ТУРКИСТОН ҚАЙҒУСИ – 3
(давоми)
Аллоҳни севиш, унинг висолига етиш учун оғир, машаққатли покланиш йўлини босиб ўтишимиз лозимдир. Ҳар бир киши ўз вақтини сарҳисоб қилиб туриши, чунки вақт бойлиқдур, бир касбни эгаллаши, ўз қўл кучи билан ҳалол луқма топмоқлиги бу таълимот асосларидандир», деганларини эшитганмиз. Ўз ҳаётлари давомида шунга амал қилиб доришунослик, тиббиёт илмларини мукаммал эгаллаганлар ва ҳожатбарор шифокорлиги туфайли кўпчилик ўртасида катта обрў-эътиборга эга эдилар. Кичкина ҳовлининг ташқарисида доимо соғин сигир билан бир тана боқилар эди. Ёшлигимда уларга ем-хашак ва ивитилган сомонга кепакни ихлос билан ўзлари қориштириб бераётган иш устида бобомларни кўп марта кўрганман.
Эрта баҳор кунлари эди. Саҳарда бир қариндошнинг тўй ошига бобомлар билан бирга бордик. Кун совуқ, энди тонг отмоқда эди. Кўпчилик айтилган бўлса керак, кўчада саф тортиб, ош ейишга навбат кутиб, одоб билан бобомларни олдинга кузатаётган туманат одамларни кўриб, ҳассага икки қўлини қўйган ҳолда тўхтадилар. «Бай, бай, бай! Қани эди бу ўзбек ўғлонлари шу тартибда, шундай ғайрат ва ихлос билан Ватан озодлиги учун жангга кирса!» деб, тизилиб турган узун сафга завқ билан узоқ тикилиб қолганларини эслайман. Шунда бу манзара тўқсонни қоралаб қолганига қарамай, қоматини мағрур тикка тутиб турган собиқ маршалнинг Ватан озодлиги учун олиб борган шиддатли муқаддас жангларининг қайси ёлқинли дамларини кўнглига солган экан, деб ўйладим.
Алихонтўра кенг билимлар эгаси, чинакамига қомусий олим эди. Юқорида тилга олинган асарларидан, таржима қилган китобларидан ташқари у кишининг қаламига мансуб «Шифо ул-илал», яъни «Иллатлар шифоси» асари ҳам мавжуд. Унда икки юздан кўп касалликлар баёни, ташхиси ва даволаш усуллари берилган. Кўп тилларни чуқур билганлиги боис шу тилларда шеърлар ҳам ёзганлар.
«Девони Соғуний» номли девон соҳиби ҳамдир. Шу давр ичида бобомиз томонидан яна Аҳмад Донишнинг «Наводир ул-вақое» асари, Дарвеш Али Чангийнинг «Мусиқа рисоласи» асари ўзбек тилига таржима қилинган.
Аллома Соғунийнинг обрў-эътибори оддий халқ орасида ниҳоятда юқори эди. Ул зот фақатгина исломпарвар бўлмай, балки том маънода инсонпарвар бўлгани сабабли олдига узоқ-яқин жойлардан жуда кўп кишилар ўз дардлари ва ташвишларига даво, маслаҳат излаб келишар эди. Айниқса «Темур тузуклари» ойномада босилиб чиққандан кейин машҳурлиги янада ошди. Кўплар форс, араб, туркий тилларида босилган, турли соҳаларга мансуб қадимги нодир асарларнинг таржима ва шарҳларига ёрдам сўрасалар, бошқалар илм излаб келганини, табобат, миллий тарих, диний илм соҳаларида билим олиш учун шогирд бўлиш ниятида эканини билдирардилар. Кўп ўзбек шогирдлари уйдан қатнаб илм олсалар, узоқ юртлардан келган тожик, қирғиз, қозоқ, тунгон, кавказ халқларига мансуб шогирдлари ташқари ҳовлидаги болохонада ётиб дарс олардилар. Ҳар пайшанба кун ифторликларига кўпчилик қатнашишга интилар эди, чунки бу ерда бўладиган ажойиб мароқли суҳбат ва мажлисларда улуғ эътиқод, миллий қадриятларимиз, шон-шавкатли тарихимиз, диний масалалар юзасидан фикр ва шарҳлар айтилар эди. Кейинчалик бу суҳбатлар кенгайиб, жумладан, муборак рамазон ойи ифторликлари меҳмонга чақириладиган катта ҳовлиларда, дала боғларида ўтказиладиган бўлди. Бу кишининг иштирокидаги мажлис ва суҳбатларга катта илм соҳиблари, айрим шоир ва ёзувчилар, дин арбоблари, олимлар ва бошқа обрўйли кишилар жуда катта ҳурмат ва эҳтиром, ҳақиқий маънавиятга чанқоқлик билан қатнашар эдилар. Кундалик ҳаётимиздаги ўзгариш ва ҳодисаларга у киши катта қизиқиш ва халқ манфаати нуқтаи-назаридан қарар эдилар. Улар миллатимизнинг эрки, тинчлиги ва келажаги учун фойдали бўлса бутун вужуди билан хурсанд бўлиб, олқишлар эди. «Ҳуқуқлар ҳимоясининг энг кучлик қуроли ҳисобланган илм-ҳунар, маориф эшиклари ҳозирги кунда инсон олами юзига бутунлай очиқдур. Шу сабабдан тушунган Ватан ўғлон-қизларимиз замонавий ҳар илм-ҳунарни асоси билан яхши тушуниб, имконият борича билиб ўзлаштиришга бошқалардан ортиқроқ киришмоқлари лозимдур» деганларини биламан.
1976 йил февраль ойининг охирги кунлари, мен Ленинград шаҳрида хизмат сафарида эдим. Бобомларнинг аҳволи оғир эканлиги тўғрисида хабар келди. Тезда Тошкентга учдим. Самолётдан тушиб тўғри бобомларнинг Тахтапулдаги ҳовлисига йўл олдим. Қариндош-уруғ, яқинлар билан тўлган ҳовлига киришим билан отамнинг «Ўғлим, тезроқ кир, бобонг кетмоқда», деган нидосини эшитдим. Уйга киришим билан мусаффо сокинликда кўзлари юмуқ ётган бобомларга кўзим тушди. Атроф-ёнларида фарзандлари. Кўзларига термулиб отам ниҳоятда паст, мунгли товуш билан Қуръондан «Ёсин» сурасини тиловат қилиб турарди. Кўзларидаги ёш билан шошилинч ҳолатда менга сув тутиб, «Отамга сув томиз», дедилар. Йиғлаб туриб муборак лабларига докада секин сув тутдим. Оҳиста кўзларини очдилар. Отам бобомга тикилиб туриб, ниҳоятда паст овоз билан «Ўғлингиз Увайсхон етиб келди», дедилар.
Бобомнинг кўз қорачиқлари мен томонга ялт этиб ўгирилди. Бир «уф» тортдилар, муборак, хотиржам юзларига икки томчи ёш думалаб тушди. Кўзларини аста юмдилар ва шу заҳоти калимаи шаҳодат устида жон уздилар. Ҳаётларининг охирги сонияларида ул зотнинг олдида бўлиш ва муборак лабларига охирги сувни томизмоқ менга насиб этганидан Аллоҳга кўп шукроналар қиламан. Бу неъматни ҳаётлигида қилган улуғ дуоларининг ижобати, ул кишига бўлган чексиз муҳаббатимнинг бир белгиси деб биламан.
Ўзбекистоннинг ҳар жойидан ва Марказий Осиё республикаларидан етиб келишган кўп сонли кишилар билан бирга бутун Тошкент аҳли ул зотнинг тобутларини Тахтапул маҳалласидан елкаларида кўтариб, васиятига кўра Кўкча даҳасидаги сўнгги маскани бўлган Шайх Зайниддин бобо қабристонига обориб қўйди. У кишининг жанозасини васиятига биноан тақво биродарлари Темурхонтўра ўқишлари лозим эди. Аммо асрлар бўйи золимлар томонидан халқимиз қалбига сингдириб келинган қуллик асорати бўлмиш журъатсизлик оқибатида жанозани Кўкча жомеъ масжидида марҳум Шайх Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон муфти ҳазратлари ўқидилар.
Ҳазрат Имом ал-Бухорий наслига мансублигимиз билан ҳурматдамиз, Темур авлодидан эканлигимиз билан фахрланамиз, Алихонтўра Соғуний ватандошимиз бўлганлиги билан ғурурланамиз. Мана шундай буюк сиймолар шу Ватандан чиққанлиги учун, улар умуминсоний қадриятлар асосчилари ва тарғиботчилари бўлганликлари учун ва биз ҳам шу миллат аҳлидан эканлигимиз учун бу Ватанни севамиз! Уни миллий маданият, дин, ахлоқ гўзалликларининг мажмуаси бўлганлиги учун, ўзликни англаш ғурурини қалбларда уйғотгани учун яна ҳам кўпроқ севамиз! Ёш авлод шу муқаддас Ватанимизга, улуғ аждодларимизга муносиб бўлиб фикр юритмоғи, меҳнат қилмоғи ва ҳеч кимдан кам бўлмасликни мақсад қилиб келажакка интилмоғи керак! Шунда улуғ боболаримиз руҳлари шод ва Ватан келажагидан хотиржам бўлади.
Шундай экан «Ўзбекистон совет мустамлакачилиги даврида» деб номланган 700 бетлик янги тарих китобида 1960-1980 йилларда ўзбек халқининг мустабид совет тузумига қарши олиб борган курашига бағишлаб муҳтарам тарихчи олимларимиз жуда оз маълумот берганини қандай изоҳлаш мумкин! Бундан шу жаннатмакон Ватанни бизга мерос қолдирган улуғ аждодларимиз руҳлари изтироб чекиши, қолаверса мустақил Ўзбекистон тарихининг бу саҳифаларини ўқийдиган ёш авлодда ота-боболаримиз мустабид тузумга қарши етарлича курашмаган деган нотўғри фикр туғилмайдими?
Ахир, бу тузумдан норози бўлиб, унга қарши ҳаракат қилган бошқа шахслар ҳам бўлган.
Ўзбек миллатига мансуб эканмиз, унинг келажаги учун ҳаммамиз масъулмиз. Шу сабабли миллатимизнинг истиқбол томон ҳаракатида йўл кўрсаткич шамчироқларидан бўлган Алихонтўра Соғуний ҳақида жамиятимиз, биринчи навбатда, унинг онгли қисми зиёлиларимиз умумий, асосли бир фикрни билдирганларида нур устига аъло нур бўлур эди.
Асарда ёзилишича, отамлар бобомларни жаллодлар қўлидан тун қоронғусида қочирган эканлар ва ул зотнинг васиятига биноан тарих китобининг давомини ёзишга муяссар бўлдилар. Бизга бундай улуғ шарафли ишлар насиб қилмаган бўлса ҳам, бу китобни нашрга тайёрладим ва уни тўлалигача компьютерга киритдим. Ўз хотираларим, муаллиф ва асар тўғрисидаги айрим таассуротларим ҳақида ожиз фикримни бу ерда билдирдим.
Яна шуни айтишим керакки, муаллифнинг ўзи мазкур асарини қисм ёки бобларга бўлмаган. Асарни синчиклаб ўрганиш ва нашрга тайёрлаш жараёнида унинг мундарижасини бериш лозим деб, уни тахминан 13 қисмга бўлиб номладим. Асарда кўрсатилган курсив ажратмалар, тушунилиши қийин сўзлар, айрим шахс ва жой номлари учун изоҳлар ҳам биз томондан берилган. Китоб муқовасидаги манзара ҳам муаллифнинг асосий ғоясини ифодалайди. Ҳаётбахш Туронзаминда улуғ Туркистон эли қадим чинорининг кейинги бўғин миллатлари каллаклангани кўрсатилган. Бу заминга тахдид солиб булутли осмон тагида икки буюк давлат манфаатлари қоя бўлиб турибди. Уфқда озодлик қуёши тонг отмоқда. Унинг нурларида кесилган бўғинлар, албатта, кўкариб ўсишига улуғ ишонч рамзий билдирилган.
Бу китобни босмага тайёрлаш ва чиқаришда менга ёрдам берган, кўмаклашган кишиларга миннатдорчилик изҳор этишни ўзимнинг муқаддас бурчим деб биламан. Биринчидан, 6у китобдан парчалар тайёрлаб олдинроқ халқимизни у билан таништирган ва бобомиз илмий меросларини дунёга тинимсиз тарғибот қилувчи амакимиз Қутлуғхонтўранинг хизматлари каттадир. У кишига чуқур миннатдорчилик билдираман. Ҳозирги кунда бу китобнинг туркча таржимаси Туркияда у кишининг бошчилигида амалга оширилмокда. Иккинчидан, қариб қолган чоғларида ғайрат қилиб, бу асарни араб имлосидан кириллга ўтказган ва уни укамиз Абдуллахон, жиянимиз Маъруфхонлар билан биргаликда хатоларини тўғрилаб қайта босган акамиз Аҳадхонтўрага катта миннатдорчилик билдираман. У кишининг бу ташаббуси китобнинг тезроқ босилишига туртки бўлди. Ўғиллари қишлоқ хўжалик фанлари доктори Фурқатхон бобомизнинг бош эвараси бу китобнинг босилишига биринчи фидойилардан бўлди. Китобни чиқариш учун зарур бўлган барча молиявий масалаларда жонкуярлик билдириб, ёрдамини аямади. Жиянимнинг бу ҳиммати ва ғайрати учун унга кўп ташаккурлар айтаман.
Барча амакиларим, укаларим, жиянларим, ўғлим ва ўртоғи Саидумар отамиз бошлиқ бу ишнинг ҳар хил жараёнида ўз маслаҳат ва ёрдамларини кўрсатдилар. Уларга ва бу ерда номлари айтилмай қолган бошқа биродарларимизга ўз ташаккурларимни айтурман.
Алоҳида миннатдорчилигимни қўлёзмани кўриб чиқиб, тақриз ёзиб ўзларининг қимматли маслаҳатларини билдирган Ўзбекистон ФА Тарих институти директори, профессор Д.Алимовага, тарих фанлари доктори С.Аъзамхўжаевга, архитектура фанлари доктори П.Зоҳидовга ва Тарих институтининг етакчи илмий ходими, тарих фанлари номзоди Қ.Ражабовга билдираман.
Тарихимизнинг қоронғу йилларида Ватанимиз озодлиги, миллатимиз ҳақ-қуқуқи учун курашган бу улуғ зотнинг келажак авлод учун васият қилиб айтган ёлқинли сўзлари халқимизнинг ўзлигини англаши, Ватан туйғусининг шаклланиши, ғуруримизнинг тикланишига хизмат қилар деган умидда бу китобни чоп қилдирдим. Шу кичик бир хизматимиз халқимизга хушнуд тушса бобомиз васиятларини ва фарзандлик бурчимизни қисман бўлса ҳам бажардик ва у кишининг руҳларини шод этдик, деб умид қилган бўлур эдик.
Увайсхонтўра Алихонтўра Соғуний набираси.