Элчихонанинг Фэйсбукдаги расмий саҳифасида эълон қилинган табрикда 2 октябр куни 62 ёшини қаршилаган Муҳаммад Бекжон “шубҳали айбловлар” билан қамоққа ташлангани айтилади.
“Биз сўзини рўйи-рост айтадиган журналист ва сиёсий фаол Муҳаммад Бекжоновнинг 62 ёшини нишонлаймиз.
Жаноб Бекжонов «Эрк» газетасининг собиқ муҳаррири сифатида конституциявий тузумни ағдаришга уриниш деган шубҳали айбловлар билан 15 август 1999 йили озодликдан маҳрум этилган эди. Унинг қамоқ ҳукми йиллик амнистияга мувофиқ 2003 йилнинг декабр ойида қисқартирилган ва у 2012 йилнинг апрел ойида озод қилиниши керак эди. Бироқ 2012 йилнинг январида унинг қамоқ ҳукми қўшимча беш йилга узайтирилган бунга, айтилишича, унинг қамоқхона ички тартибини бузганлиги сабаб бўлган экан. Халқаро ташкилотлар ҳамда кўплаб ҳукуматлар ва парламентлар аъзолари қайта-қайта унинг озод қилишга чақирганлар.
Туғилган куни муносабати билан биз жаноб Бекжоновга мустаҳкам соғлик, руҳий қувват ва узоқ умр тилаймиз.
Туғилган кунингиз муборак бўлсин, Муҳаммад ака!”, дейилади АҚШ элчихонаси якшанба куни эълон қилган табрикда.
Илк баёнот
Бу АҚШ расмийларининг Президент Ислом Каримов вафотидан сўнг Ўзбекистондаги инсон ҳақлари борасида қилган биринчи баёнотидир.
Ўтмишда Қўшма Штатларнинг юқори мартабали дипломатлари ўзбек расмийлари билан ёпиқ эшиклар ортидаги музокараларда қамоқхоналардаги сиёсий маҳбусларни озод этиш ва мамлакатдаги инсон ҳақларининг аҳволини яхшилашга мунтазам ундаб келганликларини айтишган.
Халқаро инсон ҳақлари ташкилотлари Вашингтонни марҳум президент Ислом Каримов билан террорга қарши урушдаги ҳамкорлигини танқид қилиб келганлар.
Хориждаги ўзбек фуқаро жамияти фаоллари Ўзбекистондаги янги ҳокимиятни қамоқдаги сиёсий маҳбусларни озод қилишга чақиришган, аммо ҳозиргача расмийлар Каримов даврида қамоққа ташланган фаолларнинг озод қилиниши ёки қилинмаслигига доир бирон ишора бермаганлар.
Ўтган ҳафта Варшавада ўтган Оврўпада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг анжуманида ўзбек ҳукумат ҳайъати раҳбари Акмал Саидовнинг чиқиши аввалгиларидан фарқ қилмаган.
Жаноб Саидов мамлакатда инсон ҳақлари ҳимоялангани ва сиёсий эркинликлар тўла таъминланганини айтган.
Тутқун журналист
Париждаги “Чегара билмас мухбирлар” ташкилотига кўра, 62 ёшли Муҳаммад Бекжон дунёдаги энг узоқ муддат қамоқда қолаётган журналист ҳисобланади.
У мухолифатдаги “Эрк” демократик партияси раҳбари Муҳаммад Солиҳнинг укаси ва “Эрк” рўзномасининг собиқ бош муҳарриридир.
Бекжон 1999 йилдаги Тошкент портлашлари ортидан Киевдаги уйидан ўғирлаб кетилган ва портлашларга алоқадорликда айбдор, деб топилиб, 15 йилга озодликдан маҳрум этилганди.

У 2012 йил февралида озодликка чиқарилиши керак эди, аммо муддати тугашига бир ой қолганида қамоқхона маъмуриятига бўйсунмаслик айби билан яна 4 йилу 8 ойга маҳкум этилган.
Шу йилнинг 20 июл куни Навоий вилоятининг Зарафшон шаҳридаги қамоқхонада Муҳаммад Бекжон билан учрашган ҳуқуқ фаоллари Васила Иноятова ҳамда Абдураҳмон Ташановлар Бекжоннинг соғлиги қониқарли аҳволда экани, аммо яқинларидан хат-хабар ололмаётганидан шикоят қилганини айтишган.
Фаолларга Бекжон билан учрашишга изн берган жазони ижро этиш расмийлари Муҳаммад Бекжон навбатдаги қамоқ муддати сўнггида озодликка чиқарилиш ёки чиқарилмаслигига ойдинлик киритишмаган.
Ўзбекистонда жазо муддатларини турли важлар билан узайтириш сиёсий маҳбусларга нисбатан кенг қўлланадиган тажриба ҳисобланади.
2014 йилда Муҳаммад Бекжонни қамоқда кўрган аёли уни таний олмаганини айтган.
“Кўзларида умид бутунлай сўнган. Ҳаёт-мамот учун курашаяпти”, – деб айтган Нина Бекжонова.
1999 йил августида Тошкентда ўтган маҳкамада Муҳаммад Бекжон айбларга иқрор бўлиш учун қийноққа солинганини айтган.
Ўтган йили Халқаро Амнистия ташкилоти ўзбек ҳукуматини Бекжонга нисбатан қийноқ қўллангани ҳақидаги иддаолар юзасидан холис ва самарали текширув ўтказишга чақирганди.
Манба: bbc.com/uzbek