O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

А. Орипов: ўз юртимда эмигрантдан бадтар аҳволдаман…

А. Орипов: ўз юртимда эмигрантдан бадтар аҳволдаман…
167 views
18 February 2013 - 14:21

а-о-1024x768Инсон баъзан ўзи билмаган ҳолда ҳақиқатни айтиб юборади. Чунки ҳақиқатни айтиш баъзан, масалан Ўзбекистондаги Ислом Каримов диктатураси шароитида, тилни ёки бўлмаса инсоннинг жисмини тамоман куйдириб юбориши мумкин…

Абдулла Ориповнинг ўз вақтида катта мисралар ёзган, катта лавозимлар эгаллаган ва катта мукофотлар олган шоирлигини биламиз. Мана энди ундан катта ва айтиш мумкинки тоғлар катталигида бир эътироф етиб келди:
“Мен ўз юртимда эмигрантдан бадтар аҳволдаман…”
(қаранг: dunyouzbeklari.com)

Нега? Бу халқ шоирини ким хор қилди? Ўз юртида хор бўлган шу шоирнинг ўзими? Афсуски, бу ҳақиқат, бу аччиқ эътироф, яъни ўз юртида хор бўлиш бугун 30 миллионлик ўзбек деган халқнинг ўткинчи қисматига айланди. Ўткинчи, деяпман, чунки зулм абадий эмас, бугун бўлмаса эртага, Ўзбекистонда эркинлик ва адолат тантаъна қилади, инша Аллоҳ.

Абдулла Орипов ва диктатор Каримовга лаганбардорлик қилиб, охири хор бўлган “зиёлиларга” келадиган бўлсак, уларга “баттар бўлинг”, дея олмаймиз. Чунки бу ҳам қадар, яъни тақдир масаласидир. Бор бўлишни ҳам, хор бўлишни ҳам инсоннинг ўзи танлайди. Улар бир золимга хизмат қилиш билан хорликни танладилар ва охирида буни эътироф қилдилар…

Абдулла Орипов бу эътирофининг ёнида мухолифатнинг режалари билан ҳам қизиққан. Ўзи каби шоир Муҳаммад Солиҳнинг фаолияти ҳақида эшитиб, сукут қилган. Маълумки, сукут розилик аломатидир. Балки мен энди хатоларимни тушундим, энди мухолифат тарафдориман, демоқчи бўлган, аммо тилим тамоман кесилмасин, дея буни айта олмагандир…

Мухолифат нима истайди саволининг жавоби эса жуда аниқдир. Мухолифатнинг асосий кучи Ўзбекистон Халқ Ҳаракатидир ва у диктатор Каримов бутун ижтимоий соҳаларда, шунингдек ўз ватанида хор қилган 30 миллионлик ўзбек халқини дунё саҳнасида бор қилишни истайди. Яъни, мухолифат аввало шахсларнинг ҳам, халқимизнинг ҳам эътиқодий, миллий ва ҳуқуқий жиҳатдан тирилишини истайди.

Бу шундай тирилиш ки, унинг шароитида шоирнинг ҳам, чўпоннинг ҳам ўз юртимда эмигрантдан бадтар аҳволдаман, дейишга эҳтиёжи қолмасин. Адолат зулм устидан ғалаба қиладиган бу кунларнинг яқинлигига асло шубҳа қилмаймиз!

Намоз Нормўмин
18 февраль 2013 йил.