Ўзи бизга “Бу кунингдан ўлиб қўя қолганинг яхши!” дейдиган одамнинг ўзи йўқ!
Бугун иш билан Тошкент кўчаларига чиқувдим.
Ресторан, ошхона, сарторошхона, дўконлардаги ёзувларни ўқиб туриб, “Ё товбангдан-ай! Тунда ғарибона кулбамда уйқуга кетиб, наҳотки, тонгда Россиянинг қайсидир шоҳона шаҳрида уйғониб қолган бўлсам?!”, дея нақд эсим оғаёзди!
Қаёққа қараманг рус тилидаги ёзувлар!:
Бир емакхона очилибди. Пешонасига қўндирилган ёзувга қараганда, номиям ўзгача: “Европиские блюды”- (Мен ҳали бу ёзувларнинг имло хатолари хусусида тўхталиб ўтирмайман. Бу алоҳида мавзу)
Саҳал нарига ўтсам, ўзи бўладигани ғарибгина сарторошхона. Бу салон қургур эса пешонасини “Салон красоты” деган сўз билан қашқа қилиб олибди. Яна камига “Стрижка, прческа…” дея аллабмало сўзларниям қўшиб қўйишибди…
Бошқа бир музофот ошхонаси тепасига эса, “блюды” деган сўз таъбларига ўтирмаган чоғи, “Европийские еды” деб қўя қолишибди.
Бу ёққа қарасанг, “Китайские еды”, у ёққа қарасанг, “Корейская кухня”, бери келсанг “Уйгурская лагман”… Ҳаммаёғи ҳорижники-ю! Хатто хўрозқанти ҳам! … Хўш, бу таомларни менинг кўнглим тусамасачи?! Балки Шотландия таомномасини кўздан кечиргим келаётгандир?…. Энди нима қилдик?
Дарвоқе, бу дабдаба-ю сунсулаларнинг ичида ўзбекнинг ўзини таъби-дилига ўтирадиган емакхонасиям бормикан-а, деган ўйда атрофга олазарак бўлдим… Йўқ, ҳартугул, ҳу-ууув ана, тўғрироққа бориб ўнгга, кейин чапга бурилиб, яна камгина сўлга қайрилсангиз бўлди экан! “Свадебный плов” ҳам бор экан-а, ҳарчи, хайрият-эй!
Биттаси эса катта-катта ҳарфлар билан гуё харидор “имлаяпти” экан! Нима эмиш, “Мы открылись!!!” эмиш! “Биз –очилдик!”ми? Хай, яхши бўпти. Эшигингизни очган бўлсангиз, очибсиз! Шусизам, ҳамма корхонанинг эшиги эрта тонгдан очилиб, кечга бориб ёпилади! Шунга шунчами?! Балки “Очилдик” эмасдир? Эҳтимол, “Биз иш бошладик!”, “Биз ишга тушдик!”, ана боринг-э, сиёсат қиладиган бўлсак, “Биз ишчи ўринлари яратдик!” бўлар?! Ҳа, нима, сиз об қочганда, биз об қочсак, бўлмабдими, энсангиз қотади?!
Бир дўконнинг аталишини кўринг: “По карману”. Дабдабани қаранг! Ичига бош суқсангиз, нарх-навосини эшитиб, лабингизга учуғ тошади-ку ўзи! Яна нима эмиш, “По карману” эмиш! Ундан кўра, исмини жисмига монанд қилииииб, “Ужис” деб қўя қолса бўлмасмиди, нима қиларди, бечора биз – содда ўзбекларни қулоғига лағмон илиб, “Ҳамёнбоп” деб, алдаб?! Нима, бу билимли бойваччаларнинг рус тилидан луғат бойлиги камми дейман-да! Ёт тилни ўзлаштириб олиб аранг, сўз мулкида саргардон юрганини қаранг!
Бир магазин пештоқига боқсам, “От А до Я” дея битиб қўйишибди. Бу китоб дўконида биринчи синф ўқувчиларига “Алфавит” сотишаркан-да дея хаёл қилибман-а мен содда. “Кел, жиянчамни хурсанд қилсам, қила қолай, Алфавит ола қолай” деб қадам ранжида қилсам, қайда! Китоб магазинимасакан! Рўзғор буюмлари дўкони экан. Товба! Алфавитнинг бош ва охирги ҳарфини қўйиволишга, харидорни алдаб чақириб олишга бало борми? Кошки мен кабилар бунинг маънисига етса! Феълан тўппа-тўғри бўлган ўзбек “От А до Я” деган “ишора”ни тушунадими? Тўппа тўғрилигича қабул қилади, қўяди-да! Ўзбек шўрлик “От А” билан “До Я” деган топишмоқ ёзув ҳақида “Буниси тағин нимасийди?!” дея бош қотирсинми, харидини қилсинми, тирикчилигига қарасинми, пахтасини терсинми, молига ем берсинми, ғалласини ўрсинми? Қай битта ишига бўлсин биттагина ўзбек шўрлик! Биз каби камтарларга “От А до Я” дея бошқотирма айтишнинг, қийнашнинг нима кераги бор-а? Хай, молинг харидоргир бўлишини ҳоҳларакансан, шуни сидиримгина қилиб, ўз тилимизда, ўзбекчада “Минг бир хил рўзғорпоп моллар” деб қўя қолсанг бўлмайдими, хумпар?!
Хуллас, “Электрические товары” дейсизми, “Тысячи мелочей” дейсизми, ҳамма “МАЙДА-ЧУЙДА”си шу ерда – пойтахт Тошкнетда!
Ҳаҳ, нимаям дерди?! “Оч бола билан тўқ бола ўйнамас, тўқ бола ҳеч нарсани ўйламас” дейишармиди?! Минг битта дўкони бор бу оқсуяк “элета”, ўзига тўқ бу “задогон”лар ўз она тилида гапиришни қалоқлик деб биларкан, ҳатто дўкону ошхонаси, қад қилган шахобчаларига ўз тилида, ўзбекчада от қўйишга ҳам ор қиларкан-а?
Ё бу “интернационализим” иллатими?
Жудаям “интернационал” халқмизда. Керагидан ортиқ! Керак бўлса, ўзни, тилни, ўзликни, миллатни қурбон қилиб юборар даражада-а!…. Қойил-э!
Яхши, интернационалмизга каминанинг қаршилиги йўқ. Яшасин миллатлар ҳамдўстлиги! Биз ҳам ҳамма қатори тинчлик ва дўстлик тарафдори!
Фақатгина бу телба дил бир орзу истайдур, бу кемтик кўнгилни бир амрон тирнайдур: Нима кўп, ўрис оғаларимиз юртида ҳамюртларимиз кўп.
Истардимки, маҳалламиздаги Самадқул амакимнинг кичик ўғли Маматқул ҳам Московда, Кремил бўсағасида кичиккина устахона очса. Дўконининг пештоқига “Этикдўз” дея ёзиб қўйса, қандай бўларкин?
Бир пайтлар ўзбекнинг барқулла ўрислашиб кетувини Россия истеълоси билан боғлашни хуш кўрардик, айбни босқинчиларга қўярдик…
Энди-чи, энди ўз уйимизни, ўз дўконимизни ўз тилимизда аташга, ўзбек тилида от қўйишга кимдан, нимадан қўрқаяпмиз?
Хув ана у дўконни, “По карману”ни ўзбекона қилиб “Ҳамёнбоп” десак, тилимиздан ҳакка чўқийдими-а?
У эмас, бу эмас, ўзбекда миллий ғурур, ифтихор, миллий ор йўқ, борми, бўлса, қани?
“Аслида ўзимизни уриб кетган!” дейдиган мард йўқ, топиладими, топилса, қайда?….
Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА
Мустақил журналист