“Московский Комсомолец” газетасида ўрин олган бир мақолага кўра (centrasia.ru) АҚШ Ташқи Ишлар Вазири Клинтон хоним Мисрга расмий визит билан борган ва бу давлатнинг янги сайланган Президенти Муҳаммад Мурсий билан музакоралар ўтказган. Клинтон хоним АҚШ Миср халқи фидокорлик билан қўлга киритган демократик жараёнларни қўллаб қувватлайди деган. Мақолада АҚШ маъмуриятининг ва ҳозирда Мисрда иқтидорга келган исломий “Иҳвони муслимин” ҳаракатининг ўзаро муносабатлари унчалик қулай бўлмагани, лекин АҚШ бу ҳаракатни ҳеч бир замон террорист ҳаракатлар рўйхатига киритмагани таъкидланади. Клинтон хоним Миср сиёсатига бўлар бўлмасга бурнини тиқаверадиган бу мамлакатнинг ҳарбийларига ўзларининг асосий вазифаси бўлган “ҳарбий” ишлар билан шуғулланишни тавсия қилган.
Шунингдек, АҚШнинг ҳозирда Туркияда иқтиқорда бўлган ва Тоййиб Эрдўғон тарафидан бошқарилаётган исломий илдизли “Адолат ва тараққиёт” партияси ҳукумати билан яхши алоқаларга эга эканлиги маълумдир.
Шуни айтиш керакки, ўзимиздан чиққан радикал демократлар “Иҳвон” каби ташкилотлар билан ва умуман мусулмонлар билан ҳар қандай муносабат ўрнатишга тиш тирноқлари билан қаршидирлар. Демократлар ичида ҳам радикаллари бўлади, дейсизми? Мана бу линкни http://www.harakat.net/actual.php?id_topic=9&id=169 очсангиз, уларнинг башарасини таниб оласиз. Бу радикал демократлар шунчалик демократки, бемалол Туркияда ва Мисрда ҳарбийларнинг давлат тўнтаришини амалга оширишлари лозимлигини айтишдан тортинмайдилар. Яъни, улар Чили собиқ диктатори Пиночет ва Мисрнинг собиқ диктатори Ҳусни Муборакни ўзларига устоз, деб биладилар. Кейин яна демократия ҳақида оғиз кўпиртириб гапирадилар. Инсоният ичида бутун фитна ва фасодларни мана шундай қўй терисига ўранган бўриларнинг чиқаришини асло унутмаслгимиз керак…
Намоз Нормўмин, 15 июль 2012 йил