O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Араб оламидаги қўзғолонлар муваффақияти сири

Шу кунларда араб оламида содир бўлаётган ўзгаришларни ким кутган эди деб ўйлайсиз. Бу ходисалар шундай бир мустаҳкам ўрнашиб олган мустабид ҳокимиятлар остида нафақат кутилган, балки ҳеч кимнинг хаёлига ҳам келган эмасди. Ҳа, жуда узоқ муддат томир отиб ўрнашиб олган, давлат бошқарувини ноқонуний суратда мерос каби ўзиники қилиб олган, халқ иродасига бўшатиб беришни хаёлига ҳам келтирмаган ҳокимлар кўз очиб юмгунча қисқа муддатларда бирин кетин ағдарила бошлади.

Араб оламидаги қўзғолонлар муваффақияти сири
156 views
18 September 2011 - 7:40

Шу кунларда араб оламида содир бўлаётган ўзгаришларни ким кутган эди деб ўйлайсиз. Бу ходисалар шундай бир мустаҳкам ўрнашиб олган мустабид ҳокимиятлар остида нафақат кутилган, балки ҳеч кимнинг хаёлига ҳам келган эмасди. Ҳа, жуда узоқ муддат томир отиб ўрнашиб олган, давлат бошқарувини ноқонуний суратда мерос каби ўзиники қилиб олган, халқ иродасига бўшатиб беришни хаёлига ҳам келтирмаган ҳокимлар кўз очиб юмгунча қисқа муддатларда бирин кетин ағдарила бошлади.

Аллоҳ таоло айтади: “Улар макрларини қилдилар. Биз ҳам улар сезмаган ҳолларида бир “макр” қилдик. Энди улар қилган макрлари оқибати қандай бўлганини кўринг – Биз уларни ва барча қавмларини қириб юбордик. Мана улар золим бўлганликлари сабабли уйлари ҳувиллаб қолди! Албатта бунда биладиган қавм учун оят ибрат бор”. Намл сураси, 50-52 оятлар.

Бир қанча йиллар давомида зулм остида яшаб келган мусулмон, хоссатан араб оламига ўзгариш шабодалари эсмоқда. Шу билан бирга бу ҳаракатлар ўз ортида ибратли холатларни қолдириб кетмоқда. Шундай экан бир эътибор қилиб қарайликчи, бу ҳаракатлар қандай амалга ошди ва нима учун муваффақиятли бўлди? Албатта буни билиш халқимизнинг келажакдаги ҳаракатлари учун фойдадан холи эмасдир.

Мавжуд тузумларни ўзгартириш фикри Араб оламида янгилик эмас. Яқин ўтмишда араб олами бундай мақсаддаги бир неча ҳаракатларга гувоҳ бўлган эди. Уларнинг баъзилари тинчлик йўли билан, баъзилари эса бошқа услубда бўлган. Лекин уларнинг биронтасига ҳам муваффақият ёзилмаган. Тунисда бошланган илк қўзғолон эса муваффақиятли бўлиб, омадсиз тажрибалардан кейин тақдирга тан бериб яшаб келаётган араб оламини қоплаб олган умидсизлик тўрини парчалаб ташлади. Бирин кетин араб халқлари бош кўтара бошлади. Берилган қурбонларга қарамай сабот билан турди.

Табиий савол туғилади: Бу муваффақиятлар сири нимада экан?

Бу сафарги араб қўзғолонларида халқнинг катта қисми иштирок этгани сир эмас. Аввалдаги ҳаракатларда эса одамларнинг маълум бир қисмигина иштирок этган, оқибат эса муваффақиятсизликка дучор бўлган. Буни англаш қўзғолонларни мақсадга эришишидаги биринчи омил. Аслида бу фақат араб оламидаги қўзғолонларгагина тегишли эмас, балки қаерда бирон қўзғолон муваффақиятли бўлган бўлса, унда халқнинг катта қисми иштирок этганини топиш мумкин.
Қандай қилиб одамлар бир фикрга жамланди экан? Нима учун?
Бу атрофда фикрлар турли бўлиши мумкин, лекин кўпчилик фикрича одамларни жамлаган нарса халқнинг барча томонларида муштарак бўлган адолатли талаблар. Зеро халқнинг катта қисми ўзаро ўрталарида муштарак бўлган адолатли масалалардагина жамланиши мумкин экан.
Бу ерда шуни қўшимча қилиш мумкинки, муштарак талаб ва таклифлар бир халқдан бошқасида фарқ қилиши, баъзи хақларда муштаракдан кўра бир бирига зиддиятлари кўп бўлиши мумкин. Баъзиларда эса буни акси. Лекин нима бўлганда ҳам, жамиятдаги муштарак нарсаларни нисбатини аниқлаш ҳамда улар устида жамлана олишида ўша жамият етиб борган онгги асосий роль ўйнайди.
Халқнинг катта қисми иштирокида амалга оширилган мустабид ҳокимларни қулатиш муваффақиятли бўлгани каби, давлатни қайтадан тиклаш, унинг тузум пойдеворларини мустаҳкамлашда ҳам халқнинг катта қисми иштирок этиши муваффақият гарови бўлади.
Демак хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, араб қўзғолонларидан оладиган катта дарс: халқлар катта қисми умумий муштарак масалаларда биргаликда иштирок этмас ҳамда бу адолатли муштарак масалаларни англаб етмас экан, ўзгариш ясай олмайди. Агар бу ишларда танбаллик қиладиган бўлса, у ҳолда мазлум ҳолда мустабид тузум остидаги ҳаёти давом этиши муқаррардир.

Тоҳиржон қори ЎХҲ Муассислар Мажлиси аъзоси