O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Ақлли киши ўликлар аҳволини мушоҳада этиши керак

Ақлли киши ўликлар аҳволини мушоҳада этиши керак
134 views
31 July 2017 - 9:00

ТАНБЕҲУЛ ҒОФИЛИЙН
АБУ-ЛАЙС САМАРҚАНДИЙ

(9)
(давоми)

Абдулҳумайд бин Маҳмуд Мўғулий дейди: “Бир кун Ибни Аббос (Оллоҳ ундан рози бўлсин) ҳазратларининг ёнида ўтиргандим, бир гуруҳ одам келди ва улар шундай дейишди:

“Биз  Ҳаж учун йўлга чиққандик, ёнимизда бир оғайнимиз, бу шаҳарга яқинлашганимизда ўлиб қолди. Уни ювиб, кўмиш учун бир мозор қазишга бошладик. Аммо қазилган чуқурдан ғиж-ғиж илонлар чиқди. Биз бошқа чуқур қазий бошладик. Аммо бу чуқурда ҳам илонлар қайнар эди. Учунчи чуқурни қаздик, яна илонлар чиқди. Шундан кейин чуқур қазишдан воз кечиб ёнингизга келдик”.

Ибни Аббос ҳазратлари уларга шундай жавоб берди:

Бу қаршилашганингиз воқеа сабаби ўликнинг бу дунёда ишлаган бир ҳаракат, бир феъл (амал)дир. Боринг ва ўликни очганингиз чуқурлардан биттасига кўминглар. Оллоҳга ямин этиб, айтаманки, оғайнингиз учун бутун ер юзини қазисангиз ҳам ўша илонлар яна чиқажаклар. Ўликни кўмиб бўлиб, оғайнингизни оиласи билан гаплашинглар.

Ибни Аббос ҳазратларининг бу тавсиясидан сўнгра, ўликни кўмишга биз ҳам бордик. Қайтишда марҳумнинг оиласига учрадик. Марҳумдан қолган ашёларни бердик. Марҳумнинг хотинидан “Хўжайининг тириклигида нима қиларди?”, деб сўрадик. Хотин шундай жавоб берди:

Эрим буғдой сотар эди. Ҳар кун уйнинг харажатини қоплаяжак қадар буғдойни халталардан олиб, унинг ўрнига шу оғирликдаги сомон ва чўп солиб, буғдойга аралаштириб, сотарди, – деди марҳумнинг хотини”.

Бу ҳикоя ҳийлакорлик ва омонатга хиёнат қилиш қабр азобига сабаб бўлишини кўрсатмоқда.

Айтилишига кўра, ер курраси ҳар куни беш марта тилга кириб, шундай дейди:

Эй, Одам ўғли, ҳозир елкамда юрибсан, аммо боражакинг ер – менинг қорнимдир!

Эй, Одам ўғли, бугун устимда юриб, турфа емаклар емоқдасан, аммо сўнгида қуртлар сени еяжак!

Эй, Одам ўғли, бутун устимда юриб кулаяпсан, аммо охирида қорнимда йиғлаяжаксан!

Эй, Одам ўғли, бугун устимда юриб севинмакдасан,аммо эртага қорнимда қайғуга ботажаксан!

Эй, Одам ўғли, бугун тепамда туриб, гуноҳ ишламоқдасан, аммо эртага қорнимда азоб чекажаксан!

Амр бин Динор шундай дейди: “Мадина халқидан бир одамнинг синглиси Мадинанинг чет маҳаллаларидан бирида яшарди. У хасталанди. Одам синглисини бир-неча марта кўришга борди, ниҳоят синглиси ўлди.

Бу киши синглисини мозорга кўмиб, уйига қайтганида, ҳамёнини йўқотганини англади. Ёнига бир дўстини олиб, қабристонга кетди. Мозор тупроғини озгина ковлаб, ҳамёнини топди. У ёнидаги дўстига “сен озгина юриб тур, мен синглимнинг не аҳволда эканига бир боқайин” деди. Лаҳаднинг устидаги тупроқни бир оз очганда, бирдан олов пишқирди. Одам дарҳол тупроқ билан лаҳадни ёпди ва уйига қайтди.

Одам онасидан “синглимнинг бу дунёда нималар қилганини айтиб бер”, деди. “Буни нега сўраяпсан? У энди ўлди, унут”, деди онаси. Аммо одам саволини такрорлаб исрор қилди. Шунда онаси тубандаги воқеани баён қилди:

Сенинг синглинг намозини доим кеч қилар ва таҳоратини том олмасди (нуқсонли оларди). Бундан ташқари у ҳамма уйқуга кетганда, қўшниларнинг уйига бориб, эшикларига қулоғини қўйиб, тинглай бошларди, – деди”.

Яъни бу хотин қўшниларнинг гизли гапларини тинглаб, бошқаларга айтиб берар ва ғийбат қиларди. Бу эса қабр азобига сабаблардан бири бўлганди.

Ҳолбуки, Оллоҳу Таоло шундай буюради: Оллоҳ иймон келтирганларни дунё ҳаётида ҳам, охиратда ҳам ҳақ сўз билан собит қадам айлайди (“Иброҳим” сураси, 27)

Оятдаги “собитқадам” ибораси мўмин, ихлосли ва Оллоҳнинг амрларига бўйсунган қулларга махсусдир. Оллоҳ бундай қулларини уч ҳолатда:

1.Улар ўлим малагини кўрганларида

2.Уларга мункар ва накир савол беришганда

3.Қиёмат куни ҳисобга тортилганларида уларни собитқадам ва чидамли қилади.

Инсоннинг ўлим малаги билан юзма-юз келган онидаги собитқадамлиги шу шаклда тазаҳур этади:

1.Одам куфр таҳликасидан қутулиб, тавҳид истиқоматида ҳаракат этади, руҳини мусулмон ўлароқ таслим этади.

2.Малаклар тарафидан раҳмат билан муждаланади.

3.Инсон ўларкан, жаннатдаги ерини кўради.

Инсоннинг мозорда собитқадам ва чидамли бўлиши шундай тазаҳур этади:

1.Мункар ва накирнинг саволлари асносида Оллоҳ мўмин қулга тўғри жавобларни талқин этади.

2.Қулнинг қўрқувдан, ҳуркакликдан қутилишга ёрдам берилади.

3.Қулнинг жаннатда яшаяжаги ерни кўради, қабрининг эса бир жаннат боғчаси эканлигини ўрганади.

Инсонни Қиёмат куни ҳисобга тортилар экан, Оллоҳ тарафидан собитқадам ва чидамли бўлиши шу уч шаклда зуҳур этади:

1.Оллоҳ қулига берилган саволларга аниқ жавоб беришини талқин этади.

2.Ҳисоблашув осон кечади.

3.Қулнинг хатоларига ва билмай қилган ҳаракатларига кўз юмилади.

Бошқа бир қарашга кўра, Оллоҳнинг мўмин қулларини собитқадам ва чидамли қилиши тўрт ҳолатда бўлади:

1.Ўлим пайтида

2.Қабрда, саволларга қўрқмай жавоб бериши учун

3.Ҳисоб кунида

4.Сирот кўпригидан ўтишда, бу кўприкдан йилдирим каби тез ўтиши учун.

Агар биров биздан “қабрда сўроқ қандай бўлади?”, деб сўраса, унга шундай жавоб берамиз: “Олимлар бу мавзуда ҳар хил фикр айтганлари каби, бизгача етиб келган ривоятлар ҳам ҳар хил. Баъзи олимларга кўра, қабрда сўроққа тутиладиган руҳдир. Баданнинг бунга алоқаси йўқ.

Бошқа фаразга кўра, руҳ баданнинг фақат кўкрак қисмига киради. Яна бир фаразга кўра, руҳ жасад ва кафан орасида қолади. Бу қарашларнинг ҳар бирини қўллаб-қувватлайдиган ривоятлар бор. Аммо бу мавзуда илм одамлари томонидан тўғри деб топилган кўриш шудир: Инсон бунинг қандай бўлиши ҳақда бош қотирмасдан, буни фақат Оллоҳ билади, биз эса ўша вақтда бунинг моҳиятини англаймиз, деяроқ, қабрдаги сўроқнинг ҳақиқат эканлигига ишонмоғи керак”.

Агар биттаси чиқиб, Мункир ва Накирисмли малаклар олиб борувчи бу сўроқ жараёнини инкор этса, буни шундай изоҳлаш мумкин:

1.Бундай киши сўроқ жараёнини табиатга кўра тўғри келмаганини айтади.

2.Ёки бу жараён бўлиши мумкин, аммо уни исботлаш қийин дейди.

3.Агар қабрдаги сўроққа тутилиш воқеасини инкор этган киши бундай нарсанинг ақлга тўғри келмаслигини рўкач қиладиган бўлса, бу қараш уни пайғамбарликни ҳам, мўъжизани ҳам асоссиз нарса деб ҳисоблашгача олиб бориши мумкин.

Чунки пайғамбарлар инсондир. Табиий хусусиятлари жиҳатидан бошқа инсонлардан фарқи йўқдир. Айни пайтда уларга ваҳий келганда малакларни кўроладилар.

Бундан ташқари, Мусо алайҳиссаломнинг олдида денгиз иккига айрилганда қўлидаги ҳасса аждарҳога айланганди.

Бу воқеаларнинг ҳаммаси биз билган табиатга тўғри келмас эди, аммо буларни инкор қилган киши исломдан чиққан ҳисобланади.

Мободо, қабрдаги сўроқ воқеасини инкор қилувчи киши “бу мумкиндир, аммо буни исботлаш қийин”, деса, унга шундай жавоб берамиз: Бизга бу мавзуда эшитганларни инонтиражак ривоятлар келгандир. Қолаверса Оллоҳнинг китоби Қуръони Карим ҳам ҳақиқатни далил билан исботламоқдадир. Оллоҳу Таоло шундай буюради:

“Кимки, мени зикр қилишдан (эслашдан) юз ўгирса, шубҳасиз, унга танг бир турмуш бор, Қиёмат куни уни кўр қилиб тирилтирамиз” (“То-ҳо” сураси, 124).

Бир гуруҳ тафсир олимларининг изоҳига кўра, оятдаги “танг турмуш” қабрдаги сўроқ демакдир.

Бундан ташқари, пастдаги оят ҳам қабрдаги сўроққа ишорат этмакдадир:

“Оллоҳ иймон этганларни, дунё ҳаётида ҳам, охират ҳаётида ҳам ҳақ сўз билан собитқадам айлар” (“Иброҳим” сураси, 27).

Ҳазрати Умардан (Оллоҳ ундан рози бўлсин) ривоят этилишича, Пайғамбаримиз (с.а.в.) шундай деган:

“Мўмин бир қул қабрган кирганда, қабрнинг икки имтиҳон малаги дарров ёнига келишади. Уни бир ерга ўтқазиб, дарҳол савол бера бошлашади. Бу пайтда, ўлик уни кўмиб, қабрдан узоқлашаётган одамларнинг оёқ сасларини эшитаётган бўлади.

Имтиҳон малаклари:

-Роббинг ким?

-Дининг нима?

-Пайғамбаринг ким?, – дея сўрайдилар.

-Мўмин эса:

-Роббим Оллоҳ, Диним Ислом, Пайғамбарим Муҳаммад (с.а.в.), – деб жавоб беради.

Шунда малаклар ўликка “кўзинг ойдин, Оллоҳ сени бу ифодадан айирмасин, энди ухлайвер”, дейдилар.

Пастда келтирилган бу оят бунга ишорат этмакдадир:

“Оллоҳ иймон этганларни ҳам дунё, ҳам охират хаётида ҳақ сўз билан собитқадам айлар. Золимларни эса Оллоҳ йўлдан оздирар” (“Иброҳим” сураси,27).

Яъни Оллоҳ мўминларни ҳақ сўз билан собит қилар экан, золимларни (кофирларни) йўлдан оздиради ва улар ҳақ сўзни айтолмайдилар.

Кофир ва ёки мунофиқ бир қул қабрга кирганда, имтиҳон малаклари ундан “Роббинг ким? Дининг нима? Пайғамбаринг ким?”, деб сўрашади.

Кофир ва ёки мунофиқ бу саволларнинг ҳаммасига “билмайман”, деб жавоб беради.

Шунда малаклар унга “Билмас бўлгайсан!”, дея қўлидаги чўқмор билан ура бошлайдилар.

Чўқморнинг сасини шарқдан ғарбгача бўлган масофадаги – инсон ва жинлардан бошқа – бутун жонзот эшитади”.

Ибн Умардан (Оллоҳ ундан рози бўлсин) ривоят этилишига кўра, Пайғамбаримиз (с.а.в.) бир куни ҳазрати Умарга:

-Ё, Умар, қабрдаги имтиҳон малаклари мункир ва накир – ёнимга келса, нима қиласан? Бу малаклар қора юзли ва мовий кўзлидир. Олд тишлари билан ерни қазишади, ерда судралиб юрадиган устида юрадилар. Овозлари момақалдироққа ўхшайди, боқишлари худди йилдирим каби, – деди.

Ҳазрати Умар Пайғамбаримиздан “Ҳозирги ақлим бошимда бўлажакми?”, деб сўради.

Пайғамбаримиз “Ҳа”, деб жавоб берди. “Ундай бўлса бу малаклар билан ишимни уддалайман”, деди ҳазрати Умар.

Буни эшитган Пайғамбаримиз (с.а.в.):

-Умар бу ишни аниқ уддасидан чиқмишдир, – деди.

Абу Ҳурайрадан (Оллоҳ ундан рози бўлсин) ривоят этилишига кўра, Пайғамбаримиз (с.а.в.) шундай деган:

-Ҳар инсон ўларкан, шундай аччиқ фарёд чекадики, одамлардан бошқа яқинидаги бутун жонзотлар эшитади. Агар инсон зоти бу фарёдни эшитса, ҳушидан кетарди.

Ўлик мозорга олиб борилаётганда, ўлик – агар у солиҳ инсон бўлса – тобутини ташиётганларга: “тезроқ бўлинглар? Агар мени нима кутиб турганини билсангиз эди, манзилимга етказиш учун чопган бўлардингиз”, дейди.

Бу ўлик қабрга қўйилганда, ёнига қора юзли, мовий кўзли иккита малак ўликка боши тарафидан яқинлашади. Аммо марҳумнинг дунёда қилган намози малакларни яқинлаштирмайди. Шунда малаклар марҳумга оёқлар тарафидан кела бошлайдилар, аммо уларга марҳумнинг бу дунёда ота-онасига қилган хизматлар тўсиқ бўлади.

Шунда малаклар марҳумга соғ тарафдан яқинлаша бошлайдилар. Уларга марҳумнинг дунёда берган садақалари тўсиқ бўлади.

Малаклар марҳумга сўл тарафдан ҳужум қилганларида уларга марҳумнинг дунёда тутган рўзалари тўсиқ бўлади.

Шундан кейин у солиҳ қул ҳеч нарсадан хабарсиз уйғонтирилган киши каби уйғонади ва унга шу савол берилади: “Ўша ҳар хил нарсалар гапирган бир одам борку, у ҳақда нима деб ўйлайсан?”. Солиҳ қул “Кимни назарда тутаяпсизлар?”, деб сўрайди. “Муҳаммадни назарда тутаяпмиз”, деб жавоб берилади. Қул бунга жавобан “Унинг Оллоҳнинг русули эканлигига шаҳодат этаман”, дейди. Шунда малаклар “Сен мўмин бўлиб яшадинг, мўмин бўлиб ўлдинг”, дейишади.

Шу онда қулнинг қабри кенгайиб, Оллоҳнинг карамлари устига сочилади.

Оллоҳу Таолодан бизга тавфиқ ва исмат (адашмаслик) эҳсон этишини, йўлдан оздирувчи орзулардан, ғафлатдан ва қабр азобидан сақлашини тилаймиз.

Ҳатто Пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳам қабр азобидан Оллоҳга сиғинарди.

Айтилишига кўра, ҳазрати Ойша (Оллоҳ ундан рози бўлсин) шундай деган:

“Мен авваллари қабр азоби ҳақда ҳеч нарса билмасдим. Бир марта уйга бир яҳудий хотин келиб, бир нарса истади. Хотинга у истаган нарсани берганимда, у менга “Оллоҳ сени қабр азобидан қўрисин”, деб дуо этди. Ўшанда мен унинг дуосини яҳудийларнинг хурофоти, деб ўйлагандим. Аммо Пайғамбаримиз уйга келиб,  унга бу воқеани айтганимда, у менга қабр азобининг ҳақиқат эканини айтди”.

Шундай экан, ҳар бир мусулмон қабр азобидан Оллоҳга сиғиниб, у ерга кирмасдан аввал, бунга ҳозирлик кўриши лозим.

Чунки мусулмон дунёда экан, амал ишлаш имконияти бор. Қабрга киргандан кейин амал ишлаш учун дунёга қайтиб боришга изн сўраса, унга изн берилмайди. Ўшанда у пушаймонлик ичида кўмилади.

Демак, ақлли киши ўликлар аҳволини мушоҳада этиши керак. Ўликлар икки ракат намоз қилмоқ учун ва ёки “Ла илаҳа иллоллоҳ Муҳаммадун Расулуллоҳ” дейиш учун, Оллоҳни зикр этмоқ учун изн истайдилар, аммо уларга изн берилмайди. Шунда улар умрини ғафлат ичида кечираётган тирикларга ҳайрат этадилар.

Оллоҳдан бизни у йўқлик ва тенглик куни учун ҳозир бўлишга муваффақ этишини, бутун мусулмонларга ўлим сархушлиги ва қабр азобини осон қилишини тилаймиз, омин, ё, Раббил оламин!

(давоми бор)
Муҳаммад Солиҳ таржимаси