“Афғонистонда инсоний инқироз юз бериши мумкин…”
Покистоннинг яна катта сондаги афғон қочқинларини ортга қайтариш ҳаракати ҳозир худди шу каби хавотирларни пайдо қилган.
Тафсилотлари видеомулоқотимизда – назардан қочирманг.
Расмий Исломобод душанба кунидан бошлаб ўзининг навбатдаги янги режаси ижросига киришган.
Афғонистон ҳукуматининг тахминий ҳисоб-китобларига кўра, қўшниси жорий йилнинг ўзида яна 700 мингга яқин афғон қочқинини ортга қайтариши мумкин.
Покистон Эрон билан бирга, йилларки, энг катта сондаги афғон қочқинлари бошпана топиб келаётган минтақадаги иккита асосий давлатдан биттаси бўлади.
Янги афғон ҳукумати қудратга келганидан 20 йилча вақт ўтиб ҳам, бу икки давлатдаги афғон қочқинларининг сони миллионларга етади.
Сўнгги йилларда ҳам Покистон ва ҳам Афғонистон устма-уст саҳна бўлган қатор қонли ҳужумлар манзарасида, жангарилар муаммоси боис, бу икки қўшни давлат орасидаги алоқаларга янада раҳна етган.
Расмий Исломобод биргина ўтган йилнинг ўзида юз минглаб афғон қочқинларини “мажбуран” ортга қайтарган, бу каби саъй-ҳаракати учун “Хьюман Райтс Вотч” каби нуфузли инсон ҳақларини сақлаш ташкилотининг кескин танқидлари остида ҳам қолиб кетганди.
Устига устак, сўнгги пайтларда қатор Оврўпо давлатлари ҳам минглаб афғон қочқинларини ортга қайтариш ҳаракатига тушиб қолишган.
Аммо буларнинг барчаси Афғонистондаги хавфсизлик билан боғлиқ вазият жиддий издан чиқиб бораётган бир пайтга тўғри келмоқда.
Қашшоқлик, ишсизлик ва коррупция ҳануз мамлакат қаршисида турган энг асосий муаммолар сифатида қолаётган бир манзарада кузатилмоқда.
Шундай экан, катта сондаги қочқинларнинг ортга қайтиши ортидан, қўшни Афғонистонда инсоний фожеа юз бериши эҳтимоли қанчалик асосли? – бу ҳафталик “Сўз Сизга” жонли дастуримизнинг мавзуси худди ана шу савол атрофида бўлади. Назардан қочирманг.
Манба: bbc.com/uzbek