O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

“Андижон борай” дедим – боролмадим

“Андижон борай” дедим – боролмадим
29 views
09 May 2013 - 8:50

Монолог шаклида битилган тубандаги надоматнома дунёнинг ривожланган мамлакатларидан бирида ишлаб юрган муҳожир онага дохил. У айтди – биз оққа кўчирдик, холос. 

uzbechkaЯна бир уйқусиз кечам тонгга улашди. Қанийди қанотим бўлса, Андижонга елдек учиб борсам.

Ўғлим, арслоним, ўша суҳбатимиздан кейин уйқу менга ҳаром бўлди.

Сен – менинг кўкрак сутимни эмган бола СНБда ишлаш ниятингни айтганингдан кейин тинчим йўқолди. Қалбимни илон чаққандек, дарддан тўлғонаман.

Бу фикр сендан чиққанига сира ишонгим келмайди, болам. Мен сенинг бу ишингга рози эмасман, ниятингдан қайтмасанг, тириклайин гўрга кираман.

Андижон қирғини, кўкрагидан ўқ еган эмизикли оналар, уч ойлик чақалоқнинг қонга беланган жасади ҳалигача кўз ўнгимда. Наҳотки, сен – менинг фарзандим шу қотиллар сафида хизмат қилишдан ор қилмайсан. Наҳотки, сен ўша мудҳиш кунларни шунчалик тез унутган бўлсанг?!”Қозонга яқин юрсанг, қораси юқади, ëмонга яқин юрсанг, яраси” дейди донолар.

“Яхши пул топиб, иззат-икромда бўламан”, дединг. Ниманинг эвазига топасан буларни, ўғлим? Халқингга зулм эвазигами? Золим ҳукуматга хизмат қилибми? Сендан умидим шумиди?

Ўз юртимда иш тополмасам ҳам, аёл бошим билан бегона юртда ишлаб, сен ва укаларингни бировдан кам қилмай, бировнинг бир бурда нонига зориқтирмаяпман.

Агар нонсиз қолиб кетсам ҳам, ҳеч қачон  бу чиркин тизимга хизмат қилмасдим. Йигитлик ғуруринг, ор-номусингни неча пулга сотдинг, ўғлим?

Ўзбекистонимизни оламга ёмонотлиқ қилган, юзини ерга қаратган шу тизим ва унинг “қулоқлари” эмасми?

Қанийди қанотим бўлса. Андижонга учиб борсам…

Мен бугун Андижонга кетишим керак, сени бу оқибатсиз йўлдан қайтаришим керак.

Ҳа, ҳозир, ҳозироқ билет оламану, бирпасда ёнингда бўламан. Гўдаклигингда бағримга босганимдек, бағримга қаттиқ босаман сени, “қайт, арслоним, йўлингдан қайт!” дейман, ялинаман, ёлвораман…

“Йиллаб қишлоғингни кўрмасанг ҳам, Россияда мардикор бўл”, дейман. Мен бундай дейишга уялмайман, чунки ўзга юртда хўрланиб топган пулинг, ўз юртингда ака-уканг, опа-синглингни ноҳақ зиндонга тиқиб топган пулингдан минг карра ҳалолдир, ўғлим!

Ўз юртингда қолиб, ўзингникига зулм қилгандан, ўзга юртда Ватанни соғиниб, ватангадо бўлганинг яхши менга, ўғлим. Билсанг агар, бунда ҳикмат бор. Мен сени ватанда туғибману, мурғак қалбингда ватанпарварлик туйғусини уйғота олмабман. Эзгу ниятли қилиб тарбиялаш уддасидан чиқмабман.

Йўқ, мен бугун Андижонга боролмайман. Кетсам, бу ердаги ишимдан айриламан. Унда янаям ёмонроқ бўлади ҳолимиз, эртанги кунга ҳадик билан яшаймиз. Бугун Андижонга боролмайман мен.

Бу юртларда қора сочим оқарди, гул юзимга ажинлар тушди, ўғлим. Мен қаерда адашдим, қаерда тойди менинг оёғим?

Эй яхшилар, не-не орзулар билан улғайтирган боламни аждаҳонинг комига ташлаб қўйдимми мен?

…ҳа, бу менинг айбим, менинг. “Пул топаман, нон топаман”, деб болаларимга меҳримни бера олмадим, одамгарчилик ва меҳр-оқибатда уларга ўрнак бўла олмадим. Узоқ ўлкалардан ҳиссиз салому, тўрт чақа пул билан овунтирдим мен уларни.

Вужудим ёнаяпти, Андижонга боролмайман бугун, эсиз ўтган умр…

Гулнора РАВШАН 

jarayon.com