Қирғизистон президенти яна бир бора ўзининг иккинчи маротаба президентлик лавозимига номзодини кўрсатиш нияти йўқлигини таъкидлади. Бу ҳақда Қирғизистон раҳбари маҳаллий телевиденияга берган интервьюсида маълум қилди, деб ёзади 24kg.
Шунингдек у 2017 йилда қайта сайланиш учун Конституцияни ўзгартирмоқчи эмаслигини ҳам таъкидлади.
“Конституцияни ўзгарган ҳолда ваколатимни узайтириб иккинчи муддатга сайланиш ниятим йўқ”, дейди Алмазбек Атамбаев.
1 декабрь куни Қирғизистон социал-демократик партияси лидерининг Қирғизистон президенти лавозимига сайланганига уч йил тўлди.
Давлат раҳбари “Қирғизистон каби мамлакатнинг президенти бўлиш жуда қийин иш”, – эканлигини қайд этади. Алмазбек Атамбаевнинг фикрича, бугунги кунда унинг олдида биргина мақсад бор – “қолган уч йил мобайнида максимал даражада хизмат қилишга улгуриш”дир.
Атамбаев уч йилдан сўнг Қирғизистоннинг ушбу лавозимга лойиқ янги давлат раҳбари сайлашига ишончи комил эканини айтади.
“Вазиятни англай оладиган одамнинг кейинги президент сифатида сайланиши ҳақида ўйлашимиз керак”, – дея таъкидлайди Атамбаев.
Бундан ташқари у ҳукумат, парламент ва суд тизимининг фаолияти билан боғлиқ Конституцияга ўзгаришлар киритилишига ҳам қарши эканлигини билдирди.
ЎХҲ ахборот бўлими