O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Аҳволимиз ачинарли

Аҳволимиз ачинарли
29 views
30 May 2017 - 11:00

Ақлсиз қўзилар

Ҳеч кўрганмисизлар чўпонлар қўй-қўзиларни тоққа олиб кетаётганини?

Тахминан уч-тўрт юзта қўзига 3-4 та отлиқ ва яна шунча пиёда чўпон, 5-6 та ит минг қийинчилик билан қўзиларни тоққа ҳайдаб кетади, қўзилар ўзини уёқдан буёққа уради. Чўпон югурган, ит югурган, ҳаттоки шу ўз номи билан қўйдек ювош бўлган қўзиларни ҳам бўйсундириш қийин кечади бечора чўпонларга.

Бир сафар водийдан Тошкентга кетаётиб шунақа қўй подага рўбарў келиб қолдим, вақт бемалол бўлгани учун тўхтаб, кузатдим. Чўпонларни биттаси ёш йигитча экан, қўйларни бекордан бекорга қамчилаб, қийнаб, кўнгил ҳушлик қилиб кетарди. Унга шу ҳам камлик қилиб, битта қўзини оёғидан ушлаб қийнади, қийнашни бошлаши билан совлиқ (урғочи) қўйлар бараварига бақириб, “мараб” тўпаланг қилиб ташлади. Қўйлар ҳар ёққа ўзини уриб чўпонларни ваҳимага солди. Бир-иккитаси қарама-қарши йўлга ўтиб, машиналарни тагига кириб кетай деди. Битта катта қўчқор ҳалиги чўпон болани орқасидан келиб, бир калла қўйиб, ағдариб юборди, бола ўзини ўнглаб қочмоқчи эди, ёнбошдан яна бир ола қўчқор келиб “каллалади”. Хуллас, роса томоша бўлди. Томошани охирида чўпонларни каттаси ҳалиги болани роса уришди “жияним, иккинчи бундай қилмагин, булар сенга одам эмас, нима қилсанг ақлини ишлатиб тинчлигини ўйлагани, буларни ақли йўқ, босимни оширворсанг назоратдан чиқиб кетади, буларни кўнглига қараш керак, қўй дегани нима қилсанг ҳам жим туради дегани эмас”, деди.

Ақлли қўзилар

Кеча учинчи кунки масжидимизда таровиҳ намози ўқияпмиз. Тахминан 1500-2000 атрофида одам келяпти намозга. Масжид ичидаги ҳолатни кўриб кўзингиз қувонади, ташқаридачи? Биринчи куни милиция ходимлари ёш болаларга индамади бўш қўйиб берди, жуда хурсанд бўлдим “ҳамма тўсқинликлар ўлган президентни ташаббуси эканда?!” деб, ҳар куни қиладиган “дуомни” яна бир бор қилиб қўйдим.

Лекин сал шошилган эканман, иккинчи кундан бошланди, ўтган йили 3-4 та милиция ходими турган бўлса, ҳозирда 13 та ходим астойдил хизмат қилиб, иложи борича болаларни ўтказмасликка ҳаракат қиляпти. Ўғлини етаклаган оталар (совлиқ, урғочи қўйларчалик эмас) дарвозани олдида тўхтатган ходимга кулиб, хурсандчилик билан қараб “бўлди гап йўқ, йўғе, умуман хафа бўлиш йўқ, қонун “ест” қонун, бўлди кирмайди”, деб ўғилларини каттароқ бўлса қайтариб юборяпти. Кичкина бўлса «ўғлим машинада ўтириб туринг-а, ҳа яшанг “дагар“, ўғилболада, ота ўғил, кўз тегмасин роса ақлли бола бўляпти” деб, нажот эшигидан ҳайдаётган “ментга” мақтаб, ўзи масжидга кириб кетганини ҳам кўрдим.

Кеча шу иш ўзимни ҳам бошимга тушди. Ифтордан кейин ўғлим велосипедда масжидга кетди, тахминан ярим соатлардан кейин ўзим ҳам орқасидан чиқиб бордим. Бемалол машинамдан жой намозни олиб, учраган таниш-билишлар билан саломлашиб, ҳазил-ҳузул қилиб масжид дарвозаси олдига борсам, ўғлим дарвоза олдида турибди “ие, ҳа?” десам, «милиция ичкарига қўймади» деб, умид кўзи билан менга қараб турибди. “Қани юрчи”, деб бирга масжидга қараб юрдик, эшикни тагида баробар учтаси ёпишди «ака, мумкин эмас ёш болага» деб, ман: “Бу ёш бола эмас, ўн саккизга тўлган” десам, “йўқ, йигирмадан пастини киргазманглар, деган фармон бор” деди, “Қани ўша фармон кўрсатингчи?« десам, “ОЛХ” га кирсангиз кўриб оласиз, фармонни кўрмаганингиз бизнимас, сизни айбингиз”, дейди.

Хуллас, тахминан 20-25 минут тортишиб туриб қолдик, у десам, бу дейди, бу десам у дейди.

Битта формада дафтар кўтариб олгани келиб:

– Ака, тушунган одам экансиз, ёшлар нима қилади масжидда? Ундан кўра ўқисин,- деди.

– Хўш, ҳозир ярим кечаси нимани ўқийди? Кейин мани танимас экансиз, ман тушунмаган одамман, манга ўша фармонни кўрсатинг, сизлар ўтган йилги гапни кўтариб юрипсизлар, шахсан янги бўлган Президентимизни ўзи чиқиб масжидларга ҳайриҳоҳ эканлигини билдиряпти.

– Хоҳлаган жойизга боринг, ҳаттоки “облҳокимга” шу мурожаат билан чиққанларни «мени аралаштирмай ҳал қилинглар» деяпти,- дейди.

Охири қўрқитишга ўтди,

– Фамилия исмингизни айтинг, эртага гаплашамиз сиз билан.

– Палончи пукунчиев. Энди сиз ҳам айтинг фамилия исмингизни дедим,- у ён бергиси келмади.

– Ўғлингизни исм, фамиляси?

– 1998 – йил 2-сентябрда туғилган. Исм фамилиянгизни билишга ҳаққим борми?

– Ака, сиз билан эртага 213-ҳонада гаплашамиз, ҳозирча кираверинглар, деди. Ўғлимни олдида юзим сал ёруғ бўлди, Алҳамдулиллаҳ!!!

Бу орада фарз намоз бошланиб тугаб ҳам бўлди.

Алам қилгани уларни тўҳтатиб киргазмагани эмас, алам қилгани ўнта чўпон икки минга яқин одамни “марашига” йўл қўймайдиган даражада бўйсундириб олгани. Бизни шахар жуда кичкина, ҳамма бир-бирини танийди. Олдимиздан ўтиб масжидга кириб кетаётганларни 50 % танийман, улар ҳам мани танийди, лекин бирортаси “ҳа, тинчликми?”, дея олмади. Аҳволимиз ачинарли, бунақа тинчликдан кўра ҳар-ҳарда нотинчлик бўлиб тургани яхшимасми деворгин келади.

Биз бугун масжидга қўйилмаётган болаларни ҳимоя қила олмас эканмиз, уларни Қуръонга муҳаббатли, дину-диёнатлик этиб тарбия қила олмас эканмиз кейин кеч бўлади. Бугун масжиддан қайтарилганларни эртага пул билан ҳам, куч билан ҳам масжидга қайтара олмаймиз. Қўрқинчлик, ўзидан, миллатидан, динидан ор қиладиган авлод шаклланади. (c)

P.S: Илтимос! Рамазонда фитна, бекорчи гап ва ҳоказо ва ҳоказо дейилмасин. Гапи борлар рамазонда ҳақиқий фитна қилиб, шайтонни ишини қилаётганларга бориб гапирсин.

Sayyid Islom

facebook.com