Кеча, яъни 10 феврал куни, Андижон шаҳар 9-МФЙ (Маҳалла Фуқаролар Йиғини)га қарашли 1- ва 2- уйларда яшовчи одамлар газнинг йўқлигидан норозилик билдириб кўчага чиқишган.
Бу уйлар 9 қаватли бўлгани ва шаҳарнинг бошқа ерида бундай 9 қаватли уйлар йўқлиги боис, уларни кўпчилик “9 қаватлилар (девятиэтажки)” дейишади ва ҳамма қайерда жойлашганини билади – бу уйлар Клара Цеткин мавзесига
етмасдан, бурилишда жойлашган. Одамлар бугун, 11 феврал куни ҳам чиқишган.
Мухбиримиз у жойга фақат одамлар тарқалаётган пайтда борган. Одамлар ёнида газ идораси ходимлари ва бир нечта миршаблар бор эди.
Телефон орқали вазиятни суратга олишга муваффақ бўлган мухбиримизнинг айтишича, видеодаги сариқ машина – газ идорасининг машинаси. Одамлар газ трубасига ноқонуний уланиб олган ташкилотлар трубаларини йўл бўйлаб жойлашган катта трубадан (лавҳадаги сариқ трубадан) уздиртиришаётган экан. (Видео ушбу манзилда: http://turkiston.tv/?p=1860)
9-қаватли уйлар видеолавҳада акс этмаган, чунки улар видеолавҳадаги сариқ машина томонга қараб 300 метрча юрилгандан кейин келади. Одамлар газ идораси ходимлари билан кўча бўйлаб юриб, бир қанча ташкилотларни газдан уздиришга эришганлар.
Одамларга эртага газ берилишини ваъда қилишган. Лекин бу ваъдага ишониш қийин, чунки аслида газнинг “таги” йўқ. Андижон шаҳридаги 1- ва 2- микрорайонларда бу йилги қишда ҳам газ ўтган йиллардаги каби деярли бўлмади, ҳозир эса мутлақо йўқ.
Андижондаги мухбиримиз