13 феврал куни, кундузи соат 12 атрофида Андижонда яна бир газ фожеаси рўй берди.Андижон шаҳар 2-микрораёндаги 16-уйнинг 3-қаватдаги бир квартирасида ниҳоятда кучли портлаш юз берган. Бу квартиранинг балкони тўлалигича кўчага отилиб тушган, бу квартира уйнинг бурчагидаги квартира экан, унинг ташқи бетон девори тўлалигича 3-қаватдан ерга қулаб тушган.
2- ва 3-қаватлар орасидаги ҳамда 3- ва 4- қаватлар орасидаги бетон плиталар тўлалигича пастга йиқилган.
Бу квартиралар ва уларга туташ квартиралар ўт ичида қолган. Ўт ўчирувчиларнинг иккита бригадаси оловни базўр ўчиришган. Атрофни 50-100 метр наридан 100 га яқин миршаблар ўраб олган, баъзилари ит билан турибди. Фожеа юз берган уйнинг турли квартираларида яшовчи одамлар ташқарида турибдилар, уларни уйларига киритишмаяпти.
Ўлганлар бор, лекин нечталиги номаълум дейилмоқда. Ўлганларни тунда ҳеч кимга кўрсатмай олиб кетишса керак, 15-уй портлаганида ҳам бундай ишларни тунда қилганлар деди бир одам.
Атрофда миршабларнинг кўплаб машиналари ва 2 та тез ёрдам машинаси турган эди. Кейин яна битта катта тез ёрдам машинаси келди. Миршаблар одамларни уйга яқинлаштирмай, “Тарқалинглар” деб бақириб одамларни воқеа жойидан узоқлаштиришмоқда.
Андижондаги мухбиримиз