Ўзбеклар сохталик ва риёкорлик билан бажарилган ишлар ҳақида бачкана иш, дейдилар…Яна ўзбеклар ёмон ва сифатсиз ишлар ҳақида чакана бўлибди, дейдилар…
Кеча хорижий радиолардан бири диктатор Каримовнинг эркатойи Гулнора Каримованинг минг келин –куёвнинг никоҳ тўйининг ва яна минг суннат тўйининг ҳомийлигини ўз зиммасига олгани ҳақида хабар тарқатди.
Шу қадар ҳам бачкана бўладими инсон! Бу ишни чакана бўпти, дейиш ҳам уни мақташ бўларди аслида…
Гулнора Каримова ким ўзи? У Ўзбекистонда ноқонуний йўл билан Президентлик тахтини эгаллаб ўтирган диктаторнинг қизидир. Отаси ноқонуний Президент бўлгани етмагандай, Гулноранинг ўзи ҳам ўзбек халқи ҳалол меҳнат билан топган пуллардан 1 миллиард долларни ўғирлаган ўғри аёлдир. Мана шу ўғри аёл энди “саховат” кўрсатиб, отасининг иқтисодий жиноятлари (диктатор Каримовнинг жиноятлари фақат иқтисод соҳасига оид эмас) туфайли хонавайрон бўлган ўзбекларнинг тўйларини ўтказиб берар эмиш! Аблаҳлик бўлса шу даражада бўладида…
Ислом Каримовнинг диктаторлиги Ўзбекистонда ҳам, хорижда ҳам тан олинган ҳақиқатдир. Худди Гулнора Каримованинг ўғрилигини бутун ўзбек халқи билгани ва бутун Ўзбекистонликлар ундан нафрат қилгани каби…
Бу ота –қиз жиноятчилар ўзбек халқига шунчалик бегонаки, улар азани тўй, тўйни эса аза, деб биладилар. Бундай дейишимизга сабаб, диктатор Каримовнинг зулми туфайли Ўзбекистон халқи ичида ўн минглаб оилаларнинг азадор бўлганидир. Бу оилалардан баъзиларида оталар, баъзиларида эса фарзандлар Каримов режим тарафидан ўлдирилган, қамоққа ташланиб, қийноққа солинган, ногирон қилинган ва юртни ташлаб, дунёда дарбадар бўлган. Ўн мингларча кишини бу шаклда азадор қилган Каримов ва қизи қайси юз билан ўзбекларга тўй ўтказиб бермоқчи экан? Агар Ўзбекистонда эркинлик ва адолат устун бўлганда, иқтисодий соҳа гуллаши ва бировнинг бировга тўй ўтказиб беришига эҳтиёж қолмаслиги ўз – ўзидан маълум – ку!
Ўзбекистонда ҳақиқий тўй эса яқинда Ислом Каримов ва унинг эркатой қизлариринг ўзбек халқининг елкасидан тушишлари (ёки туширилишлари) билан бўлиб ўтади. Бу умуммиллий тўйга жуда оз вақт қолганидан зарра қадар шубҳамиз йўқ…
Фарҳодбек
7 март 2012 йил