O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Афғонистонда тинчлик ўрнатишнинг ягона йўли – конфедератив давлат қурмоқдир

Афғонистонда тинчлик ўрнатишнинг ягона йўли – конфедератив давлат қурмоқдир
580 views
21 September 2021 - 19:56

Йигирма тўққиз йилдан буён чет элда яшаётган ЭРК Партияси лидери Муҳаммад Солиҳ Independent Türkçe саволларига жавоб берди.

“Мустақил бўлмаган зеҳният мустақил давлат қура олмайди”

– Бундан роппа -роса 30 йил олдин Ўзбекистон мустақил давлат деб эълон қилинди. Мустақил Ўзбекистонни йигирма этти йил бошқарган Ислом Каримов вафотидан кейин ҳокимиятни қўлга олган Шавкат Мирзиёев Туркия президенти Эрдўғандан “давлат тузиш” учун “тажрибали кадрлар” сўраганида, Эрдоған унга “Али Бобожон”ни таклиф қилганини билдирган эди. Каримов 1991 йил кузида мустақиллик эълон қилинганидан кейин йигирма беш йил ичида давлат қура олмаганмиди? 1923 йил 29 октябрда эълон қилинган Туркия Республикаси истисно қилинганда, бугунги кунда “Турк жумҳуриятлари” деб номланган жўғрофиянинг энг катта камчилиги, мустақилликнинг ўттизинчи йилда ҳам давлат тузилмасидан йироқ эканлигини кўрамиз. Бу фикрга қандай қарайсиз?

– Мен бунга қўшиламан ва буни оддий ҳолат деб биламан. Чунки Мирзиёев ҳам Каримов сингари коммунистик мактабдан чиққан ва Каримов даврида 20 йил ишлаган ва Бош вазир лавозимигача кўтарилган. Яъни, у Каримовга содиқ эди.

Иккаласи ҳам 1991 йилгача СССР парчаланишига қарши бўлган коммунистлар эди. 1990 йил 19 июнда Совет Ўзбекистони парламентига “Мустақиллик декларацияси” ни Ўзбекистон Коммунистик партияси раҳбари Ислом Каримов эмас, мухолифатдаги ЭРК партияси тақдим этди.

Аниқроғи, шахсан ўзим – яъни Муҳаммад Солиҳ, ЭРК партияси лидери ва депутат сифатида “Ўзбекистон Мустақиллиги Декларацияси”ни тақдим қилдик ва унинг парламентдан ўтиши учун курашдик. 1990 йил 20 июнда Мустақиллик Декларацияси қабул қилинди ва СССРнинг сақлаб қолинишини ҳимоя қилганлар, айниқса Каримов мағлубиятга учради.

Лекин мустақилликка эришгандан кейин ҳам, мустақилликка душман бўлган коммунистлар ҳокимиятда қолишда давом этишди. 31 йил ўтгач ҳам улар давлат қура олмадилар ва Туркия президентидан ёрдам сўрамоқдалар.

Бунинг сабаби шундаки, коммунистик фикрлайдиган одамлар ҳеч қачон миллий-ахлоқий қадриятлар тамалида давлат қуришни хоҳламайдилар ва хоҳласалар ҳам, буни уддалай олмайдилар.

Шунинг учун улар 31 йилдан кейин ҳам “давлат қуриш” ҳаракатидалар. Бунга кулиш керакми ёки йиғлаш? Бу коммунистик авлод дунёни тарк этмас экан, Туркистон (яъни бешта “мустақил республика”) мустақил давлат қура олмайди. Чунки мустақил бўлмаган зеҳният мустақил давлат қура олмайди.

“Мирзиёевнинг ҳокимиятга келишида катта рол ўйнаган Путиннинг шахси билан боғлиқ бўлиши мумкин”

– Бу Россиянинг бу ҳудудларда ўз ҳукмрон мавқеини сақлаб қолгани етмагандек ҳатто кучайганини англатмайдми?

– Худди шундай ва шундай бўлиб қолмоқда. Каримов вафотидан кейин Ўзбекистон ташқи томондан янада қарам бўлиб қолди. Айниқса Россияга.

Каримов вафотидан сўнг, Россия Президенти Путин Бош вазир Шавкат Мирзиёевга давлат креслосига ўтиришга имкон берди ва Ўзбекистондаги вазият Кремль назоратидан чиқиб кетишига йўл қўймади. Мен муболаға қилмайман, бу деярли байъат бериш деганидир.

Бугунги кунда Ўзбекистоннинг табиий бойликлари устидан асосий назорат Россиянинг қўлида бўлиб, Мирзиёевнинг ташқи сиёсат ва геостратегик соҳасидаги фаолияти ҳам Россия иродасига қарамдир.

Бу ҳолат Мирзиёевнинг ҳокимиятга келишида катта рол ўйнаган Путиннинг шахсига боғлиқ бўлиши мумкин. Шу нуқтаи назардан қараганда, Каримовнинг ўлими ҳам шубҳали.

Агар биз бу ўлимнинг ажалга боғлиқ эмаслиги ҳақидаги кўплаб миш -мишларни четга суриб қўйсак ҳам, тушунарсиз қора нуқталар бор … Умумий фикр шундаки, Мирзиёевнинг ҳокимиятда қолиши унинг Россияга қанчалик қарамлигига боғлиқдир.

“Афғонистондаги муаммо этник тамаллидир

– Туркистон жўғрофиясида Афғонистон Ислом Амирлигининг эълон қилиниши бу жўғрофиянинг ҳозирги ҳолати ва келажагига қандай таъсир қилади? Биз биламизки, сиз кўп йиллар давомида турк матбуотининг муҳим исмлари билан би қаторда Афғонистон масаласини муҳокама қиласиз. Independent Türkçe учун бу ҳхусусда қандай фикр билдирасиз?

1989 йилда руслар Афғонистонни тарк этгач, бу мамлакатда вужудга келган бошбошдоқлик 32 йил давомида деярли ўзгармади. 90 йилларда “Афғонистон ҳавотирлари” номли мақола ёздим. Ушбу мақолада таъкидланган фикр ва мулоҳазарлар бугунги кунда ҳам долзарбдир.

Зеро Афғонистондаги фуқаролар урушининг асосий сабаблари 90 йиллардан бери ҳеч ўзгармади. 1989 йил Афғонистон учун бурилиш даври бўлди. 1989 йилда рус армияси мамлакатни тарк этгач, русларга қарши курашаётган турли этник гуруҳлар улар кутмаган ҳақиқатни англаб етдилар:

Уларнинг ҳеч бири бошқасининг ҳукмронлиги остида яшашни хоҳламас эди ва шу сабаб фуқаролар уруши бошланди. Бу уруш руслар билан бўлган урушдан кўра қонли, шафқатсизроқ, шу билан бирга маъносиз ва шарафсиз уруш эди.

Ҳа, Афғонистонда 30 йилдан буён тўхтамаётган фуқаролар урушининг асосий сабаби – ЭТНИК муаммо бўлиб қолгани бу асосий муаммонинг натижаларидир. Бу ҳақиқатни ҳозиргача яширишга ҳаракат қилишди.

Албатта, бу ҳақиқатни қабул қилмайдиганлар энг аввало пуштунлар ва Покистондир. Чунки улар Покистон ҳукмронлиги ва амалда Покистон мандати остида Афғонистондаги барча этник гуруҳлар бахтли яшаши керак деб ўйлашади.

Пуштунлар: “Афғонистонда этник озчилик муаммоси йўқ, бу эрда ҳамма мусулмон ва биродар, ва “этник озчилик муаммо”ни кўтарганлар Афғонистон душманлари, Ислом душманлари тарафидан уйдирилган ёлғондир”, дейишади.

“Афғонистон конфедератив форматда қайта қурилиши керак”

Бироқ, ҳокимиятни бўлишиш ҳақида гап кетганда, пуштунлар “диний биродари” эмас, балки “қон биродарини” давлат ҳокимиятига жойлаштиришда ҳеч қандай муаммо кўрмайдилар.

Ва улар бу диний биродарларининг ҳам ўз тилига, ўз маданиятига эга бўлиши мумкинлигини унутишади, уларни яна “қон биродари” тилида гапиришга мажбур қилишади ва буларнинг ҳаммасини “Мусулмон бирлиги” номи остида қилишади.

Бир сўз билан айтганда, Афғонистонни федератив ва ҳатто конфедератив форматда қайта қуриш керак. Пуштун, тожик. Турк (ўзбек, туркман, ҳазора) вилоятларидан ташкил топган янги уч қисмли давлат тузилиши фуқаролар урушини тўхтата оладиган ягона восита.

Кўряпсизми, толиблар ҳокимиятга келиши билан мактаблардан ўзбек тилини олиб ташлашди. Улар тузган ҳукуматда на тожик, на ўзбек сиёсатчиси бор. Бўлмайди ҳам. Чунки пуштун миллатчилари бунга йўл қўйишмайди.

“Агар биз қўлга киритган ғалабамизни сақлай олганимизда, бугун Ўзбекистон бутунлай бошқача ҳолатда бўларди”

– Сиз биринчи навбатда сиёсий партия раҳбари сифатида Ўзбекистон мустақиллиги учун, кейин демократия учун курашар экан, 1993 йил апрелда Туркияга кетдингиз. 17 апрел куни соат 14:00 да Ўзал билан учрашиш учун келар экансиз Анқара аэропортида Ўзалнинг ўлимидан хабардор бўлдингиз. Сиз ўша пайтда узоқ вақт ҳорижда курашаман деб ўйладингизми?

– Ўйламадим. Чунки икки давлат раҳбари – Тургут Ўзал ва Абулфайз Элчибей бизнинг ҳаракатимизни қўллаб-қувватлашга қарор қилишганди. Бизда тез орада Ўзбекистонга қайтиб, янги давлат қуришни орзу қилардик.

Тақдирга қаранг, Ўзал ҳам, Элчибей ҳам тез орада ҳокимиятни тарк этишди: бири ўлди, иккинчиси Россия қўллаб-қувватлаган тўнтариш натижасида ағдарилди. “Биз курашнинг охиригача келдик” деганимизда унинг бошида эканлигимизни кўрдик ва 29 йиллик сургун бошланди …

Аслида биз 1991 йилги президентлик сайловларида қўлга киритган ғалабамизни сақлаб қола олганимизда эди, бугун Ўзбекистон умуман бошқача ҳолатда бўларди. Президентлик сайловида ЭРК партияси ғалаба қозонди. Мен ўша сайловда номзод бўлганман.

Биз буни 30 йилдан бери айтамиз. Бироқ, 1991 йилда сайловда Ислом Каримов билан бирга ишлаган маслаҳатчи (бугун мустақил ёзувчи) Шароф Убайдуллаев бу борада тарихий баёнот бермагунча, бизнинг сайловда ғалаба қозонганимизга жамоатчилик ҳар доим шубҳа билан қараган.

Мана, Каримов саройида ишлаган одамнинг эътирофи:

“Озодлик” радиоси ўзбек хизматининг саволи:

– Ўзбекистон тарихида эркин сайловлар бўлганми?

– Шароф Убайдуллаев:

Муҳаммад Солиҳ ва Каримов қатнашган сайлов Совет Иттифоқидаги “Ошкоралик” даврининг энг юқори чўққисида бўлиб ўтди. Президент Девонининг ходими сифатида, ўша сайловни ичидан билган одам сифати айтаман, ўша сайловда Ислом Каримов тўла ютқазган эди. Бундай эркин сайлов очиқ гап бу давргача бўлгани йўқ. Совет даврида сайловларда ғирромлик жуда кўп эди. Ғирромлик Москвадан туриб бошқариларди. Ислом Каримов барча давлат воситаларини қўллаганига қарамай, амалда Муҳаммад Солиҳ ютган эди.

Тасаввур қиляпсизми, йигирма тўққиз йил ўтиб, Ўзбекистоннинг ўша пайтдаги Президент Девонидан шундай эътироф келди. Менимча, биз буни тарихий изоҳ деб қабул қилишимиз керак.

Ўша пайтда давлатнинг барча воситаларини қўллаган Ислом Каримов бизга қарши ғирромлик қилиб катта шубҳа билан ўзи хоҳлаган натижага эришди.

Бизни ҳеч ким ҳимоя қилмади. На халқаро ҳамжамият, на демократик давлатлар бу адолатсизликка қарши ҳеч қандай чора кўрмади.

“Мен китоб ёзиш учун Ўзбекистонга қайтмоқчи эдим, лекин улар менга имконият бермадилар”

– Сиз ҳар доим Ўзбекистонга қайтишни ва курашингизни ўша эрда давом эттиришни хоҳлаган бўлсангиз ҳам, Ислом Каримов даврида бундай имконият бўлмади. Шавкат Мирзиёев даврида бундай имконият бўлганми? Мустақил давлат қуриш ва демократия ўрнатилиши учун курашишни Ўзбекистонда давом эттириш йўлларини қидиряпсизми?

– Мирзиёев ҳокимиятга ноқонуний келди. Каримов вафотидан сўнг, Конституцияга кўра, сайловга қадар давлат раҳбари лавозимини Сенат раҳбари эгаллаши керак эди. Лекин бундай бўлмади.

Бош вазир Мирзиёев Сенат раҳбарига босим ўтказиб унинг бу лавозимни қабул қилмаслигига эришди. Президент вазифасини бажарувчи лавозимига ўзи ўтирди. Кейинги сайловларда у ўзини Президент этиб сайлади. Афсуски, тоталитар мамлакатларда бу ишлар жуда осон ва содда.

Мен Мирзиёевга “Ўзбекистонга қайтишга ижозат беринг, мен Тошкентга ЭРК партияси қурултойини чақириш учун келаман ва партия раҳбарлигидан истеъфога чиқаман, партия бошлиғига ёш раҳбар олиб келишга ҳаракат қиламан” деб ёздим.

“Мен сиёсатни ташлаб, китоб ёзаман, шеърлар ёзаман, мендан қўрқманг”, дедим. Лекин у менинг таклифимни қабул қилмади.

Аксинча, Мирзиёев назоратидаги матбуот ва троллар менга қарши айбловлар ва туҳматларга тўла мақолалар чоп этишда давом этмоқда. Худди Каримов давридаги каби.

Мен учун Ўзбекистонда ҳеч нарса ўзгармади. Энг ёмони, менинг халқим учун ҳам ҳеч нарса ўзгармади. Миризёев октябрь ойида бўлиб ўтиши кутилаётган президентлик сайловида яна ўзини сайлайди.

Ҳақиқий сиёсий ўзига хосликдан узоқ бўлган номзодлар чиқиб, бу сайловни демократия қилиб кўрсатишга ҳаракат қилишади.

Демократик давлатлар ва халқаро ташкилотлардан келадиган “кузатувчилар” бу сайловга машруълик қиёфати кийдиришади.

Афсуски, демократиядан узоқда бўлган золим режим тинч ва турғун ҳаётини давом эттиради.

Майис Ализода

Манба: Independent Türkçe