O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Ахлоқ ва сиёсат

Ахлоқ ва сиёсат
245 views
23 November 2012 - 15:15

Бугун Ўзбекистонда бошқарув тизими, ўзининг ресурсларини ўтаб бўлган ва чириган. Иш юритувчи ва бошқарув кадрлари, хизмат лавозимларини  у ёки бу носоғлом йўллар билан эгаллаб олганлар. Яъни, пора бериш, хўжайинга “садоқатли” бўлиш, ошна-оғайнигарчилик усуллари билан.  Ёш   кадрларни йўлланма билан ишга қабул қилиш фактлари ҳам  онда-сонда  учраб туради. Иш жараёнида, кадрларни интелликтуал  савиясини ва профессионал даражасини оширишга қаратилган тайёрлов  ишлари олиб борилмайди.

Профессионализм масалаларини ечишни инобатга олмаган меҳнат   коллективларида, иш жараёни  ўзининг ўзаро боғлиқлигини йўқотади ва  процессда  эффект йўқолади. Натижада, коллективлар  аввало турғунликка ва кейинчалик эса инқирозга дучор бўлаверди. Ўз  атрофида  носоғлом коллективни барпо қилишдаги,  Каримовнинг  профессионал  усуллари бошқа субъектларга ҳам   ибрат бўлаяпти. Носоғлом коллектив, Каримовнинг  ишида, унга  бир томонлама  осойишталик  туғдиради. Чунки,  носоғлом жамоада, катта  раҳбар олдида ҳақиқат учун  бахслашмайди  ва курашмайди. Каримовдай шахсга  айнан  шуниси  керак.   Каримов бошқарувда  ўзининг  тубандаги қоидаларига ҳам  таянади:

-Ўзининг асосий фикрлари  ечимига ҳеч кимни аралаштирмаслик;
-ОАВда фаровонлик, ривожланиш, инсон ҳақлари шахсан Каримовнинг ташаббуслари билан  қўлга киритилган ютуқлар экани;
-Келажаги буюк давлатнинг пойдевори, Каримов томонидан аллақочон қурилганлиги;
-Каримов  танлаган идеологиянинг бенуқсонлиги ва унинг жамиятда юксак самара бераётгани;
-Дунё иқтисоди ва  сиёсати учун, Ўзбекистоннинг қатор тажрибалари ибрат бўлаётгани, халқ оммасига кеча-кундуз тарғиб қилинаяпти.

Ўзбекистоннинг бугунги иқтисодий ва ижтимоий аҳволини тушунган ҳар бир инсон, Каримовнинг  бу қоидаларини жуда бўлмаганда ахлоқсизлик, деб тушунган бўлар эди. Чунки, одамларнинг кўз ўнгида йўқни бор дейиш, борни йўқ дейиш учун  одам одобсиз бўлиши керак.  Дунёда бўлиб ўтаётган аксарият низо ва тўқнашувларнинг асосий сабаби, ахлоқсизликдир. Каримовнинг  бошқарувда йўл қўяётган бу ахлоқсизлик  қоидалари,  жамиятнинг ривожланиш қонунларига  мутлақо  зид нарсадир. Шунинг учун ҳам, ахлоқий нормаларга таянмаган  биздаги сиёсий ва иқтисодий тизим ўз кучини йўқотаяпти.

“Катта”нинг буйруғини сўзсиз ва  ортиғи билан  бажариш, унинг  гапидан четга  чиқмаслик ва бошқанинг гапига кирмаслик қоидалари секин-аста  истеъмолдан четда қолаяпти.  Режимда аллақачон  бўшлиқ пайдо бўлган.  Бўшлиқ пайдо бўлган жойда, албатта  уни тўлдирадиган бошқа бир ҳаётий факт  пайдо бўлади, деб уқтирарди Каримов.

Ҳикмат шундаки, Каримов зулми, жамиятнинг барча қатламларида, фуқаролар  қалбининг тубида,  келажакка умид учқунларини пайдо қилаяпти. Зеро, фуқаролар ҳукмдорларга ишончини  йўқотган жамиятда,  албатта,  АЛЛОҲга ишонч пайдо бўлажак.  ИНШОАЛЛОҲ.

Бу яралган дунё, Яратганнинг иродаси билан ўз  ибтидосидан  интиҳосига  қараб  ҳаракат қилаяпти. Бу ҳаракатидан уни  ҳеч ким, ҳеч қачон тўхтата олмайди.  Каримовнинг қоидалари ҳам, ўзи ҳам бу дунёда  ўткинчи бир нарсадир.

Бизнинг мамлакатда  тез фурсатда адолат қарор топажак.

 

Джуманиязов  Н. Р.
ЭРК ДП аъзоси.
Тошкент
21.11.12.

uzbekistanerk.com