Қирғизистондаги ватандошларни бирлаштирувчи рус иттифоқи (ВБРИ) мамлакат президенти Алмазбек Атамбаевга Қирғизистонлик биринчи ўзбек косманавти, Қирғизистон ва Россия қаҳрамони Солижон Шариповнинг 50 ёшини миллий байрам сифатида нишонлаш таклифи билан мурожаат қилди. Бу ҳақда иттифоқ вакили 24.kg агентлигига маълум қилган.
“Дунёнинг қайсидир давлатида космосга чиққан ер юзидаги юзта одамдан битта бўлган ўзининг биринчи ва ягона косманавти юбилейини нишонламаслигини тасаввур ҳам қила олмаймиз! Унинг шуҳрати, унинг инсоний ва ҳаётий жасорати – бутун сайёрамизнинг ғурури ва шарафидир, биринчи навбатда бу ғурур – бутун Қирғизистон халқига оиддир”, – дейилади мурожаатда.
Мурожаатда келтирилишича, шу йилнинг 24 августида Солижон Шарипов 50 ёшга тўлади.
“Буюк космонавтимиз Солижон Шариповнинг Россия ва Ўзбекистонда шубҳасиз нишонланадиган юбилейини Қирғизистонда нишонламаслик – давлатнинг обрўсига путур етказади”, – деб ҳисоблайди ВБРИ.
Иттифоқ аъзоларининг қайд қилишларича, Солижон Шарипов ватанпарварлик ва интернационализмнинг муносиб намунасидир. “У ўзи учун қадрли ҳисобланган ва туғилиб ўсган севимли ватани Қирғизистоннинг байроғини ҳамма вақт ўзи билан олиб юради. Унинг шарофати билан мамлакатимиз байроғи нафақат икки маротаба космосга тикилди, балки Шимолий қутбга ҳам олиб чиқилди”, – дейилади мурожаатда.
Иттифоқ вакиллари қирғиз мулозимлари томонидан тузилган 2014 йилга мўлжалланган юбилейлар рўйхатида Қирғизистон биринчи космонавти Солижон Шариповнинг исми киритишмагани шармандалик, деб ҳисоблашади.
Ташкилотнинг вакиллари “Қирғизистон Республикасининг юбилей тадбирлари тўғрисида”ги қонунда бундай саналар – халқ ва давлат ҳаётида алоҳида муҳим аҳамиятга эга бўлган тарихий воқеалар, халқ, давлат ва инсоният олдида алоҳида муҳим хизматларга эга бўлган шахсларнинг юбилей йилидаги туғилган кунлари сифатида белгилаб қўйилганини эслатиб ўтишади.
ВБРИ Атамбаевдан “эси йўқ” бюрократ мулозимларнинг хатосини тўғирлашни ва парламентнинг танаффусда эканлигини ҳисобга олган ҳолда Қирғизистон қаҳрамони Солижон Шариповнинг 50 ёшини тантанали нишонлаш тўғрисида зудлик билан қарор қабул қилишни сўрайди.
ЎХҲ ахборот бўлими