АҚШ Марказий Осиёнинг собиқ совет давлатларига беғараз ёрдам ҳажмини кескин қисқартирмоқда, деб хабар беради Eurasianet агентлиги тарқатган маълумотга таяниб Фергана.news.
Eurasianet агентлигининг маълумотига кўра бу ҳақда Пентагон ҳисоботида келтирилган.
2012 йил маълумотлари билан солиштирганда Қозоғистонга бериладиган ёрдам ҳажми $8,7 млн.дан $187 минга, Қирғизистон – $21,3 млн.дан $1,2 млн.га, Тожикистон – $15,4 млн.дан $1,1 млнм.га, Ўзбекистон – $5,7 млн.дан $187 мингача қисқартирилган.
Ушбу ёрдам хавфсизликни таъминлаш ва гиёҳванд моддалар савдосига қарши курашиш бўйича чоралар доирасида Марказий Осиё минтақаси давлатларини ўқитиш ва малакасини ошириш учун АҚШ Мудофаа вазирлиги тарафидан тақдим қилинган.
Харажатлар қисқариши билан минтақа давлатлари билан ҳамкорлик ҳам сезиларли даражада пасайди. Эҳтимолларга кўра Марказий Осиёни муҳим аҳамиятга эгалик мақомидан маҳрум қилиш ҳақида қарор қабул қилинган бўлиши ҳам мумкин. Бу эса ўз навбатида Афғонистондан ҳарбийларнинг олиб чиқиб кетилиши билан боғлиқ.
Айни пайтда Россия Қирғизистон ва Тожикистонга ҳарбий ёрдам ҳажмини сезиларли даражада оширди. Хусусан, 2012 йили Москва Қирғизистон армиясини қайта қуроллантириш учун $1,1 млрд. сарфламоқчи эканини маълум қилганди. Бу ёрдам кредит шаклида эмас, балки аниқ қуроллар, ҳарбий техника, ҳарбий асбоб-ускуналар, ҳарбий кийимлар етказиб бериш ва қирғиз ҳарбийларининг россия таълим муассасаларида ўқишини кенгайтиришдан иборат бўлиши маълум қилинганди.
Тожикистонга эса Россия республиканинг ҳаво ҳужумига қарши мудофаа тизимини такомиллаштириш ва ҳарбий техникани таъмирлаш учун $200 млн. беришга қарор қилди.
ЎХҲ ахборот бўлими