Машҳур сўз устаси Михаил Жванецкий АҚШ га қилган биринчи саёҳатидан кейин “мени Американинг автомобил йўллари ва бу йўллардан оқиб кетаётган мингларча юк машиналари ҳайратга солди”, деганди. Ўтган йили Америкага борганимда бу ҳақиқатга гувоҳ бўлдим: Бу ерда автомобиль йўллари ҳақиқатан ҳам кенг ва серқатнов эди. Америкада умумий автотранспорт ва темир йўлларидан фойдаланишдан кўра шахсий автомобилга эга бўлиш кенг йўлга қўйилган экан. Деярли ҳар бир оилада 2 (эр хотиннинг ҳар бирининг) ва ундан кўпроқ шахсий машина бор. Бу мамлакатда автомобил ҳайдаш учун гувоҳнома олиш ҳам жуда осондир. Масалан, Норвегияда ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш деярли универститет дипломини олиш каби қийин, жиддий ва қимматли ишдир. Энг камида уч тўрт минг доллар (йигирма мингга яқин Норвегия крони) пулни назарий ва амалий дарсларга сарфлаш лозим. Америкада эса кўпи билан 100 доллар сарфлаб гувоҳномага эга бўлиш мумкинлигини айтишди…
Америкада яшайдиганлар бу мамлакатнинг меҳнат мамлакати эканлигини яхши билишади. Яна ишламаган одам бу ерда ҳақиқатдан ҳам тишламайди. Масалан, Норвегияга келган чет элликлар айниқса, қочоқ мақомини қўлга киритган бўлса, 5 ва ҳатто ўн йилгача давлат қаромоғидан фойдаланиши мумкин. Қолаверса, Норвегияда иш топиш ҳам осон эмас. Аммо Америкда иш ва уй топиш унчалик ҳам қийин эмас, айниқса яхши маълумоти, бунинг устига уддабурон бўлган кишининг омади чопади бу давлатда..
АҚШда иқтисодий имкониятларнинг катта бўлиши ҳозирги кунда мамлакатнинг дунёда йирик империя эканлиги учундир. АҚШ аҳолиси дунёнинг 5 фойизини ташкил қилишига қарамасдан, бу давлат дунё нефт маҳсулотларининг деярли ярмини ишлатади. Бу маънода американи дунё моддий имкониятлари истеъмол бозорининг “бобоси” ҳам дейиш мумкин. Давлатнинг йиллик бюджети 14 триллион долларни, йиллик ҳарбий ҳаражатлар эса ярим триллион доллардан кўпроқни ташкил қилади. Америка бундай “муваффақиятга” Ўрта Шарқ ўлкаларини бевосита бошқаргани ва Оврупо Иттифоқи билан яқин муносабатларни йўлга қўйиш билан киритгани маълумдир. Иккинчи жаҳон урушидан кейин амалга оширилган “Маршалл” плани американи анча семиртиргани ҳам маълум.
Ҳақиқатан ҳам АҚШ семизлар ўлкасидир. Бу давлатда деярли 60 миллион кишининг “семизлик” касалига мубтало бўлганлиги тахмин қилинади. Барча оммавий транспорт воситаларида “семизлар” учун махсус жойлар ажратилган. Шунингдек, АҚШ дунёда бесоқолбозлик (гемосексуализм) бўйича ҳам чемпиондир…
АҚШ нафақат моддий кучи билан дунёни бошқаришга уринмоқда. Дунё бошқарувига номигагина толиб бўлган БМТ ташкилоти ҳам АҚШ жойлашган. Ва табийки бу ташкилотда аввало АҚШ ва ҳамтовқоларининг (ғарб давлатларининг) айтганлари ўтади. АҚШ дунёни бошқариш учун дунёнинг турли бурчакларида юзларча ҳарбий базаларга ва ҳарбий кемаларга, шу жумладан уруш учоқларини таший оладиган кемаларга ҳам эга.
АҚШ дунёда биринчи марта ядро қуролини ишга солиш (1945 йил Японияда) билан инсониятнинг “қора юзига” айланган давлат ҳамдир. Яқин тарихда Веътнам, Ироқ ва Афғонистонда уруш олиб бориб миллионча инсонларнинг қатлига сабаб бўлган давлат ҳам ушбу АҚШдир. Ироқдаги урушдан мақсад Саддам Ҳусайн режимини йиқитиб, унинг ўрнига шиалар бошқаларидан бир режимни ўрнатиш эди. АҚШни бу урушда ўз мақсадига етган дейиш мумкин. Аммо Афғонистондаги урушда АҚШ ўз мақсадига ета олмади. Ўн йилдан кўпроқ давом этган урушда юз мингларча афғон фуқаросини ўлдирган ва мингларча аскарларидан ажралган АҚШ Афғонистонда ўзи истаган режимни қура олмади. У Президент қилиб тайинлаган мунофиқ Қарзай ҳам 2014 йилда ўз хўжайинлари билан АҚШ йўлини тутиши бугунги кунга келиб маълум бўлиб қолди. (Ўз мамлакатига бостириб келганлар билан ҳамкорлик қилиш мунофиқликнинг энг жирканч кўринишидир. Иккинчи жаҳон урушида Гитлер босқинчилари билан ҳамкорлик қилган Норвегиянинг Бош Вазири хоин сифатида қатл қилинганди).
АҚШга оид энг муҳим масалалардан бири бу давлатнинг умумий қарзи масаласидир. Яъни, америкадаги имкониятлар аслида йўқ имкониятлар устига қурилгандир. АҚШ қарз масаласини ҳал қилиш учун дунёда босқинчилик сиёсати олиб боришга мажбурдир. Аммо дунёнинг америкаликлар истайдими, йўқми, ўзгариб бораётгани ҳам бир ҳақиқат ҳисобланади. Бу ерда Хитойнинг “супердавлат” сифатида дунё майдонида тобора кучи ошиб бораётганини ва Ўрта Шарқнинг қийинчилик билан бўлсада, американинг назоратидан (контролидан) узоқлашаётганини айтишимиз мумкин. Шунингдек озодлик ва демократияни шиор қилиб олган АҚШнинг дунёнинг турли бурчакларида ўз халқларини қон йиғлатаётган диктаторлар билан “оғиз бурун” ўпишиши ҳам ҳеч кимга сир эмас. Худди Ўзбекистон диктатори Каримов билан апоқ чапоқ бўлгани каби.
20 асрнинг 60 йилларигача АҚШ апартеид (ирқчи) мамлакат эди. Яъни, қора танли инсонлар бу ерда одам ўрнида кўрилмасди. Сўнгги 50 йилда америка бу айбдан қутулди. Масалан, Ислом дини бу муаммони бундан 14 аср ҳал қилганди. Бу муаммо ҳал қилингани боис бугун АҚШда оқ танлилилар қатори қора танлилар ҳам барча сиёсий, ҳуқуқий ва ижтимоий эркинликларга эга бўлдилар. Фақат капитализм даҳшати инсонлар терисининг рангига қарамасдан дунёнинг турли жойларида одамийликни орқа планга отгани ҳам бир ҳақиқатдир. Шунинг учун америкаликаларнинг асосий қисми худди бошқа ғарб давлатларида бўлгани каби худбинлик касалига мубтало бўлгандир.
Кеча АҚШда президентлик сайловлари бўлиб ўтди. Сайловда халқ президентни сайлагандай бўлиб кўринсада, аслида АҚШнинг “каттасини” штатлардаги “танланган сайловчилар” ҳал қилишди. Мен АҚШ сайлов тизимининг тафсилотларига тўхталмоқчи эмасман. Чунки масала бу сайловлардаги ўзига хос кўзбўямачиликда эмас, масала АҚШда ким Президент бўлишидан қатъий назар бу мамлакатнинг сиёсатида туб ўзгаришлар бўлмаслигидадир. Барак Ҳусайн Обама ва Митт Ромни орасида асосан фарқ йўқ. Нисбий фарқлар албатта бўлиши мумкин: Масалан, Обама сайловолди компаниясида давлатнинг ҳарбий ҳаражатларини қисқартиришни ва ўзи бошлаган соғлиқни сақлаш соҳасидаги ислоҳотларни давом эттиришни ваъда қилганди. Ромни эса ҳарбий ҳаражатларни ортиришни, соғлиқ соҳасидаги ислоҳотларни бекор қилишни айтганди. Бу ўзига хос сайловларда Обаманинг ютуғи унинг оддий америкаликларга яқинроқ бўлиши билан ҳам изоҳлаш мумкин. Ромни эса американинг катти бойидир, шунинг учун у ҳам ғалаба қила олмаган бўлиши мумкин.
АҚШда Президент бўлиб сайланган киши иккинчи марта яна президенликка сайланишни режалаштиради. Шунинг учун ҳам Презиентликка сайланган сиёсатчи биринчи марта Президент бўлгандан кейин эҳтиёткорлик билан сиёсат олиб боради. Чунки Президентликнинг илк босқичидаги эҳтиётсизлик унинг иккинчи марта Президент бўлиб сайланишига тўсиқ бўлиши мумкин. Аммо Барак Обамани бу маънода жасур Президент дейиш ҳам мумкин. Масалан, ички сиёсатда соғлик соҳасида ислоҳот бошлаши, ҳарбий харажатларнинг қисқартирилиши, ташқи сиёсатда Ироқ ва Афғонистон урушига барҳар беришга уринишлар Обаманинг Президент сифатида отган жиддий қадамлари ҳисобланади. Шуниндек, Ислом дунёсидаги ўзгаришларга нисбатан лоқайд туриши ва ҳатто Мисрдаги ва Туркиядаги исломий илдизли ҳукуматлар билан муросавий сиёсат олиб боришини ҳам ўзига хос жасурлик, дейиш мумкин. Аслида АҚШнинг манфаатларига унчалик ҳам тўғри келмайдиган бундай сиёсат қандай изоҳланади? Буни Барак Обаманинг шахсий қарашлари билан ҳам, дунё иқтисодий бўҳронининг АҚШ иқтисодига ва дунёдаги кучига ниҳоятда катта таъсир қилгани билан изоҳлаш мумкин.
Аммо юқорида таъкидлаганимиздек, ким Президент бўлишидан қатъий назар АҚШнинг ички ва ташқи сиёсатида тубдан ўзгаришларни кутиб бўлмайди. Бошқа ҳақиқат эса, Хитойнинг дунёда кучини ортириб боришининг натижаларига ва Ўрта Шарқнинг қулликдан қутилишига алоқадардир…
Намоз Нормўмин, 6 ноябрь 2012 йил.