ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ — 70
(давоми)
ДАВМАТУЛ ЖАНДАЛ ҒАЗОТИ
Ҳижратнинг тўртинчи йили охирларида Расулуллоҳга хабар келдиким, Давматул Жандал деган жойда турган одамлар йиғилишибдур, буларнинг мақсадлари эрса Мадинага ҳужум қилмоқдур. Бу хабар келгач, Расулуллоҳ минг кишилик аскар тузиб, йўлга тушдилар. Бу ер Мадинанинг Шом тарафида бўлиб, ўн беш кунлик йироқликда эди. Ўткинчи йўловчиларга тўсқин кўрсатиб, аларга кўп зулм қилмоқда эдилар.
Душманга билдирмай аларни босиш учун, кундузи яшириниб, кечаси юрдилар. Шундоқ қилиб, Ислом аскари душман устига етиб бориб, тўсатдан аларга ҳужум қилди. Нима қилишларини билишолмай, ўз бошларини олиб қочишга аранг улгурдилар. Бутун мол–чорваларини ўтлоқда қолдириб, ўзлари эса ҳар қаёққа тарқалиб қочдилар. Алардин қолган бутун нарсалар ўлжага тушди. Душман томонидан ҳеч қандоқ қаршилик кўрилмай, Мадинага саломат қайтдилар.
Шу қайтишларида Физор қабиласининг раиси Уяйна ибн Ҳисн Расулуллоҳга учрашиб, ўртада келишим бўлди. У чоғда бу қабила кишилари динга кирмаган эдилар. Расулуллоҳ бу одамни «Аҳмақул мутў», яъни, «обрўйлик аҳмоқ», дер эдилар. Халқ ичида шундай одамлар билан ҳам муросани мадора қилмоқ лозимдур. Шунинг учун Расулуллоҳ бу одам билан сулҳ тузиб, муроса қилиб, бутун умматлари учун бир тузук (қонун) қолдирдилар. Бу билан муроса қилганликдан, чорва молларини ўтлатмоқ учун Мадинадан ўттиз олти мил узоқдаги бўш ётган ерлардан ўтлоқ жой кесиб бердилар. Ўз ерларида шу йиллари ёмғир ёғмай, қуруқчилик бўлган эди.
Расулуллоҳнинг бу қилган яхшиликларини улар билмадилар. Бу жойга келишиб, от-улоқ, ориқ туёқлари семиргандин кейин Расулуллоҳнинг соғин туяларини ҳайдашиб, ўз ерларига қочишиб кетди. Бу воқеани ўз ўрни келганда яна баён қилурмиз, иншоаллоҳ. Шул киши ҳақида бу ҳадисни айтганлар:
«Инна шарраннаси ман таракаҳуннасу иттиқоа фаҳшиҳи». Яъни: «Одамлар ичида энг ёмон киши шулки, унинг уятсизлиги, оғзи бузуқлигидан кишилар ҳазар қиладилар, зиён етмасин деб уни ҳурмат қиладилар. Энг ёмон одам шулдур», дедилар.
Энди бу жойда Пайғамбаримизнинг у киши ҳақида «обрўйлик аҳмоқ» деган сўзларидан илҳом олиб, бу ўринда, ўқитувчилар учун бир неча фойдалик сўзлар ёзиб қолдиришни лозим топдим. Албатта, шуни билмак керакким, инсон оламига берилмиш неъматлар ичида энг улуғи ақл неъматидур. Шунга ўхшаш, оламда борлиқ балолар ичида энг ёмони аҳмоқлик балосидур. Бундай зиёнлик ёмон нарса дўзахда ҳам йўқдур. Агар киши ақлини ҳақлик йўлида ишлатар экан, у киши фаришталик мақомига етиб, балки пайғамбарлар каби улардан ўтиб комил инсон бўлиши шубҳасиздур. Агар одам аҳмоқлик йўлига кириб, ҳайвонлик сифатига берилар экан, шайтонга қул бўлиб, дўзах ўтига ем бўлишига шак йўқдур. Дунё яратилгандан бошлаб, ноҳақ тўкилган қонлар, еру-кўкка гуноҳи сиғмайдиган инсонларнинг қилган зулм-хиёнатлари барчаси шу аҳмоқлик орқасидан юзага чиққан ишлардур. Агар киши бировни: «Худо сени аҳмоқ қилмасун, аҳмоқларга йўлдош қилмасун», дер экан, уни энг улуғ олқишлаган бўлур. Шунинг учун Жалолиддин Румий «Маснавий шариф» китобида айтмишдур:
«Зи аҳмақон бигуриз чун Исо гўрихт», яъни: «Исо пайғамбар аҳмоқлардин қочди, сен ҳам шунингдек улардин қочгил, чунки бутун дунёда бор бузуқлик ишлар, ноҳақ тўкилган қонларнинг барига шулар сабабдур», деган бўлур. Бу байтнинг китобда ҳикояси бордур.
Шундоқки, бир куни Исо алайҳиссалом бир неча аҳмоқ одамларни кўриб, улардин юз ўгириб қочдилар. Анда шогирдлари: «Ё, Расулаллоҳ, сизнинг муборак нафасингиздан қанча кўп туғаси (туғма) гунглар, карлар шифо топдилар. Сизнинг қўлингизда Худо изни билан бир неча ўликлар ҳам тирилди. Шундай бўлгач, бу аҳмоқларга бир дам урсангиз, булар ҳам шу аҳмоқлик балосидан қутулиб қолсалар яхши бўлур эди», дедилар. Анда Исо алайҳиссалом «Менинг нафасим Аллоҳ изни билан ўликларни тиргиза олар. Ҳар қандоқ дардманларга шифо бағишлар. Аммо аҳмоқ одамларга таъсир қилмас. Чунки аҳмоқлик Аллоҳнинг қаҳридур», дедилар.
Мана шунга ўхшаш, ҳозирги кунларда, яъни ҳижрий 1380, мелодий 1960 йилда ер усти бутунлай шу аҳмоқлар қўлига кирди. Динсизлик, даҳрийлик балоси бутун дунёни қоплади. Ислом ҳукумати, Ислом мамлакати дейишга икки Ҳарамдан бошқа ҳеч бир жой қолмади. Аллоҳ юборган пайғамбарлар кўрсатган тўғри, ёруғ йўлдин дунё халқи бутунлай четга чиқдилар. Кўзлари кўр бўлгач, бу кунги маданиятнинг маърифат нурлари юрар йўлларини ёритмади. Топган илму-ҳунарларини халққа фойда берарлик қилиб ишлатмадилар, балки инсонларни қириб, йўқотарлик, бутун оламга ҳалокат етказурлик энг даҳшатлик қуролларини тайёрладилар. Пайғамбаримиз айтганларидек, дунё илми кундан-кунга ривожланиб, тараққий топди. Аммо дин илмини билган, бутун мамлакатда бир-икки, деб саналиб қолди. Инсон оламида ҳақиқий маданиятга етиш учун бу икки илм арқоқ ўриш каби бир-бирига қаттиқ боғланиши лозим эди. Чунки Қуръонда келган бу оят бизнинг сўзимизга очиқ далилдур:
«Раббана атина фид-дунё ҳасанатан ва фил ахирати ҳасанатан ва қина азобаннар», яъни: «Эй бор Худоё, бизларга бу дунё, у дунё, ҳар икки дунёда яхшилик бергил ва ҳам дўзах азобидан асрагил», деган бўлур.
Аллоҳ таоло бу оятда ҳар икки дунёнинг яхшилигини сўрашни бандаларига буюрди. Бу давлатга етиш йўлларини уларга ўзи кўрсатди, дунё давлатини қўлга киритиш учун илм ўрганишга буюрди. Охират яхшилигига етиш, дўзах азобидан қутулиш учун динни ушлашга амр қилди. Илм ўрганиб, табиат асрорини очишга асбоб (сабаб) қилиб, ақл-идрок берди. Динни ўргатиб, иймон-инсоф йўлларини билдириш учун пайғамбарларини юборди. Ҳар илмнинг, ҳар фаннинг моҳир олим устозлари ҳар шаҳарда юзлаб, минглаб топилишлари мумкин. Аммо улар ичида халқ учун қайғурган оқил, доно одамлар кам топилур. Илм тараққий қилганликдан агар аҳмоқ қўлига тушар экан, бутун оламни хароб қилғудек энг даҳшатлик қуролларни шу олимлар ўйлаб чиқардилар. Нодонлар қўлига қурол топширмоқ, маст-мажнунлар қўлига ўт бермоқ кабидур. Булар эса бир куни бутун оламга ўт қўйиб юборишдан ҳам тоймайдилар.
Сўзнинг хулосаси, ҳақиқатнинг тўхтаган жойи шулки, Аллоҳ бир бўлгандек, унинг кўрсатган йўли ҳам бирдур. У эса Муҳаммад алайҳиссалом келтирган Ислом динидур. Аллоҳнинг минг бир оти бордур, анинг бир исми Аҳаддур. Шунинг учун «Қул ҳуваллоҳу аҳад» ояти ила бошлагувчи сура Қуръонда келмишдур.
Пайғамбаримизнинг исмлари эса Аҳмаддур. Аллоҳ Аҳад, ўзи кўрсатган ҳақ йўлига бутун инсонларни бошлаш учун ҳабиби Аҳмадни йўлбошчи қилиб юбормишдур. Энди, инсонлар Худо юборган йўлбошчилари Муҳаммадга эргашиб, анинг йўлига кирар эканлар, бу дунёда роҳатда яшаб, охиратда жаннатга киргайлар. Агар шундай бўлмас экан, ундай одамлар майли, бошқа дин тутсин ёки тутмасин, бу дунёда қўллари ишдан бўшамайди, кўнгиллари ғамдин чиқмайди. Қиёматга қолмасданоқ, ўлишлари билан ўзларини дўзах ичида кўрадилар. Қуръон ҳукми, Ислом эътиқоди шулдур. Аҳмоқ одам устида пайғамбаримизнинг айтган қутлуғ сўзларидан илҳом олиб ўқигувчиларга, шу қадар сўзларни айтиб ўтдим, иншааллоҳ, фойдасиз бўлмас. Яна ўз сўзимизга келайлик.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу сафарларидин қайтиб рабиул охирнинг йигирмаларида саломат Мадинага кирдилар. Сафарда эканликларида ансорлар раиси Саъд ибн Убоданинг онаси вафот топмиш эди. Мадинага келгач, ё Расулаллоҳ, онам учун садақа қилсам, қайси нарса савоби кўпроқ бўлғай, деб сўради. Анда Расулуллоҳ ташналарга сув бермакдур, дедилар. Саъд разияллоҳу анҳу бу сўзни англағач, Мадинада бир қудуқ қаздирди. Савобини онасиға бағишлаб, сувини вақф қилди.