O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Анжуманда султон тушса, рақсга…

Анжуманда султон тушса, рақсга…
147 views
29 January 2015 - 8:33

190-йиллар шеърияти туркумидан

Қалбидан ўчмасин…    
Қалбидан ўчмасин, элнинг достони,
Ёдидан айрилган эллар, қул бўлар.
Бузулмасин, эрнинг юрак қўрғони,
Шижоат овланса, қизлар тул бўлар.

Анжуманда султон тушса, рақсга,
Жин-ажина кирар, гулдурос қарсга,
Юрт куни қолмасин, сур билан қўрсга,
Амал тегса қўрсга, ҳаёт терс бўлар.

Йигитнинг бўлмаса, асли нишони,
Излар ихлос билан шуҳрат ва шонни,
Ёнига тортади, пирсиз эшонни,
Қурийди дарёлар, боғлар чўл бўлар.

Қустириб, элларга йиринг билан қон,
Олдига ёздирган сархил дастурхон,
Зотини сўрсангиз, у думсиз шайтон,
Ёмон от қозонар, яхши кул бўлар.

Тўрт кунлик диёрда ғафлатга ботма,
Сафо, мол, дунё деб, имонинг сотма,
Еб-ичиб, сояда, мурдадек ётма,
Ҳунарлилар унар, эпсиз қул бўлар.

Вайрона келгай       
Ҳар юртнинг бўлмаса, суянчи, тоғи,
Аввалида, эрлар туғёна келгай.
Тобталар ғурури, қурийди боғи,
Сўнггида, руҳсиз тан вайрона келгай.

Ичда ишқнинг порламайди чироғи,
Йиқилади, ўртаҳоллар рўзғори,
Муз устида қаллоб қилар шудгори,
Ўғрининг ошиғи, олчига келгай.

Фоҳиша кезмайди, кечама-кеча,
Бойлар қиз қидирмас, кўчама-кўча,
Бузуқ ишлар урчир, ўкчама-ўкча,
Элнинг номус-ори, талона келгай.

Орифлар чорасиз, тортарлар нолон,
Золимлар, пирларга улашар эҳсон,
Пистирмада подшо капчабош илон,
Давлатнинг ишлари, нуқсона келгай.

Азонни эшитмас, муаззин бори,
Меҳробда имомнинг оғулаш кори,
Масжиддан айрилиб, ёш билан қари,
Мўминлар янглишар, фолбинга келгай.

Топилмаса, Сафо, элда ҳушли бош,
Қиличин қайрайди, бир-бирига қош,
Иккита кўз бўлмас, бир йўлда йўлдош,
Қутқудан, диёнат гирёна келгай.

Адолар қани?    
Ислом осмонида кезса, булутлар,
Қарғага овланса, лочин бургутлар,
Дастурхон тўрида ўтирган пирлар,
Сават бош эшонлар, хўжалар қани?

Мўминлар тангликдан, оғулар тотса,
Узун кечаларда, қон йиғлаб, ётса,
Имомларга бойлар, ошлар ошатса,
Жамоатга ёвғон, гўжалар қани?

Асир бўлса, ёлғонларга муҳаббат,
Юз ўгирса, умматлардан оқибат,
Қабрида тинч ётадими, Муҳаммад?
Дорга бошин тиккан, фидолар қани?

Ғайрати йўқ эрлар иши ўнгланмас,
Мутеликда эллар, ҳеч-да тобланмас,
Имонсизлар, муҳтожликдан борланмас,
Хожа Аҳрор янглиғ, гадолар қани?

Аллоҳнинг тупроғи ёмонга мулкдир,
Деҳқонлар далада қуруқ бир тулпдир,
Пайҳон бўлган орли, имонли қалбдир,
Юртбошининг сўзи, ваъдалар қани?

Шайхлар ўйнашарлар аҳли жин билан,
Жоҳиллар эгарда, дилда кин билан,
Дунё яшаради, собит дин билан,
Сафо, Ҳақ ишига адолар қани?

Сафо Турон