O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Бегижон Аҳмедов: САЙЁҲ (4)

Бегижон Аҳмедов: САЙЁҲ (4)
177 views
10 November 2019 - 14:19

(боши)

(воқеий қисса)

Реал воқеаларга асосланган ушбу қиссада Ўрта Осиёдаги давлатлардан бирида истиқомат қилувчи тадбиркор олим кишининг бошидан кечирган саргузаштлари баён қилинади. Асар қаҳрамони атрофидаги иккиюзламачи одамларни тарк этиб, соғлигини тиклаш, ўзлигини ва Худони англаш, зиддиятларга тўлиб кетган қалби билан танҳоликда суҳбатлашиш мақсадида олти ой давомида ёлғиз Помир-Олай тоғ тизмаларида айиқ ва бошқа маҳлуқотлар қуршовида яшайди. Экстремал тоғ шароити, йиртқич ҳайвонлар, радикал жиҳодчилар ва ҳатто жинлар асирлигидан омон чиққан Сайёҳ бу сафардан иймони сайқалланиб, жисмонан ёшариб, руҳан покланиб қайтади.

Ушбу фалсафий асарда кўтарилган оламшумул муаммолар, одамларнинг пул топишга ҳуруж қўйиб, маънавий инқирознинг кучайиб бораётгани, айрим мусулмонларнинг ўз дини аҳкомларини нотўғри тушунишлари натижасида жаҳон миқёсида исломофобиянинг авж олишига қисман сабабчи бўлаётганлари, ҳамда вужудга келган маънавий бўҳрондан чиқиш йўллари ҳақидаги фикр ва мулоҳазалар ўқувчини теран фикрлашга чорлайди. Кенг китобхонлар оммасига мўжалланган.

Аллоҳнинг чексиз карами билан 92 ёшни қаршилаётган меҳрибон онажоним Ҳайрихон ҳожи аяга таъзим билан бағишлайман.

***

4-БОБ

Гўзаллик уни томоша қилаётган одамдан кўра,
унга ҳиссиёт билан интилаётганнинг юрагида кучлироқ нур сочади.

Халил Жиброн.

Субудай дарасида қуёш уфққа бош қўйгач, унинг ўрнини каттакон ой эгаллаб, макон узра ҳукмронликни ўз қўлига олди. Тонгга қадар ой ўз нурлари билан дарани майин ёритиб, у ерда рўй бераётган воқеаларни юқоридан туриб кузата бошлади. Ўрта Осиёдан тортиб Ўрта ер денгизигача бўлган мамлакатларни ва диёрларни босиб олган Чингизхон, Угедей ва Ботухонларнинг моҳир лашкарбошиси Субудай ботирнинг номи билан аталган тоғли дарада тунги ой шуъласида ёлғиз одам юқорига қараб илдам қадам босиб кетмоқда. Унинг иқболига ҳаво очиқ, ўн беш кунлик тўлин ой атрофга нур сочар эди. Уч чақиримча йўл юргач, елкасидаги каттакон юк халтанинг оғирлигидан йўловчининг нафас олиши қийинлашиб, дам олиш учун тўхтади. Юкларини ерга қўйиши билан шундай енгиллик ҳис қилдики, қаноти бўлса шу онда парвоз қилишга тайёр эди.
– Салом, тоғл-а-а-р! Салом, таби-а-а-т! Салом, юлдузл-а-ар! – овозининг борича бақирди Сайёҳ.
-…Юлдузл-а-а-а- р, … л-а-а-а- р, …ар-арр-аррр! – акс-садо берди қоялар.
– Мен қайтиб келди-и-и-м!
– …Д-и-м-м-м, …и-м-м-м, …м-мм-мм! – жавоб қилди акс-садо.

Тунги жимликни бузган бу саломлашишдан чор-атрофдаги какликлар чўчиб, “пирр” этиб учиб кетишди. Дарахтларнинг танасини ўйиб, ўзига ин қуриб олган тебса-тебранмас бойўғли ҳам ширин мудроғини бузган кимсадан норози бўлиб таҳликали “ҳув-ҳув”лашга киришди. Бир онга жимиб қолган чигирткалар эса бир дақиқа ўтар-ўтмас, яна чириллаб, ўз куйларини чала бошлашди. Бутун атрофни қоплаган ўт-ўланлар орасидан судралиб юрувчи, арқонсимон бир жонзот “Г” ҳарфига ўхшаб бошини кўтарди. Ўнгу чапга олазарак бўлиб қараркан, тез-тез тилини ташқарига чиқариб қўярди. У гердайиб тургани билан ичида қўрқинч жўш урар, ўткир кўзлари шошиб хатар манбасини изламоқда эди. Дарахт остидаги одамни пайқаши билан жонивор худди ели чиқарилган пуфакдай бирдан ерга шалпайиб тушди. Омон қолиш илинжида “вишиллаб”, ўз ини томон шиддат билан судралиб кетди…

Бу катта ҳудуддаги табиий мувозанат биргина одамнинг келиши билан бузилгандай эди. Аслида эса бу ғайриоддий инсон фарзанди бу жойларга маскан мувозанатини бузгани эмас, ўз қалбининг мувозанатини ростлаш учун келган эди…

Олис-олислардан бўриларнинг чўзиқ увиллаши эшитилар, уларнинг ойга қараб нималар деяётгани ҳеч кимни қизиқтирмас эди. Нафасини ростлаб, бир оз тин олган тунги йўловчи бўриларнинг ваҳимали овози таралаётган томонга қараб юрди.

Бегижон Аҳмедов
(Давоми бор)