Муаллиф: Аъзам Ҳошимий
Таржимон: Абу Ҳафс Туркистоний
Самарқанду Бухоронинг қонли кечмишлари
(20)
Аслаҳа таққан шайх
Эртаси субҳ вақтида рухсат олиб икки суворий мужоҳид ҳамроҳлигида йўлга тушдик. Кун бўйи юриб кечга яқин бир тоғнинг этагига етиб бориб кечани шу ерда ўтказдик.
Бомдод намозидан сўнг сут ва толқон тановул қилиб сафаримизни давом этдирдик. Аста-аста “Тахта қорача”нинг баланд тоғларига кўтарила бошладик.
Тоғнинг нариги тарафида қизил аскарларнинг қароргоҳи жойлашган бўлиб аҳёнан уларнинг кузатув марказларига жуда ҳам яқин келиб қолардик. Мумкин қадар овоз чиқармасликка тиришиб эсон-омон шом вақтида бир кўкаламзорга етиб бордик.
Раҳбаримиз: “Нима дейсизлар, тахминан 2 соатлик масофа қолди. Шу ерда тунаймизми ёки давом этамизми?” — деб маслаҳат солди.
Сафарни давом эттиришга келишиб, ойнинг ёруғида йўлга тушдик. Тўлин ойнинг нури бутун атрофни янада гўзаллаштириб юборди.
Хуфтон намози ўқилгандан сўнг манзилимизга етиб бордик. Меҳмонхонага тушиб таом сўрадик, хизматчи зоғора нон билан бир косада сут ҳамда чой келтириб олдимизга қўйди.
Меҳмонхонада биздан бошқа 40-50 нафар киши бор эди. Бу ернинг одати бўйича, бу ерга келган ҳар бир меҳмон ўзини таништириб келиш мақсадини ҳам билдирар экан. Биз кичик бир мактубни ичкарига киргизиб юбордик.
Бир оз вақтдан сўнг бир нуроний, қурол-аслаҳа таққан шайх кириб келди. Ҳамма билан бирма-бир саломлашгандан сўнг, мен томонга келди.
Ному-насабимни суриштирди, бир оз ҳол-аҳвол сўрагандан кейин ўзи билан ичкарига олиб кириб кетди. Ичкаридаги хона қурол-яроғ омбори бўлиб шайхга ибодатхона вазифасини ҳам ўтар эди. Шайх Бухоро мадрасасида таҳсил кўрган, чамаси 50 ёшлар атрофидаги бир киши эди.
Шайхнинг хонасида исломий мамлакатларнинг биридан ташриф қилган бир бузрук ҳам бор экан. Мени унга таништириб:
— Бу йигит Ҳўқандий ҳазратларининг жиянлари бўлади. Кўп ибратомуз кечмишлари бор — деди.
Шайх мендан Фарғона ҳолатларидан сўради. Мен уч ой ичида Самарқанд, Бухоро, Қарши, Шаҳрисабз ва бошқа жойлардаги кўрган воқеаларимни батафсил сўзлаб бердим. Иккала бузрук ҳам жимгина охиригача тингладилар.
Сўнгра шайх: “Аз мо астки, бар мо аст. Бу ҳамма бўлаётган нарсалар ўз амалларимизнинг жазосидир. Бу жазо куфр ва даҳрийлик зулматига тўла бўлган азоб-уқубатлар кечасидур” — деди.
Келган меҳмон ўзининг бу ерлардан умиди узилганини билдириб, бу ватандан ҳижрат қилиб Афғонистон ёки бирор исломий юртларга ўтиб кетиб осуда ҳаёт кечиришни маслаҳат берди.
Шайх эса: “Мақсад бир менинг ва бир неча мужоҳидларнинг оромлигида эмас, балки бутун мусулмонларнинг дини-иймонини сақлаш ва ҳимоя қилишдир. Туркистон уламолари мусулмонларни ёлғиз ташлаб кетмасликка қарор қилишган. Мужоҳидларимиз Эрон, Афғонистон, Туркия, Арабистон, ҳатто Ҳиндистоннинг катта-катта жамоатларидан мадад сўраб номалар жўнатишди, лекин исломий биродарлик ва ҳамдардликнинг амалий нишонаси кўринмади. Ҳеч бўлмаса русларнинг зулми, мужоҳидларнинг қурбонлари ҳақида оламни огоҳ этинглар, дея талаб қилдик. Афсуски, бу талабимиз ҳам қондирилмади. Энди айтингчи, қайси боҳиммат мусулмон юрти қолдики, бизга бошпана бўлса? Бундан ташқари баъзи юртларнинг ҳурриятсевар фирқаларининг доно раҳбарлари қизил босқинчиларни кўкларга кўтариб мақтаб юришибди. Катта-катта қўмондонларимиз, иқтидорли намояндаларимиз Афғонистонга ҳижрат этишди, ҳатто Бухоро амири ҳозирда “назарбандий”ликда ҳаёт кечиряпти, энди бизга паноҳ берадиган биронта юрт қолмади. Энди бизлар фақат Аллоҳгагина юзландик. Ҳеч қайси юртдан паноҳ ҳам, ёрдам ҳам сўрамаймиз,” — деб хомуш бўлди.
Меҳмоннинг кўзларидан қуйилиб ёшлар оқарди. Ҳужра ичига чўккан ғамгин сукунат узоқ вақт давом этди.