O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Ақлли одам шу уч нарсани унутмаслиги керак

Ақлли одам шу уч нарсани унутмаслиги керак
201 views
15 July 2017 - 8:00

ТАНБЕҲУЛ ҒОФИЛИЙН
АБУ-ЛАЙС САМАРҚАНДИЙ

(4)

Абуллайс Самарқандий ҳақида 

Муфассир, муҳаддис, фокиҳ ва мутасаввуф бўлган Абуллайс Самарқандий ҳазратлари инсон сифатида муттақий илмига амал қилган буюк зот эди.

Абуллайс Самарқандий ҳазратлари ҳижрий 373(милодий 983) йилида вафот этди. Туғилган йили номаълум.

Қўлингиздаги бу китоб минг йилдан бери ислом оламида ўз қийматини йўқотмаган, юзлаб олимларга илҳом қайноғи бўлган ва мусулмонлар учун маёқ ролини ўйнашда давом этаётган бир баракатли, қутлуғ асардир.

Абулайс Самарқандий “илми билан омил” бўлган буюк олимдир.

“Танбеҳул ғофилийн” асари ҳам ахлоқ, ҳам шариат, ҳам тасаввуф ҳақида теран билгилар беради.

Қўлингиздаги китобнинг оригинал матни ҳижрий 1306 йилда Қоҳирада “Матбом хайрия” нашриётида босилган. “Танбеҳул ғофилийн”нинг арабча нашрларидаги китобларнинг ҳошияларида Абуллайс Самарқандийнинг “Бўстон-ул орифийн” асари битилгандир. Оллоҳ насиб қилса, уни ҳам ўзбекчага таржима қилиб, сизларга тақдим этамиз.

Муҳаммад Солиҳ

* * *

(давоми)

Яна Абдуллоҳ бин Ҳошимий (Оллоҳ ундан рози бўлсин) ривоят этади: “Бир куни Пайғамбаримиз (с.а.в.) шу оятни ўқиди: “Оллоҳ кимга ҳидоят беришни истаса, унинг кўксини исломга очади. Кимни адаштирса, унинг кўксига торлик беради, худди нафаси сиқилиб, самога юксалиётгандай (“Анъом” сураси, 125).

Оятни ўқиб бўлиб, “Ислом нури бир қалбга кирганда қалб кенгайиб, севинчга тўлар”, деди Расулуллоҳ (с.а.в.).

Саҳобалар “бу ҳолни билдирадиган бирор ишорат борми?”, деб сўрашди.

-Ҳа, бор. Бу ҳолнинг соҳиби бу ёлғончи дунёдан узоқлашиб, абадий ватан бўлган Охиратга йўналади ва ҳали бошига келмаган ўлимга ҳозирланади, деди Пайғамбаримиз (с.а.в.).

-Маъмун бин Меҳроннинг (Оллоҳ ундан рози бўлсин) ривоят этишига кўра, Пайғамбаримиз (с.а.в.) бир саҳобага ўгит бериб, шундай деган:

-Беш нарсадан аввал беш нарсани ўрнида қўллан:

1.Кексаймасдан олдин ёшлигингни

2.Хасталанмасдан аввал соғлиғингни

3.Машғулиятдан аввал бўш вақтингни

4.Қашшоқлашмасдан аввал бойлигингни

5.Ўлишдан аввал ҳаётингни.

Пайғамбаримиз яна шундай буюрди:

“Қиш мавсуми мўъмин учун катта ғаниматдир. Чунки у қишнинг узун кечаларини намоз қилиб, қисқа кунларини рўза тутиб ўтказади.

Бошқа бир ривоятга кўра, Пайғамбаримиз (с.а.в.) бу мавзуда шундай деган:

Кеча узундир, уни уйқу билан қисқартирма. Кундуз ойдинликдир, уни гуноҳлар билан қорайтирма”.

Аҳли ҳикматдан бир зот форс тилида шундай деган: “Болалигинг ўйин билан, ёшлигинг ҳавоийлик билан кечар. У ҳолда Оллоҳга қачон ибодат этасан?”.

Ҳазрати Алидан (Оллоҳ ундан рози бўлсин) ривоят этилишича, Пайғамбаримиз (с.а.в.) ўлим малаги Азроилни ансордан бирининг бош учида кўрди ва унга:

-Ё, Азроил, дўстимга юмшоқ муомала қил, чунки у мўминдир, – деди.

Азроил алайҳиссалом шундай жавоб берди:

Ё, Муҳаммад, муждалар бўлсин. Чунки мен ҳар мўминга юмшоқ муомала қиламан. Ё, Муҳаммад, ямин этаманки, мен бир инсоннинг руҳини оладиган пайтда, яқинларидан бири фарёд этса, унга шундай дейман: Бу нимаси? Оллоҳга ямин этаманки, биз бу одамга зулм этмадик. Биз унинг ажалини кечиктирмаганимиз каби, тақдирини ҳам эртароқ олганимиз йўқ. Унинг жонини олишда бизнинг ҳеч бир айбимиз йўқ.

Оллоҳнинг тақдирини хушнудлик билан қаршиласангизлар ажрини оласизлар. Борди-ю, уни хушнудсизлик билан қаршиласангизлар, фарёд этсангизлар, гуноҳга тушиб, ваболга кирасизлар.

Бизга қарши ҳеч нарса қилолмайсизлар. Бизнинг эса сиз билан такрор учрашмоқ имкони бордир. Шундай экан, эҳтиёт бўлинглар ва фарёд этманглар.

Қул қаерда яшамасин – ҳоҳ чодирда, ҳоҳ ғишт уйда, ерда ёки денгизда – ҳар оила аъзосини кунда бир марта беш марта йўқлайман. Бу тарзда уларнинг кичигини ҳам, каттасини ҳам яқиндан танийман. Ҳатто уларнинг ўзларидан ҳам яхшироқ танийман.

Ё, Муҳаммад, ямин этиб, дейманки, агар мен бир пашшанинг жонини олмоқ истасам, Оллоҳу Таоло бу пашшанинг жонини олишни буюрмагунча, ололмайман”.

Абу Саид-ул Худрийдан (Оллоҳ ундан рози бўлсин) ривоят этилишига кўра, Пайғамбаримиз (с.а.в.) кулишаётган саҳобийларни кўриб, шундай деган:

Агар сизлар кайфу сафони илдизи билан қўпорадиган нарсани эсласангиз эди, шу кўрганим ҳолда бўлмасдингиз. Шундай экан, бу нарсани – ўлимни тез-тез эсланг. Қабр – ёки жаннат боғчаларидан бир боғча ёки жаҳаннам чуқурларидан бир чуқурдир!”.

Бир куни ҳазрати Умар Қаабга (Оллоҳ ҳар икковидан ҳам рози бўлсин) мурожаат қилиб, “Ё, Қааб, бизга бир оз ўлимдан гапир”, деди.

Ўлим инсон зотининг ичига суқилган ўткир тиконли бир ёғочга ўхшар. Бу оғочнинг ҳар бир тикони одамнинг томирларидан биттасига ботиб туради гўё. Ва бу тиканли оғочни кучли бир одам ҳаракат билан одамнинг ичидан суғуриб олинишини тасаввур қил. Оғоч суғириб олинар экан, қўпорганини қўпориб чиқаради, қолгани қолади, – деди Қааб.

Айтишларига қараганда, Сўфиён-ус Саврининг ёнида ўлимдан сўз очилса, кунларча ўзини йўқотиб юрар, агар ундан бир нарса сўрасалар, “билмайман”, “билмайман”, деб жавоб берарди.

Аҳли ҳикматдан биттаси шундай деди: “Ақлли одам шу уч нарсани унутмаслиги керак:

1.Дунёнинг ўткинчи экани ва ҳолларнинг ўзгарувчанлигини

2.Ўлимни

3.Инсон бошига ҳар онда келиши мумкин бўлган офатларни

Ҳотам-ул-Асам дейди: Шу тўрт нарсанинг қийматини пастда кўрсатилган тўрт киши билиши мумкин:

1.Ёшликнинг қийматини кексалар

2.Ҳузурнинг қийматини бошига бало тушганлар

3.Соғлиқ қийматини хасталар

4.Ҳаёт қийматини ўликлар билади.

Ҳотам-ул-Асомнинг бу сўзлари аввал эслатганимиз “беш нарсадан аввал беш нарсани ўрнида қўллан,” деган ҳадисий шарифга уйғундир.

(давоми бор)
Муҳаммад Солиҳ таржимаси