O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

АСЛ ШОИР РАУФ ПАРФИНИНГ ИККИЖИЛДЛИК САЙЛАНМАСИ ДУНЁ ЮЗИНИ КЎРДИ

АСЛ ШОИР РАУФ ПАРФИНИНГ ИККИЖИЛДЛИК САЙЛАНМАСИ ДУНЁ ЮЗИНИ КЎРДИ
2,684 views
19 October 2022 - 17:23

БУГУН камина учун хайрли кун бўлди. Тошкентга бориб дилбар шоирамиз Гўзал Бегим қўлидан улуғ ёзаримиз Рауф Парфининг 2 жилдлик “Сайланма”сини олиб келдим. Қувонганим – тириклигида китоблари йиллаб нашриётларда босилмай ётган асл шоирнинг бетакрор яратиқлари қайтадан юз очаётганидир. Асал айнимас, олтин зангламас, деганлари шудир-да!
Филология фанлари номзоди Олим Олтинбекнинг катта меҳнатлари эвазига “Muharrir nashriyoti” ушбу салмоқли лойиҳани амалга оширди. Мазкур иккижилдлик “Muharrir nashriyoti”нинг рейтингини оширишга ҳам хизмат қилса не ажаб!
Уйга келдиму иккижилдликни варақладим. Таниш оҳанглар, туйғуларнинг инжа товланишлари кўнглимга чиппа ёпишди. Иккижилдликнинг 1-жилдидан (бу жилд шоир шеърларини қамраб олган) шоирнинг 1954-1968 йилларда ёзилган, ҳали эълон қилинмаган ўнлаб шеърлари ўрин олган. Бўладиган шоир бошидан маълум, деганларидек, ушбу шеърларда ҳам парфиёна қуйма оҳанглар кўзга ёрқин ташланиб туради. Иккинчи жилддан эса адибнинг насрий асарлари, адабий мақолалари, сўзбошилари, адабий суҳбатлари жой олган. Уларда ҳаққгўй шоирнинг феномени “манамен” деб кўзга ташланиб турибди.
Гўзал Бегим билан Адиблар хиёбони олдида мухтасар суҳбатлашдик. Шоира каминага ўзининг “Akademnashr”да чоп этилган “Мажнунсоат” шеърий тўплами ҳамда халқ ёзувчиси Исажон Султоннинг “”Маъсума” романини совға қилди.
Тўғри, иккижилдликнинг адади жуда кам – 500 нусха. Бу “Сайланма” яқин орада ноёб китобга айланиб қолишига шубҳа қилмайман. Олган – дармонда, олмаган – армонда қолишига ишонаман.
Гўзал Бегим билан хайрлашарканмиз кўнглимдан бир иштибоҳ кечди. Қани, энди асл шоирлар Рауф Парфи ва Усмон Носирларга ҳам шу хиёбонда муҳташам ҳайкаллар ўрнатилса!..
Муҳаммадали Аҳмадий