Актерлар кимнингдир қандайдир бир “артистлик” қилганини кўриб қолишса бир иборани қўллашади: “аслида ҳаммамиз артислармиз, лекин биров буни ошкор қилиб қўйса, яна кимдир умрбон пинҳон сақлайди”. Артистлик артистга касб ва уни биров айблай олмаса ҳам керак, лекин бошқа одам қанақадир бир “рол ўйнаб” қолса уни ҳам “артист” га чиқаришлари ҳеч гап эмас.
Баъзида кўрамизки, кимдир қайсидир иши билан фахр қилади. Лекин унга ўша ишда нўноқ эканлигини айтинг, тан олгиси келмайди. Фош қилсангизчи, унда сизни ўзига душман деб эълон қилади. Масалан, камина ошпаз эмасман, лекин кимнинг пиширган оши яхшию, кимники ёмон эканлигини фарқлай оламан. Бунинг учун махсус ошпазлик мактабидан ўтиш ҳам шарт эмас. Демак, ҳар қандай инсон ҳам ҳар кандай шахснинг ҳунарини, унинг ўз ишига лойиқ, ёки нолойиқ эканлигини ўз билганича таҳлил эта олади.
Ўзбекистон деб аталмиш диёр мустақил бир давлатга айланганига йигирма йилдан ошди, лекин унинг ҳукумати ва президенти мамлакатни бошқаришга нолойиқ эканлигини айтмаган одам ҳам қолмади. Бироқ бу ҳукумат ҳам, лаганбардорларнинг мақтовларидан эриб яшаётган ҳукмдор ҳам мамлакатни соғлом фикрлайдиган сиёсий кучларга беришни истамайди. Негаки, бундан нафақат уларнинг ўзлари, балки улардан юқорироқда турган халқоро кучлар ҳам манфаатдор эмас.
Барча баробар “артистлик” қилаётганга ўхшайди. Бирлари мамлакат аҳли олдида “адолатлик ҳукмдор” образини ўйнаса, яна бири “дунёда тинчлик, террорга қарши кураш ва дунёда демократияни тарқатиш” каби муҳим бир миссияни амалга ошираётган кимса образини яратади. Униси ҳам, буни ҳам аслида нафақат Ўзбекистон аҳлининг, керак бўлса дунё аҳлининг яғир елкасида туриб шахсий бойлик ортиришни мақсад қилиб олган кимсалардир.
Демократия тимсоли сифатида Америка Қўшма Штатларини кўриш одат бўлиб қолди. Гўёки АҚШ дунёда демократия тамоилларини тамсил қўлувчи бир куч, адолат тантана қилган мамлакат! Аслида ундай эмас! Америкада неча сиёсий партия бор деган саволни қўяйликчи. Аниқ жавобни АҚШнинг ўзида яшаёдиган сиёсатдонлар ҳам билишмаса керак. Юздан ортиқ расмий фаолиятда бўлган сиёсий партиялар бор у ерда. Бироқ сайловларга келганда доимо икки партия ҳокимият учун “курашади”. Демократлар партияси ва Республикачилар партияси. АҚШ парламенти, сенати ҳам шу икки партия вакилларидан ташкил топади. Қолганларчи? Улар қўғирчоқми, ёки АҚШ сиёсий ҳаётидаги “турли сиёсий кучлар” ролини ўйнаб бераётган артистларми?
Ўзбекистон Республикаси мустақил мамлакатга айланган даслабки кунларданоқ АҚШ ва Ўзбекистон орасида дипламатик ва ҳамкорлик муносабатлари бор. Ташвишланарлик томони, демократияни тамсил этувчи мамлакат бўлган АҚШ Ўзбекистондаги диктатура режимига, унинг хурмача қилиқларига домо панжа орасидан қараб келади. “Негадир” деймиз, ана шу “неганинг” жавоби будир: АҚШ расмий ҳукумати диктатор Каримовнинг Ўзбекистон ҳукумати тепасида қолишига тарафдор! Шунинг учун ҳам ҳали бирор марта бўлсин, Каримов ҳукуматига бирор жиддий нота ҳам бермаган!
Шундай бўлсада, АҚШнинг турли-туман жамоат ташкилотларида бунинг аксини кузатамиз. Яъни расмий АҚШ ҳукумати билан жамот ташкилотлари Америкаси тубдан фарқ қилади. Масалан, дунёнинг энг ривожланган Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ва ҳамда турли гуманитар фондларнинг аксар қисми айнан АҚШ ҳудудларида жойлашган.
Америкадаги банк корчалонлари бутун дунёни глобаллаштириш сиёсатини олиб боришмоқда. Яъни, келажакда дунё молияси бир жойга йиғиладиган ва иқтисод ҳам бир нуқтадан бошқариладиган бўлади. Бизнинг ҳукмдор шу режа бўйича иш олиб бораётган қудратлик кучлар олдида бош эгиб турибди. Ғарб уни мана шу хизмати учун қардламоқда. Бу лойиҳа яқинда ишлаб чиқилгани йўқ. Унга қарши тура оладиган куч эса, ўзининг режалик иқтисодини йўлга қўйган социалистик мамлакатлар лагери эди. Шундай бўлсада, дунёни мустамлакага айлантирувчи кучларнинг бу режасига Эрон, Хитой каби мамлакатлар қарши турибди. Эронни муаммолик мамлакатларидан бири деб қаралишининг асосий сабаби ҳам шу.
Саудия Арабистонида одамларни хўрлаб ўлдириш, инсон ҳақларининг топталиши Эрондагидан ҳам бадтар. Лекин Ғарб Ас-Саудларни санкциялар, ёки бомбалашлар билан қийнаётгани йўқ. Ажабланарлик эмасми бу ҳол?
Айтишларича, мустақил бўлганимизга йигирма йилдан ошдибди ва бу билан дўппимизни осмонга отишимиз керак. Мутлоқ ёлғон! 1991 йилда Ислом Каримов ва унинг оиласи ўз халқидан мустақил бўлди. Каримов ҳукумати Ўзбекистон бойликларини талон-тарож қилиб келаяпди ва ҳозиргача дунёнинг бирор банкида Ўзбекистон Республикаси номига ҳисоб рақами ҳам очилмаган. Ислом Каримов, Гулнора Каримова ва Лола Каримоваларнинг ҳисоб рақамлари бор ва уларга Ўзбекистон пуллари тушади. Ҳукмдор марҳамат қилса эл яхши яшайди, аксида эса йўқ. Лекин у элга марҳамат қиладиганлар хилидан эмас!
Кишилар нима учундир сохтакорлик қилишни ҳам артистлик деб қабул қилишади. Албатта киноя билан. Масалан, кимлардир бизда шундай маддоҳлик қилади: “Ислом отамиз….”, ёки “Юртбошимиз….”., “Сиз отамиз, сиз азизимиз, шубҳасиз сиз бўлмасангиз шўримиз қуриган бўларди…?”. Ортидан эса турлик мақтовлар ва ҳамду сано айтишлар. Худди ўша маддоҳлар ҳам артистлардир. Каримов клани мағлуб бўлса биринчилардан бўлиб айнан ўшаларнинг ўзи Ислом Каримовнинг гўрига ғишт қалайди. Буни “юртбоши” билмайдими? Билади! Билгани учун ҳам куни битиб боргани сайин, ўз атрофидагиларни ҳам қурбон қила бошлади. Бунақа шахслар учун инсон фактори бирор муҳим рол ўйнмайди, балки аксинча, инсонга улар худди ўзининг шахсий бир мулки, қули каби муносабатда бўладилар.
Ғарб учун эса бизнинг “юртбошидек” диктаторлар жуда керак. Ўз халқини манипуляция қилаётган ҳукмдорлар умумжаҳон глобаллашув режасига хизмат қилса, демак бундай диктаторларни имкон даражасида сақлаб қолмоқ керак. Ғарб режасига қарши турадиган диктаторларни кўрганда эса ғарбнинг демократлиги “тутиб қолиб”, ундай ҳукмдорга қарши ўз армиясини сафарбар этади. Сўнги йилларда қулатилинган диктаторга разм қилинг, улар демократик дунё деб аталадиган “алянснинг” ноғорасига ўйнашни истамаган диктаторлардир. Тўғри, Тунисда, Мисрда Исроил ва АҚШнинг қули бўлган диктаторлар ҳам қулатилинди, лекин натижа нима? Тағин у мамлакатларда норозилик, тағин янги бир инқилоб содир бўлиш арафасида турибди улар
Ўзбекистончи? Ўзбекистоннинг келажаги ҳар ўзбекни ва ҳар ўзбекистонликни ташвишлантириши керак. Бу Ватан бугун мустақил эмас, илло, мустақил бўлгудек бўлса “глобаллашувчилар” уни ер билан яксон қилади. Дунё технологиялар билан тараққий этган бир даврга кирди ва бунда куч Ғарб томонида. Энди мусиқани улар буюришади, биз эса муқом қиламиз.
Дунёнинг оддий халқи турли – туман ҳукмдорлар учун сариқ чақа ҳам турмайди аслида. Диктатура деб атаймиз, қачонки оломон ҳукмдорга жавдираб, қўрқувдан зир, зир титраб турса ва ҳамма вақт фақатгина ҳукмдордан адолат кутса. Эл кўр кўрона уларга ишонишини, фақат уларга сиғиниши орзу қилишади.
Демократия деймиз – қачонки элни ёлғонларга ишонтириш, уларнинг миясини турли-туман ақидалар билан тўлдириб ташланса, сўнгра омма фикрини ҳар хил миссиялар орқалик манупуляция қилинса. Одатда шундай! Демак, қани у Олий ҳақиқат? Олий ҳақиқат эса аслида абстракт ва у мутлоқ йўқ! Уни ҳар ким ҳар жойда топганини даъво қилиши мумкин, лекин бу ҳам шунчаки “артистлик” бўлиб қолади.
Тўлқин Қораев
Швеция