ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ — 99
(давоми)
БАНИ МУРРА ВОҚЕАСИ
Яна шу йили Шаъбон ойида Башир ибн Саъдни ўттиз кишига бошлиқ қилиб, Фадак ноҳиясида Бани Мурра қабиласи устига юбордилар.
Бу ер эса, Хайбар томонида Мадинадан олти кунлик йироқликдаги бир жойдур.
Бу ерлик кишилар мол-чорваларини ўтловга қолдириб, ўзлари қишловга кетмиш эдилар. Шу чоғда саҳобалар келиб қарасалар, мол устида чўпонлардан бошқа кимарсани кўрмагач, бутунлай молларни ҳайдаб жўнайвердилар.
Бу ишдан мол эгаларига хабар етиб, орқаларидан қувлашиб, тун ярмиларида етишиб келди. Тонг отгунча бир-бирларига ўқ отишдилар. Тонг ёригандан сўнг душманлар қараса, ўзларидан улар бир неча баробар оз кўриндилар. Буни пайқаб қолиб, ҳар ёқдан ўраб ҳужум қилдилар.
Мусулмонларга урушдан қочиш ҳаром бўлганликдан, шунча қалин душманга берилмай, урушиб юриб барчалари шаҳид бўлдилар, разияллоҳу анҳум.
Ёлғиз Башир, аларнинг бошлиқлари, ярим жон бўлиб ўликлар ичида қолган эди. Жони бормикан деб оёқ ошиғига уриб қарасалар ҳеч қимирламагач, ўлган экан деб, уни ташлаб кетдилар. Душманлар кетгач, бир оз ҳушига келиб, шу ерда турган бир яҳудий уйига минг машаққат билан аранг етиб олди. Бу жойда икки-уч кун туриб, озгина яхшироқ бўлгач, Мадинага келди.
Расулуллоҳ бу мусибат хабарини илгариёқ англаган эдилар.