АНДИЖОН 13 МАЙ – ҚЎЗҒОЛОНЧИЛАРНИНГ ИИВ БИЛАН АМАЛГА ОШМАГАН КЕЛИШУВИ
2005 йилнинг 13 майда «акромийлар» деб аталган гуруҳ вакиллари Андижонда ҳарбий қисмга ҳужум қилиб, қуролларни қўлга киритишган. Кейин улар турмага ҳужум қилиб у ердаги 500 дан зиёд маҳкумларни озод қилишган. Ҳокимият биносини эгаллаб, бир қанча амалдорлар, прокурор ва ҳарбийларни гаровга олишган эди.
Ўша куни Андижоннинг Бобур майдонида бир неча минг одам тўпланган эди. Улар орасида озод этилган маҳкумлар, қуролланган “акромийлар” ва ўз маиший муаммоларини айтиш учун ёки шунчаки қизиқиш юзасидан келган оддий андижонликлар бор эди.
Қўзғолон ташкилотчиси ва “акромийлар” гуруҳи етакчиларидан бири бўлган Қобул Парпиев ўша пайтдаги Ички ишлар вазири Зокир Алматов билан музокарага киришади. Парпиев Алматовдан «акромийлар» асосчиси Акром Йўлдошев ва бошқа сафдошларини қамоқлардан озод этиш, Ўзбекистондан чиқиб кетиш учун коридор очиб беришни талаб қилади. Телефондаги суҳбатдан Алматов талабларини бажаришга ваъда берганини эшитиш мумкин. Бироқ кун якунида ҳукумат оломонга қарата ўқ ёғдиради. Оломон ичида юзлаб оддий андижонликлар бор эди.
Қуролли қўзғолон етакчиси Қобул Парпиев, ўша куни Қирғизистонга қочишга муваффақ бўлади. Бироз вақт тоғларда яшириниб юради. Кейинчалик у ўзбек махсус хизматлари томонидан ҳибсга олиниб 20 йилга озодликдан маҳрум қилинди.
Собиқ ички ишлар вазири Зокир Алматов билан “Акромийлар” гуруҳи етакчиси Қобул Парпиев ўртасидаги 2005 йил 13 майдаги келишув суҳбати.
– Алло.
– Эшитаман.
– Қобилвой.
– Анови одамни биласан, Акромов Йўлдошмиди?
– Йўқ, Йўлдошев Акрамжон исми.
– Йўлдошев Акрамжон. Яна анови биттаси Қаршида экан.
– Йўқ. Тошкентда эди.
– Э, йўқ Қаршида экан. Манга ҳозир доложит қилишди-ю.
– Хўп, хўп…
– Бу иккаласини санга олиб келиб бераман.
– Хўп.
– Иннанкейин, қанча автобус, машина десаларинг санга бераман.
– Хўп.
– Чегарани очиб бераман санга. Шунга келишамизми?
-…
– Мен айтдиму. Мана ҳокимам мани олдимда турибди. Мен сенга президент кафолати, ҳеч ким тегмайди. Сопровождение билан, чегарани очиб бераман.
-…
– Мана сан ҳоким билан гаплашгин.
– Хўп.
– Қобилжон
– Эшитаман.
– Мен Бегалиман, яхшимисиз. Мана юртбоши менга айтди, бориб гаплашгин деди. Битта тукиям тўкилмасин деди. Ҳаммаси менинг фарзандларим деди. Кафолат бердик деди. Мен сенга йўлак қилиб бераман 50 метр. Сенинг олдингга бораман.
-Ҳозир ҳокимиятдаман. Танклар келиб, военнийлар келиб ўраяпти. Мана энди сиз айтган гап билан. Кеча айтган рацияда. Телефонда, рацияда айтилган гаплар турибди менда. Кеча айтилган гап билан ҳозирги гапингиз тўғри келмаяпти.
– Йўқ мисол учун, мен сиз билан гаплашаяпман. Юртбошим менга айтди, ҳаммаси менинг фарзандларим деди, бу тушунмовчилик деди. Мисол учун, юртбоши битта сочиниям тўкдирмайман, деди. Бўлар иш бўлди, деди. Бўпти. Тўхтанг. Зокир акам ҳам гапирмоқчи. Гаплашинг.
– Алло.
– Эшитаман.
– Умаров Нодирбек Тошпўлатовичмасми?
– Тошпўлатович…
– Иккинчиси кимди?
– Йўлдошев Акрамжон.
– Анови Йўлдошеви қатда (ёнидагилардан суриштиради)…
– Алло ҳозир ман самолет заказ қилиб олиб келтираман.
– Гап йўқ.
– Бўлмаса келишдик…
– Яхши.
– Автобусниям заранее тайёрлатийми Қобилвой?
– Автобусди… Автопаркнинг бошлиғи ёнимда ўтирибди.
– Ўтирибдими?
– Ҳа, прокурор ўтирибди. Анчагина боллар бор бу ерда. СНБни анча ходимлари ўтирибди.
– Йўқ. Келишдикми? Ман гапимни уддасидан чиқаман. Президентнинг кафолатини айтаяпман. Чегарани очиб бераман.
– Все все. Келишдик ака.
– Хозир ман бу икккаласини ман обкелтираман.
– Хўп.
– Кутаман.
– Келишдикми?
– Келишдик.
– Ҳоким сани олдингга борсинми?
– Келсин, келсин. Безопасность учун ман жавоб бераман.
– Ёнида иккита ходим бўлади. Ўртада ўзи бўлади. Оқ плакат кўтариволади.
– Бўпти.
– Болларингга айт тағин тепадан биттаси отиб қўймасин.
– Безопасность 100 процент гарантия. Менда унақа нарса йўқ.
– Бўпти. Анжанчасига бўлсин буяғи.
– Гап йўқ. Келишдик.
(аудио парчаси тугади)
Манба: Eltuz.com