Матназар АБДУЛҲАКИМ
ТАНЛАНГАН АСАРЛАР
1 – жилд
“ОЙДИНЛИК” КИТОБИДАН
АРЗ
— Уйим куйди менинг, хон оға!
— Не бўлди? Ким бузди инсоф — бурчини?
— Карвонсаройда бир ухлаб — уйғонсам,
Ёнимда йўқ тилло тўла хуржуним.
— Шунчалик ҳам қаттиқ ухлайсанми, ғофил!
Қиласан-а яна уялмай ҳасрат.
— Бир қошиқ қонимдан ўтингу, лекин.
Сизни уйғоқмикан дебман, онҳазрат.
— Донишманд экансан. Раҳмат, мусофир!
Энди саройимда бир кун меҳмон бўл…
Эртаси уйғонса хуржун ўрнида,
Устида чопилган бир жуфт қўл…
…Бизлар ҳам кўп ёмон қаттиқ ухладик.
Доҳийлар уйғоқ деб кўнгил бўлгач тўқ.
Уйғониб қарасак — йўқдир дарёлар,
Уйғониб қарасак — денгизимиз йўқ.
Лекин бир ғаройиб фарқи шунда-ки,
Барин ухлаб ётиб ичган ўзимиз.
Бугун башарият олдида, мана,
Оқ пахта деб қаро бўлди юзимиз.
Қолаверса, қани, не чорамиз бор
Айбни бир-бировга тўнкашдан ўзга?
Кимга ҳам ёқарди олтин қўлини
Кестириб ташлатиш денгизга.
Сув эмас, қўлларга тўлмасми Орол
Ногирон қолдириб ёш-қаримизни.
Қармоқ солиб сўнгра балиқ ўрнига
Тутиб емаймизми қўлларимизни?.
(давоми бор)