллий манбаларда кўп маълумотлар учрайди. Афсуски, Марказий Осиё манбалари билан хитой манбаларини солиштириш асосида илмий тадқиқотлар олиб бориш имкониятига эга бўлмаган айрим тарихчилар, жумладан, хитой тарихчилари Амир Темурнинг бу истагини тўғри баён этолмаганлар. Улар хитой хонлари ёрлиғи ва сарой тарихчилари томонидан битилган манбалардаги амалиётга зид кўрсатмаларни «ҳақиқат» деб қабул қилганлар.

Бунинг устига туркистонлик савдогарларга Хитойда эркин савдо қилишга йўл қўйилмаганлиги ва туронлик мусулмонларнинг қатл этилиши Амир Темурнинг ғазабини келтирган. Мавжуд адабиётларда, жумладан, Хитой тарихчиларининг асарларида зикр этилишича, Мин сулоласи хонининг муносабатидан ранжиган Амир Темур унга қарши ҳарбий юриш қилмоқчи бўлган, бундан хабар топган Мин сулоласи эса ташвишга тушиб, урушга тайёргарлик кўра бошлаган. Аммо Амир Темурнинг 1405 йилда Ўтрор шаҳрида оламдан ўтиши билан унинг истаги амалга ошмай қолган.

Хитойшунос олим, тарих фанлари доктори,
Аблат ХЎЖАЕВнинг «Буюк ипак йўли»
китоби асосида тайёрланди.

mv-vatanparvar.uz