O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Атоқли адиб Шукур Холмирзаев – 80 ёшда

Атоқли адиб Шукур Холмирзаев – 80 ёшда
230 views
24 March 2020 - 10:48

АТОҚЛИ АДИБ ШУКУР ХОЛМИРЗАЕВ – 80 ЁШДА

Ёзувчи Муҳаммаджон Соипов устоз Шукур Холмирзаевга бағишлаб хотиралар китоби ёзди.

Тошкент шаҳар, Мажнунтол маҳалласи, шоир
ҲАМИД ПАРДАга.
Салом, дўстим!

Тунда бир-икки марта телефон қилган бўлсам-да, сиз билан боғланишни имкони бўлмади. Шу сабаб айтадиган гапимни ФБ га қўйдим. Одатингиз маълум, телефонингиз ўчик бўлганда, интернет “титасиз”.

Сизга телефон қилишдан мақсад, Ўзбекистон халқ ёзувчиси, ўзбек адабиётини йирик намоёндаси устоз – Шукур Холмирзаевга бағишлаб ёзаётган қораламани тугатдим. Бор йўғи шуни айтмоқчи эдим, холос. Ёзганларимни эсдалик дейишни ҳам, эссе ёки роман дейишни ҳам билмай қолдим. Бундай дейишимга сабаб, ҳар қандай жанр талабини бузиб, ўзим ҳоҳлагандек, ўзим истагандек эркин ёздим. Фақат кўзим билан кўрган ва қулоғим билан эшитган воқеаларга асосландим. Ўтрик гаплардан қочдим. Яширмайман, ёзишда жуда қийналдим. ”Бор-е!” деб ташлаб қўймоқчи ҳам бўлдим. Ҳаётни ҳар қандай синовини писанд қилмайдиган устозни ётиб-туришидан тортиб, босган қадамигача ўзга бир сир, ўзга бир дунё. Жуда устамонлик билан, қаергадир безак учун ёлғон-яшиқ гап қўшсангиз, қўйлар орасига кириб қолган филдек дарҳол кўриниб қолади. Боз устига устоз бошидан охиригача қараб тургандек туюлди. Ёлғон қўшсам тарсаки тортгудек туюлди.

Тадбиркор дўстим Камолиддин, “Ёзувингиз битса Москвага ё Питерга бориб, бир ҳафта маза қилиб айланиб келамиз, ҳаражатлар мендан” деган эди. Не ажабки, саёҳат насиб этмайдиган бўлди. Ўзим ҳам ишим битса енгил тортаман деб ўйлагандим. Адашган эканман. Сўнгги нуқтани қўйишим билан, бошимда кучли оғриқ турди. Бир зумда эгаси кўчиб кетган уйдек ҳувиллаб қолдим. Ўлганни устига тепгандек тун бўйи ёмғир ёғди. Кутилмаганда оғриқ юрагимга кўчиб, ҳолсизландим. Ярим тунда кўргани келган Қодир дўхтир пастки лабини тишлаб “Анча чарчабсиз, ётмасангиз бўлмайди” деб туриб олди. Уни қистови билан, бугун тонгда ИИВнинг Қорақамишдаги госпиталига ётдим.

Қораламани “Замин юлдузи” деб номладим. Дастлаб Сурхон ёки Бойсун юлдузи демоқчи эдим. Қарасам, бу ўлчов устозга кичиклик қилди. Негаки, Шукур оғани жуссаси кичик бўлса-да, ватанга, адабиётга бўлган меҳр-оқибати, садоқати, фидойилиги шундай чексиз эдики, сиғдиришга дунё етмасди.

“Замин юлдузи”ни суяги меники, эти сизники. Ўғлим Исфандиёр уни сизга етказади. Вақтингизга қараб, синчковлик билан танишиб чиқсангиз. Камчиликларни рўй-рост айтинг. Баҳолашда ҳамюртлигимиз ғов бўлмасин. Фикрингизни қай йўсинда бўлса-да етказсангиз, камтарин қулингизни боши осмонга етарди. Имкони бўлса, дўстим Набижон Боқий ҳам бир кўз югуртириб чиқса, чакки бўлмасди. Қораламадаги кўп воқелар у билан боғлиқ. Боз устига, Шукур оғани феълини ундан яхши биладиган одамни топиш даргумон.

Ўзингиздан қолар гап йўқ, мен бу қораламани газета ё журналда чоп этиш учун ёзмадим. Шу сабаб уни қўлтиқлаб у редакциядан бунисига югургим йўқ. ФБ да ёритай десам, уч юз бетдан ошиқ, унча-мунча одамни қунт билан ўқишга сабри чидамийди. Менга қолса, қораламани Шукур оғанинг суюкли қизи Сайёрахонга берганимиз дурустга ўхшайди. Қиз бола отасига меҳрибон бўлади. Бўш пайтида ўқиб юради. Жондан ортиқ кўрган дадажонисини ўзига маълум бўлмаган қирраларини, меҳрини, садоқатини янада чуқурроқ англайди. Дўрмон деб аталмиш Ёзувчилар ижод боғининг на фақат кўрки, фахри бўлганидан қувонади. Ёзганларим Шукур Холмирзаевдек буюк устознинг қизига ёқиб, шод этиб, уни янгидан-янги хотиралар оламига етакласа бас, шу бахтни ўзи менга етади. На газетада босилганини, на китоб бўлиб чоп этилганини қизиғи йўқ. Ҳали айтганимдек, мен бу қораламани ўзим учун ёздим. Ёзиш бўйнимдаги қарз эди. Бу қарзни тириклигимда узмасам, Маҳшар тонгидаги дийдорлашувда устознинг юзига қай кўз билан қарайман, ахир?! “Ўла худбин!” деб қовоғини солиб олмайдими?

Билсангиз, тунда юрагим қийнаб турган бир кезда Сурхонни Шўрчисидан иним Шуҳрат Мардонов телефон қилса бўладими! Касаллигимни айтмадим. “Ака, бу йил баҳор бизга камида ўн беш кун олдин келди. Бодомлар гуллаб, кун бўйи невараларингиз ҳовлида майкачан чопқилаб юришди, ўзим эса Шукур устозингизни “От йили” деган ҳикоясини ўқияпман, тунов куни мени телпонда гаплаштирган ошнангиз Хамид Парда билан қачон келасизлар?” деди.

Ишонсангиз, кўзимдан ёш думалади. Қаранг, Сурхонга Шукур оға кутган баҳор келибди. Шукур оға севган бодом гуллабди. Яна у баҳор ярим ой олдин келибди. Демак, баҳор Шукур оғани соғинган. Сурхонни соғинган, Бойсунни соғинган. Ҳа, ҳа, ишонаверинг, баҳорни сабри чидамаган. Соғинчдан ёрилиб кетай деган. Соғинчдан портлаб кетай деган. Тўполончи шамоллар Бойсун тоғлари узра эсиб, устоз қолдирган изларни силаб-сийпалагиси, қўли теккан арча баргларига қайноқ лабини босиб, тўйиб-тўйиб ҳидлагиси келган. Шукур оға юрган қирларни кезгиси келган. Шуларни ўйлаб додлагим келди, ҳазрат! Тўйиб-тўйиб йиғлагим келди, ҳазрат! Бўлажак тўйларга, сайилларга, зиёфатларга олдиндан тайёргарлик кўрамиз. Ўнадиган жой сира-сира ёдимиздан чиқмайди. Аммо ҳар гал Шукур Холмирза деган буюк адибни фақатгина туғилган кунида бир эслаб қўямиз, холос. Шунда ҳам номига, эл кўзига, уялганимиздан. Тўйни кутгандек, зиёфатни кутгандек интиқлик билан кутмаймиз. Соғинмаймиз. Айтинг, ҳазрат! Айтганда ҳам бор овозингизда ҳамма эшитадиган қилиб айтинг. Ҳақиқатни сиз айтмасангиз, мен айтмасам, биздан ўтиб ким айтади, ҳазрат? Қабрда чириб ётганлар айтадими? Уларга фоний дунё ташвиши на керак? Бу қандай синоат бўлдики, биз тек турган чоғда тилсиз табиат устозни соғинса, қийналса, юраги гуп-гуп урса, шамоллари замин узра эсиб табаррук изини изласа, азалий қонунларини четлаб, ўн беш кун олдин йўлга чиқса. Наҳот бизда уят қолмади, ҳазрат?! Наҳот бизда хотира қолмади, ҳазрат?! Наҳот бизда қадр қолмади, ҳазрат?! Наҳот биз ҳамма нарсани тез унутамиз, ҳазрат?! Наҳот биздан табиат ҳам ақлли, ҳам меҳрли, ҳазрат?!

Қораламага янги руҳ бағишлаш мақсадида устозни бунгача эълон қилинган ҳар қандай суратидан воз кечдим. Сурат композициясини ўзим кашф қилдим. ФБ га қўйганим, айнан ўша сурат. Уйда олдим. Ёзув машинкасидан тортиб шляпа ҳам ўзимники. Машинка билан шляпани Москвага, устозим Тоҳир Маликнинг яқин дўсти, машҳур фантаст ёзувчи Юрий Михайлович Медведвнинг уйига меҳмондорчиликка борганимда, марказий универмагдан сотиб олганман. Эътибор берган бўлсангиз, суратдаги ҳамма нарса устозникига жуда-жуда ўхшаш. Ўхшашлиги учун олганман, ҳавас қилганимдан олганман, устозга ўхшашни ҳоҳлаганимдан олганман. Суратда иккита камчилик мавжуд. Биринчиси, кулдон йўқ. Чекмаганим сабаб, уйдан кулдон топилмади. Иккинчиси, кўзойнак йўқ. Шу сабилни роса қидириб топмадим. Охири суратга олишни тугатиб қарасам, кўзойнакни тақиб олган эканман. Ўзимни-ўзим роса койидим. ”Эсар!” дедим, ”Телба!” дедим. “Бир қайнови кам!” дедим. Тилимга нима келса, шуни айтдим. Балки бу нуқсонни тузатиш чораси топилиб қолар.

Бор гапим шу. Сувтилик чаласаводни қораламасини ўқишда Оллоҳим сизга сабр берсин, куч-қувват берсин. Юртимизда тинчлик-омонлик бўлсин. Баҳорни ажиб бир тунини устоз Шукур Холмирзаевнинг қадами теккан Бойсун тоғларида, қалин арчазорлар орасида ўтказишни Оллоҳим насиб айлаган бўлсин.
Сизга чексиз эҳтиром билан Сувтилик тоғангиз, нафақадаги бекорчи мелиса:

Муҳаммаджон Соипов

10 февраль, 2020 йил.

facebook.com