(Суратда: Баҳоуддин Нақшбанд мақбараси)
Баҳоуддин Нақшбанднинг таркидунёчилик қилмай, демакки, бу дунё ишларидан очиқ-ошкор қўл силтамай туриб ҳам Аллоҳга етиш мумкинлиги ҳақидаги ғояси мусулмон оламида тасаввуфнинг, тўғрироғи, Аллоҳга қурбат ҳосил қилиш қобилиятининг жуда кенг аҳоли қатламлари ичига кириб боришини таъминлаган асосий омил бўлди.
Аллоҳга яқинлик эса икки дунё саодатига элтувчи йўлдир.
Тарих китобларида ёзилишича, Нақшбанд Ҳазратлари деҳқончилик касбини бир умр ташламаганлар. Ўзининг унча катта бўлмаган ерига буғдой ва мош экиб, шунинг ҳосили ҳисобидан тирикчилик ўтказган.
Уйларида бойлик сақламаган. Турмушда ҳам ўта хоксор, борига қаноат қилиб яшар, доимо шукр айтувчи кимса бўлиб, қишин-ёзин қамиш бўйра устида ухларди. Уйларида ҳеч қачон хизматкор ишлатмас эди. У зотнинг турмуши ўз хоҳишлари билан йўқсиллик ва фақирликда кечган.
Бойлик ва мартаба дунёга ҳавас пайдо қилиб, нафснинг ғалаба қилишига сабаб бўлади, деган ақидани маҳкам ушлаганлар. Доимо “Дил ба ёру даст бакор”, яъни “Кўнгил худода, қўл ишда бўлсин” деган шиорга амал қилиб яшаган.
У, дунёдан қўл силкимай туриб ҳам, худо деб яшаш мумкин, дея тарғиб қиларди.
Ул зот тушунтирар эдики, сенинг кўринишинг, қилаётган касби-коринг, яшаш тарзинг – бари-бариси аҳамиятсиз, ўткинчи. Чунки кўриниш ҳам, касб-кор ҳам, ҳаёт тарзи ҳам ўзгариши мумкин, фақат қалб ҳеч қачон ўзгармай қолади. Чунки қалбнинг илк ҳаракатга келиши Аллоҳ тарафидан киритилган руҳ туфайлидир. Шу боисдан қалбнинг доимий худо ёди билан яшашига эришишнинг ўзи кифоя.
Қалбнинг ҳар лаҳза, ҳар он худо деб туриши (зикр айтиши) Аллоҳга қурбат ҳосил қилишнинг ягона йўлидир.
Жаҳрий зикрдан воз кечиб, хафий зикр айтиш эса айни шунга имкон яратар эди. Чунки хафий зикр қилмоқ учун махсус шароит талаб этилмасди. Уйда ҳам, далада ҳам, сафарда ҳам, анжумандаги суҳбатлар чоғида ҳам қалбан зикр айтишда давом этиш мумкин эди.
Зикр эса Ҳаққа элтади.
Ҳақни билган, таниган одамнинг кўнгли равшан бўлади.
Ҳақни таниган одамнинг яшаши осон.
Ҳақни таниган одамнинг ўлиши осон.
Ҳақни таниган одам яшашдан қўрқмайди.
Чунки яшаш бу – тобора кирлик, ифлослик ботқоғига ботиш эмас.
Чунки яшаш бу – тозариш учун берилган имконият.
Чунки яшаш бу – яхшилик қилиш учун берилган ҳуқуқ.
Ҳақни таниган одам ўлимдан қўрқмайди.
Чунки ўлиш бу – йитиш, йўқ бўлиб кетиш эмас.
Ўлиш, бу – янги, боқий ҳаётнинг бошланиши.
Боқийнинг олдида фонийнинг қадри тупроқча ҳам кўрилмайди…
Ҳаёт ва ўлимнинг ораси бир қадам деганда шуларни тушуниш даркор.
Манба: www.facebook.com