Кўринишидан жуда истарали ва сўзга чечан бўлган Мардона осонлик билан одамлар ишончини қозона оларди. Бироқ аёл ўзидаги бу қобилиятдан ғаразли мақсад йўлида фойдаланишга қарор қилди. У бошқаларга ўзини катта таъсирга эга ва давлатнинг турли хил тузилмаларидаги танишлари орқали турли хил муаммоларни осонлик билан ҳал қила оладиган бир аёл сифатида таништира бошлади.
Товламачининг биринчи қурбони йирик миқдордаги пулини АҚШ долларига алмаштириш мақсадида қўш-қўллаб топширган Анора. Б. исмли аёл бўлди.
“У мени банкда ўзининг жуда катта мансабдор танишлари борлигига ва бир вақтлар уларга кўрсатган ёрдами эвазига ўзбек сўмини давлат курсида АҚШ долларига алмаштириб беришда ҳам ёрдам беришига ишонтирди. Шу туфайли ҳам мен ҳеч иккиланмасдан унга бир неча миллион сўм пулни ишониб топширгандим. Бироқ, орадан узоқ вақт ўтса ҳамки на сўмдан, на доллардан дарак бор”, – дейди у.
Шунга ўхшаш ҳолат Сожида исмли аёл билан ҳам содир бўлди. У ҳам арзон нархда банкдан доллар сотиб олишни ният қилиб Мардонага 5 миллион 800 минг сўмни ишониб топширган.
Мардонанинг қурбонлари орасида нафақат содда аёллар, балки ўз пулларини осонлик билан ишониб топшириб қўйган бир нечта эркаклар ҳам бор. Улардан бир Урганчлик Абдурахим Л. исмли йигит бўлади. Бошқалардан фарқли равишда у ўзбек сўмини банк орқали валютага алмаштириш эмас, балки банкда ишлашни орзу қиларди. Шу мақсадда бу содда йигит ҳам ўз номзоди банкдаги иш берувчи томонидан тасдиқланиши учун Мардонага пора сифатида икки минг АҚШ долларини қўш-қўллаб топширган. Бироқ орзулардан сармаст йигитга мансаб насиб қилмади. Бу ҳам етмаганидек пулидан ҳам айрилди.
Шу йўл билан Мардона одамлардан турли хил масалалар ва муаммоларда мададкор сифатида майдонга чиқиб йирик миқдордаги пулларни олган. Кимдир кўчмас мулк олди-сотисини рамийлаштириш учун пул берган бўлса, яна кимдир ишга жойлашиш мақсадида пул берган. Чув тушган “мижоз”лар ҳеч бўлмаса пулларининг бир қисмини қайтариб олишга умид қилиб Мардонани узоқ излашди.
Ниҳоят бундан бирор натижа чиқмаслигига кўзи етганидан сўнг товламачи аёлнинг қурбонлари милицияга бош уришди. Эндиликда ўзбек милициясига қарашли Постда газетасининг хабар беришига қараганда товламачи аёл қўлга олинган, тергов эса давом этмоқда.
Мардонанинг алдовларига чув тушганларнинг пуллари тақдири нима бўлганлиги ҳақида ҳозирча милиция лом-мим деганича йўқ. Ҳар ҳолда хазинанинг қаерга гумдон бўлгани ёки беркитилганлиги кўпчилик каби пулга меҳр қўйган ўзбек милициясининг ҳам ҳаловатини ўғирлаган бўлса ажабмас.
ЎХҲ ахборот бўлими