Бир йилга яқин Тошкент ҳокимсиз эди. Яъни, Ўзбекистон пойтахти бир йил бошқарувчисиз қолиб кетди. Нимага?
Ўзбекистонда ҳозир бу саволни берадиган ҳам, унга жавоб топа оладиган одам ҳам йўқ, десак хато бўлмайди. Чунки ватанимизда ижтимоий-сиёсий ҳаёт турғунликка дучор қилинган. Бошқача айтадиган бўлсак, Тошкентда дарахтларнинг япроқлари ҳам қимирламай қолганига мана йигирма йил бўлди. Пойтахтимиз кимсасиз, совуқ, худди бир ёш ёзувчи дўстимиз таърифлагани каби тобут ўхшаш шаҳарга айлантирилди мустақиллик йилларида …
Пойтахт матбуо т маркази аммо бу ерда нашр қилинадиган газета ва журналларни ҳеч ким ўқимайди. Ўзбекистоннинг марказий телевидение ва радио каналларининг маркази пойтахтда жойлашган. Аммо уларда жонли кўрсатувлар йўқ, фақат мотам руҳидаги қўшиқлар, масхарабозликни тарғиб қиладиган кўрсатувлар ва телесериаллар қўйилади…
Пойтахт ижод маркази бўлиши керак эди. Ўзбекистонда ижод ҳам, ижод аҳли ҳам ўлдирилганига йиллар бўлди. Бир қотил ва ғаддор одам пойтахтни шу куйга солди…
Тошкент талабаларнинг боғчаси эди бир замонлар. Талабалар талабалар шаҳарчасида қуш каби учишарди у замонлар. Энди уларнинг ҳам қаноти кесилган. Илм йўққа чиқарилган жойда, талабага ким ҳам эътибор қаратар эди? Олимлар йўлини йўқотганда, тўғрироғи улар илм билан шуғулланиш ўрнига, порахўрлик билан шуғулланганларида бечора талабанинг ҳолини ким ҳам сўрар эди?. Эссиз ёшлик, эссиз мингларча, миллионларча ёш умр… Ҳаммаси бир золимнинг қурбони бўлди.
Бугунги Тошкентда тириклик нишонаси бор жойлар мардикор бозори ва ошхоналардир. Руҳан ўлган инсонлар бу ерларга жисмонан ҳам ўлмаслик учун келадилар. Начора, инсон инсондир. Ҳеч қурмаса еб-ичиши керак-ку, ахир…
Тошкент кўчалари диктатор Каримовнинг миршаблари билан тўлиб тошган. Улар бирор тирик одам кўриб қолсалар, дарров уни уни аввал руҳан, сўнгра жисмонан йўқ қилишга киришадилар…
Мана шу Тошкентга янги ҳоким тайинланди куни кеча. Нима аҳамияти бор унинг кимлигининг? Балки Аҳмаддир, балки Тошматдир… Янги тайинланган ҳоким ўлик пойтахтни тирилтира олмагандан кейин унинг эскисидан нима фарқи бўларди?. Зеро, унинг ўзи ҳам жонсиз, мадорсиз ҳоким. Бир-икки йилдан кейин Каримовнинг пишт, дейиши билан қаёққадир ғойиб бўлади. Чунки уни халқ сайламади. Пойтахт халқининг хабари ҳам бўлмади Тошкентга янги ҳоким сайланганидан. Ёлғончи Президент ҳоким сайлаш маросимига келиб, яна катта-катта ёлғон сўзларни айтди. Ҳеч ким унга жавоб бермади. Балки Ислом Каримовнинг сафсаталарини тинлаганлардан бир неча киши бу ёлғонларинг билан ўлиб кет, дея пичирлагандир. Аммо бу пичирлашлар лаганбордорларнинг қарсаклари шовқини остида қолиб кетди…
Қандай кунларга қолдинг Тошкент? Сенинг бахтинг яна бир марта очилармикин?
Фурқатбек Адҳам