Мен туғилиб ўсган шаҳар кичиккина, мўжазгина жойдир. Кўпчилик бир-бирини яхши танийди.
Мени Бобом катта “ҳуқуқбузар” бўлганлар. Шаҳарда ўз обрўсига эга бўлган. Бобомни ҳурматиданми кўп аҳли илм, имомларни яхши танийман. Шаҳарда ўн бир жомъе масжиди бор. Ҳаммасини танийман. Имомларни барчасини таниганим сабаб, одамлар имомларга иши тушса менга мурожаат қилади. “Гаплашиб бер”, дейди. Домлаларга телефон қилиб, ёки олдиларига бориб, гаплашиб бераман. Кузатишларим натижасига кўра, охирги 7-8 йилда домлалар фақатгина икки нарса учун керак бўлган:
1. Ўлим бўлганда
2. Тўй бўлганда
Ўлим бўлганда жаноза ўқиш, ўлгандаги маслаҳатлар учун домла керак бўлган. Тўйда эса никоҳ ўқиш, тўйдан аввалги ис чиқариш маросимлари, халқ тилида “хадм қурон” учун керак бўлган, тамом!
Савдогар, дурадгор, саллоҳ, сарроб, косиб ва бир қанча касб эгалари бор. Аммо ҳеч қайсиниси домлаларни ўз касби юзасидан бўладиган саволлар учун изламайди. Ҳалол-ҳаром, амру-маъруф, илм бериш каби масалаларда домлаларни эсламайди. Фойдаси йўқ эканлигини яхши билади. Сабаби, ҳалол-ҳаром ва саволлар масаласида сал ақли бор одам домлага эмас, интернетга мурожаат қилади. Саволлар.ислом.уз сайтига кириб, саволига жавоб топади. Борадиган домласи Шайҳдан илмли эмаслигини яхши билади. Амру-маруф, илм каби нарсалар ҳуқуқбузарлик саналади. Шу учун бу борада домлаларга мурожаат қилиш бефойда.
Бир масжид имомини маросимга гаплашиб бергани бордим. Домла нима маросим эканлигини сўрадилар. Ақиқа, дедик. “Бориб нима қиламан? Еб-ичиб қайтиб келаман. Камига еганимга сизлар пул ҳам берасизлар, еганимни оқлаш учун гапириш ҳам мумкин эмас. Шу учун менга ҳожат йўқ” – дедилар. Мантиқий жавоб-а?
Домлаларимиз бугун минбарларда туриб: “аҳли илмларни обрўсизлантириш компанияси кетяпти. Имомларимиз беҳурмат қилинайпти. Бу ишлар тепасида юртдан ташқаридагилар, ватангадолар турибди”, деб бонг уришяпти. Бир вақтлар мазҳаб можаролари вақтида “аввал ичимиздаги ихтилофни бартараф этиб, ички душманни йўқотишимиз керак”, дейишарди. Энди эса имом домлаларимиз домла, имом деган шундай катта, масъулиятли вазифани тазиячи ва тўйчига айлантириб қўйган, маросимдан, еб ичишдан бўшамайдиган, юқори ёзиб берганидан ўзгани гапира олмайдиган қилиб қўйганларни ички душман, деб эмас, ташқаридагиларни “душман”, деб хисоблашяпти. Аввал “бир мойчечак, икки мойчечак”, энди эса “бир вақ вақа, икки вақ вақа” (мантиқ қидириб кўринг?)
Аҳволингизга бир қаранг. Ким эдингиз-у, ким бўлдингиз? Сиз шариат ғиштлари билан ислом иморатини қуришингиз керак эди. Сиз эса сиёсат аталмиш муҳандисингиз берган лойиҳага қараб, тузум аталмиш бинонинг қурилишига шариат ғиштлари мос келмагани учун у ғиштларни синдириб, мослаяпсиз. Мос келмаганини ирғитиб юборяпсиз. Эҳтиёт бўлинг. У ғиштларни сизнинг қўлингизга Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам берган эдилар. Ахир сиз ўзингизни давойингизга кўра пайғамбар меросхўрисиз-ку, тўғрими?
Sayyid Islom