2018 йилнинг феврал ойида Хоразм диёрининг буюк шоирларидан Матназар Абдулҳаким туғилганига 70 йил тўлади.
Олинган норасмий хабарларга кўра, шу кунларда Ўзбекистонда Матназар Абдулҳакимнинг 10 жилдлик тўла асарлар тўплами нашрга тайёрланаяпти.
Биз ҳам раҳматли шоирнинг 70 йиллик санаси муносабати билан унинг 2 жилдлик китобидан шеърлар эълон қилаяпмиз.
ЎХҲ редакцияси
* * *
Матназар АБДУЛҲАКИМ
ТАНЛАНГАН АСАРЛАР
1 – жилд
“ОЙДИНЛИК” КИТОБИДАН
АРМУҒОН
Қайси эзгулигим бадалига бу,
Қандай хизматимнинг эвази,
Ниманинг ҳосили, ақлим етмас сира,
Қайси эккан боғим меваси?
Не яхшилик қилган эдим дунёга,
Кўргазган эдим мен қандай каромат?
Қайси чўнтагига киритдим
Бу даража улкан даромад?
Қайси фалокатдан асраб қолдим уни,
Бунча улкан қилди бахт улушини —
Ёлғиз кетаётсам, армуғон этди
Нотаниш қизнинг бир кулишини!