“Озодий”да Эронга бой берилган ўйиннинг эртаси куни Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Самвел Бабаяннинг иши яна юришиб кетди. Бунинг учун Бабаян майдонга эмас, Худога сажда қилиши керак, чимни эмас, Қатар терма жамоаси мураббий ва футболчиларининг пешоналарини ўпиши керак.
ЎФФ президенти Мираброр Усмонов, термамиз футболчилари ва мухлислари ҳам Қатар терма жамоасидан миннатдор бўлишлари керак.
Чунки Қатарнинг Жанубий Корея устидан қозонган ғалабаси жаҳон чемпионатига тўғридан-тўғри чиқиш имкониятларимизни сақлаб қолди.
Ҳа, бахтимизга Қатар термаси бор экан!
Терманинг бугунги абгор аҳволидан қон ютаётганимизга эса Мираброр Усмонов билан Самвел Бабаян бор экан!
Мираброр Усмонов Ўзбекистон термасининг Жаҳон чемпионатига чиқишини ҳохлайдими ўзи?
Бу савол 12 июньдаги шармандали ўйин ва мағлубиятдан кейин туғилди. Бабаян саралашнинг оҳирги босқичида тўртинчи (!!!) учрашувни бой беряпти. Лекин Усмонов жаноблари Самвелни лавозимидан олиб, ўрнига бошқа мураббий тайинламаяпти.
Жаҳон чемпионатига чиқиш йўлидаги ҳамма имконият йўққа чиқарилиши орзиқиб кутилаётганга ўхшаяпти. Бабаян бу миссияни, яъни Тангри инъом этаётган имкониятларни йўққа чиқариш вазифасини аъло даражада уддалаяпти. Шундай экан, нега уни ишдан олиш керак?
Менеджер ўрнига ҳақиқий мураббий тайинланса, терма жамоани жаҳон чемпионатига олиб чиқиб қолса, нима бўлади?!
Фожиа бўлади! Чунки терма жамоа жаҳон чемпионатида рақибларига йирик ҳисобда ютқазиб, Ўзбекистонни дунёга шарманда қилади! Ундан кўра ўйинбойберар Бабаянни жойида қолдириб, барча шансларни йўққа чиқариб, шу отинг ўчгур чемпионатга чиқмаган маъқул.
“Мираброр Усмонов шу тарзда фирклаяптими?”, – деган шубҳаларга боряпман. Агар ул зоти олийлари бошқача ўйлаётган бўлсалар, яъни миллий терма жамоани жаҳон чемпионатида кўришни ҳақиқатдан ҳам истаётган бўлсалар, нега менеджерни ишдан олмаяптилар?
Ҳудди шу зоти олийлари арзимаган бир мағлубият учун Вадим Абрамовни бир кечада ишдан олган эди-ку!
Бир мағлубият учун Абрамовни ишдан олишга қурби етган Усмоновнинг тўрт мағлубият учун Бабаянни ишдан олишга “духи” етмаяптими? Ёки жаҳон чемпионатига чиқиш имокниятлари тўлиқ йўққа чиқарилишини истаяптимиларми?
Агар Мираброр Усмонов Ўзбекистон термасининг Россиядаги жаҳон чемпионатига чиқишини ҳақиқатдан ҳам истаётган бўлса, бугуннинг ўзида Бабаянга жавоб бериб, қолган икки муҳим ўйинга бошқа мураббий тайинлаши керак.
Миллий термага хориждан малакали мураббий олиб келишга ЎФФнинг маблағи бўлмаса, ўзимиздан бошқа мураббий тайинлаши керак. Икки учрашувни ютиш вазифасини қўйиб, бошқа мураббий келтириш керак. Бунинг учун вақт етарлича!
Бабаяннинг ўрнига ўзимиздан тайинланиши мумкин бўлган номзодлар борасида шахсан мен Миржалол Қосимов ёки Вадим Абрамовни таклиф қиламан. Ўйлайман-ки, улар миллий термани қолган икки учрашувга яхши тайёрлаб, икки учрашувда ҳам ғалаба қозона олишади.
Ҳурмати футбол мухлислари, журналистлар, ватандошлар, ватнапарвар юртдошлар!
Келинг, термамизнинг Хитой ва Жанубий Кореяга қарши ўтказадиган икки учрашувига бошқа мураббий тайинлашни талаб қилиб, ЎФФ раҳбари Мираброр Усмонов ва мамлакат президенти Шавкат Мирзиёевга очиқ хат билан мурожаат қилайлик!
Бу талабимизни Усмонов жаноблари инобатга олмаса, президент Мирзиёев инобатга олар!
Мазкур талабга қўшилишни истаганлар, очиқ хат тагидаги шарҳларда ўз исми-шарифларини, э-маил адресларини ва телефон рақамларини қолдиришлари мумкин.
Ушбу хатга имзо чекиш жараёни беш кун давом этиб, 18 июнь куни соат 23.00 да тўхтатилади. Очиқ хат эртаси куни президент порталига жўнатилиб, ижтимоий тармоқларда эълон қилинади.
Бобомурод АБДУЛЛА
15.06.2017
БАБАЯН, ЙЎҚОЛ! Ёхуд қолган икки ўйинга бошқа мураббий кераклиги ҳақида“Озодий”да Эронга бой берилган ўйиннинг эртаси к…
Bobomurod Abdulla paylaştı: 15 Haziran 2017 Perşembe