Президент Шавкат Мирзиëев 19 апрель кунги видеоселектор йиғилишидамамлакат валюта заҳираларининг номақбул импорт маҳсулотларига сарфланаëтганини кескин танқид қилиши ортидан Ўзбекистон банклари импорт келишувлари учун тўловларни бутунлай тўхтатиб қўйди.
“Банклар фалаж”
24 апрель куни Озодлик билан суҳбатда Ўзбекистондаги аксар тижорат банклари вакиллари¸ ўтган жума кундан жорий қилинган бу тақиқнинг амалда қолаëтганини билдирдилар.
“Бизга ўтган ҳафта шундай оғзаки буйруқ бўлди ва мана битта гап билан фалаж бўлиб ўтирибмиз. Мулкчилик шаклидан қатъи назар¸ шартнома шаклидан қатъи назар¸ тўловлар аниқ кўрсатма бўлгунгача¸ тўхтатилди. Мижозларга фақат кўрсаткич бармоғимиз билан тепани кўрсатиб¸ бизнинг бу тақиққа алоқамиз йўқлигини шама қилиб ўтирибмиз”¸ деди Озодлик билан суҳбатда тижорат банкларидан бири расмийси.
“Ҳозирча импорт шартномалар бўйича тўловларнинг қачон очилиши номаълум. Биз ҳам кутиб ўтирибмиз. Бизга тепадан шунақа дейишгани учун¸ тўхтатиб қўйдик. Бунақа тақиқнинг бирор банкка кераги йўқ¸ биз бундан манфаатдор эмасмизку!”¸ деди Миллий банк расмийси.
Ўзбекистондаги яна бир тижорат банки мутасаддиси¸ бундай тақиқни оғзаки жорий қилган идоралар¸ мижозларга кўрсатиш учун икки энлик ëзма буйруқ туширилишини ваъда қилгани¸ лекин 24 апрель куни ҳам бундай буйруқдан дарак йўқлигини билдирди.
“Яна ҳаммаси “салла деса¸ каллани ол” қабилида бўлаяпти. Президент 19 апрель куни импорт ҳажмининг асоссиз ошиб кетаëтгани¸ уларга мамлакат иқтисодини ривожлантириш учун сувдек зарур бўлган валюта маблағларининг самарасиз сарфланаëтганини кескин танқид қилди. Бу ниҳоятда ўринли танқид. Лекин у биринчи галда¸ асосан¸ давлат корхоналарига тегишли бўлди. Президент улар номларини бирма-бир санаб ҳам чиқди. Бу гапдан кейин мулк шаклидан қатъи назар¸ мамлакатдаги барча ташкилот¸ ширкат ва корхоналарнинг импорт молларига пул ўтказишини тақиқлашда мен ҳеч қандай мантиқ кўрмаяпман. Ким ўз маблағини мақсадсиз сарфлайди? Буни фақат давлат маблағига ишлайдиганлар қилади¸ холос”¸ деди Ўзбекистон банк тизими мутахассиси Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда.
“Давлат валюта заҳираларини барбод қилган беш-олтита давлат ëки унитар корхона¸ ëки назорати бўлмаган беш-олтита кимларнингдир имтиëзли корхонаси қилмишлари учун бутун бозор жавоб бераяпти”¸ деб таъкидлайди бундай ялпи тақиқни танқид қилган бу мутахассис.
Буйруқни ким берди?
Озодлик суҳбатлашган тижорий банк расмийлари¸ буйруқнинг оғзаки шаклда Марказий банк раҳбариятидан берилганини билдирган бўлса¸ Ўзбекистон молия тизимига алоқадор мулозимлардан бири¸ бу хабарни рад этишга уринди.
“Марказий банк ўзича беролмайди бунақа қарорни. 19 апрель кунги селектор йиғилишида энг тепадагилардан шундай гап айтилмаса¸ улар қилмайди бу ишни. Ҳозир импортга жавобгар янги комиссия иш бошлади¸ унга аввалги Молия вазири¸ сенатор Мамаризо Нурмуротов раис. Ана шу комиссия¸ президент берган топшириқни бажариш учун импортга қанча маблағ кетаëтганию¸ унинг айнан қайси маҳсулотларга сарфланаëтганини аудит қилишни бошлади. Бу буйруқ ана шулардан чиққан бўлиши ва тижорат банкларига МБдан еткизилган бўлиши мумкин. Лекин ҳозирча ҳеч кимнинг қўлида фалончидан дейилган ëзма буйруқ йўқ”¸ деди Ўзбекистон молия тизимига яқин мулозимларидан бири.
Айни пайтда¸ Uzmetronom Интернет газетаси Марказий банк бошқарувчиларини мамлакат банк тизимини битта буйруқ билан “коллапс” (қулатиш – таҳр.) қилганликда айблаб¸ бу ҳаракатни президент Шавкат Миризëев обрўсига берилган зарба сифатида талқин этди.
Тўловларнинг тўхтатилиши бозорда қандай акс этади?
Ўзбекистон банкларининг хориждан келадиган ҳар қандай маҳсулот учун пул ўтказишни тўхтатгани таъсири¸ Озодлик суҳбатлашган мутахассислар фикрича¸ унинг қанча давом этишига қараб¸ бозор¸ яъники оддий ўзбекистонликлар ҳаëтида ҳам акс этиши мумкин.
“Бу тақиқ 5-10 кун давом этса¸ унча қўрқинчли эмас¸ бозор доим ўз заҳираси билан яшайдику! Лекин бундан узоққа чўзилса¸ унда¸ албатта¸ бозорга ўз салбий таъсирини кўрсатади. Четдан хом ашë келмагандан кейин¸ ишлаб чиқариш тўхтайди. Янги товар келмагандан кейин¸ савдо тўхтайди. Одамларда савол ва норозилик кўпаяди. Соғлом ақл билан қаралса¸ бу жараëн узоқ давом этмаслиги керак. Лекин жараëнга оид аниқ информация ҳеч кимда йўқ. Тўловлар тўхтатилган муддат ичида нима қилишмоқчи – инвентаризация қилмоқчими¸ бунинг натижасида кимдир жазоланиши керакми¸бу қанча муддат давом этади¸ бу саволларга жавоб бўлувчи бирорта белги йўқ”¸ дейди Ўзбекистон тижорий банкларидан бирининг Озодлик суҳбатлашган мутахассиси.
Импорт ҳажмини асоссиз оширганларни жазоловчи комиссия иш бошлади
Ўзбекистон президенти 19 апрель кунги видеоселектор йиғилишида¸ 2016 йилда импорт ҳажмини¸ хусусан¸ ўз фаолиятига хос бўлмаган импорт маҳсулотлари олиб келишга маблағ сарфлашни кучайтирган “Ўзбекэнерго”, “Олмалиқ кон-металлургия комбинати”, “Ўзбекенгилсаноат”, “Ўзқурилишматериаллари” АЖ, “Навоий кон-металлургия комбинати” ДК, “Ўзпахтасаноатэкспорт” ХК, “Ўздонмаҳсулот” АК, “Ўзбекчармпойабзали” уюшмаси, “Ўзфармсаноат” ДАК корхоналарини қаттиқ танқид қилган эди.
Маҳаллий матбуот¸ қайд этилган компаниялар ва хўжалик бирлашмалари раҳбарлари импорт ҳажмининг ўсиши, валюта ресурсларини асоссиз импортга жалб қилгани учун уларга нисбатан қатъий жавобгарлик чоралари қўлланилиши, эгаллаб турган лавозимига лойиқ ёки нолойиқлиги тўғрисидаги масала кўриб чиқилиши ҳақида огоҳлантирилганини маълум қилди.
Импорт шартномалари бўйича тўловларнинг тўхтатилишига асос деб кўрилаëтган бундай танқид ортидан¸ Озодликка маълум бўлишича¸ президент фармойиши билан таъсис этилган янги комиссия улар фаолияти¸ хусусан¸ импорт товарлар учун берилган давлат маблағлари¸ солиқ ва бож имтиëзларидан қандай фойдаланганини тафтиш қилишга киришган.
Шавкат Мирзиëев 6 апрель куни қўй қўйган 4891-фармойишга кўра таъсис этилган махсус гуруҳ “Импорт бўйича келтириладиган товарлар (ишлар, хизматлар)нинг ҳажми ва таркибини танқидий таҳлил қилиш, импорт ўрнини босадиган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришни чуқурлаштириш бўйича комиссия” деб номланди. Унга 1998-99 йилларда Ўзбекистон Марказий банки раисининг 1-ўринбосари¸ 2000-2004 йилларда мамлакат Молия вазири¸ 2004-2006 йилларда Самарқанд вилояти ҳокими бўлиб ишлаган Мамаризо Нурмуротов раис этиб тайинланди.
Каримов даврида ҳокимиятдан четга сурилган Нурмуротов¸ 16 март куни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси қарори билан “Жиззах вилояти давлат ҳокимияти вакиллик органлари депутатларининг бўшаб қолган ўринга Олий Мажлис Сенати аъзоси сайлови бўйича қўшма мажлиси баённомасига асосан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати аъзоси этиб рўйхатга олинди”.
Манба: “Озодлик” радиоси